Давра суҳбатида айтилган муаммо дархол амалий ҳал этиладиган бўлди — Янгиликлар — Миллий тикланиш

Ўзбекистон Миллий тикланиш демократик партияси

Партия логотипи Партия логотипи

Давра суҳбатида айтилган муаммо дархол амалий ҳал этиладиган бўлди

ЎзМТДП Қашқадарё вилоят кенгаши томонидан Мурожаатнома мазмун-моҳиятини тарғиб этиш мақсадида давра суҳбати ўтказилди.

Унда Қарши шаҳридаги Пахтазор ва Пахтазор-1 маҳаллалари фаоллари, аҳоли вакиллари ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этдилар

Давра суҳбатида дастлаб Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Фарҳод Зайниев, Халқ депутатлари Қашқадарё вилояти ва Қарши шаҳар Кенгашлари депутатлари Юлдуз Эргашева, Латиф Расулов ҳамда Фуқаролик жамиятини ривожлантириш маркази Қашқадарё вилоят бўлими раҳбари Даврон Кесимов мамлакатимизда амалга оширилаётган ўзгаришлар, олиб борилаётган ислоҳотлар, муҳим ижтимоий-сиёсий воқеалар, қонунчилигимиздаги янгиликлар, Президентимизнинг Олий Мажлисга галдаги Мурожаатномаси бўйича фикр-мулоҳазаларини билдиришди.

Жумладан, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Фарҳод Зайниев иштирокчиларга Мурожаатномадаги мамлакатимизни яқин истиқболда ривожлантиришга доир стратегик йўналишлар бўйича ўз нуқтаи назарини баён қилар экан, олдинда рақамли иқтисодиётдан тортиб, ҳар бир оилани уй-жой билан таъминлашгача бўлган масалаларнинг кўтарилгани, халқ қайғуси, фуқаро манфаати бирламчи вазифа қилиб қўйилгани, ёшлар таълим-тарбияси борасида катта ишлар амалга оширилиши ҳақида тўхталиб ўтди.

Очиқ мулоқот тарзида ташкил этилган учрашувда депутатлар халқ дардига ҳам қулоқ солди.

Маълум бўлишича, Пахтазор ва Пахтазор-1 маҳалла фуқаролар йиғинларининг ўз биноси бўлмаганлиги боис, ижарада фаолият юритишади. Хоналарнинг камлиги, жой торлиги турли ноқулайликларни келтириб чиқармоқда. Маҳалла кексалари эса маҳалла гузари бўлишини, унда нуронийлар йиғилиб, тўй-маъракалар, бошқа тадбирларни маслаҳатлашадиган жой бўлишини хоҳлашади. Болалар учун ўйин майдончаларнинг йўқлиги эса оналарни ташвишлантиради.

Айни қиш фасли эмасми, кўпчилик аҳоли иситиш тизимида ҳам муаммолар борлигини айтишди. Шунингдек, учрашувда тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ масалалар, ширкатлар фаолиятидаги камчиликлар, шу билан бирга ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари юзасидан таклиф ва мулоҳазалар муҳокама этилди.

Қувонарлиси, депутатларимиз “Бугунги ишни эртага қўйма” нақлига амал қилган ҳолда шу куннинг ўзида сайловчиларни қийнаётган муаммоларни ҳал этишга киришди.

Айтиш жоизки, бундай юзма-юз мулоқотларнинг ўтказилиши сайловчиларнинг онги ва тафаккури юксалиб бораётганини, эндиликда уларни юзаки қарашлар билан чалғитиб бўлмаслигини кўрсатмоқда. Бу эса депутатларнинг сайловчилар олдидаги масъулиятини янада ошириши баробарида уларнинг қуйи палатадаги фаолиятини такомиллаштириш лозимлигини ҳам англатади.

Сожида АЛЛАЁРОВА,
ЎзМТДП Қашқадарё вилоят кенгаши
етакчи мутахассиси