Дастшўй ва офтоба ҳақида нималарни биласиз? — Янгиликлар — Миллий тикланиш

Ўзбекистон Миллий тикланиш демократик партияси

Партия логотипи Партия логотипи

Дастшўй ва офтоба ҳақида нималарни биласиз?

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Дастурида аждодларимиз маънавий мероси ҳамда эътироф этилган умуминсоний қадриятлар негизида миллий тарбияни юксалтириш ва тарғиб этиш аосий вазифалардан бири сифатида белгиланган.

Маълумки, халқимизнинг узоқ тарихга бориб қадаладиган урф-одатлари, анъаналари ва қадриятлари борки, улар минг асрлар ўтса-да ҳаётий қадри қимматини йўқотмайди, замонлар ўзгарса-да инсонлар ҳаётидан узоқлашмайди. Балки, қадри янада баланд бўлиб, миллий маданиятимизни ва маънавиятимизни нечоғлик юксак эканлигидан далолат бериб туради.

Навоий вилояти тарихи ва маданияти давлат музейида сақланаётган дастшуй ва офтоба ана шундай инсон саломатлигини асрашга ва шахсий – гигиена талабларига риоя этишга қаратилган тарихий буюмлардир.

Қадим-қадимдан Марказий Осиё ҳудудида яшовчи ҳалқлар сув тақчиллигига ва маиший муаммоларга қарамасдан сувни нафақат ҳаёт манбаи, балки инсон саломатлиги манбаи, деб ҳам қараб, ундан турмуш тарзимизда оқилона фойдаланиб келишган.

Шу боис, XX асрнинг 70-80 йилларигача ҳар бир хонодонда ҳар бир юмушдан кейин қўл ва юзни ювадиган дастшўйлар ва офтобалар бўлган. Айрим ҳудудларда ҳозир ҳам бу яхши анъана давом этиб, хусусан қозоқ, қорақалпоқ оилаларида бу буюмлардан доимо фойдаланиб келинмоқда. Яқин ўтмишда ҳам хонадонга келган ҳар қандай киши қўлини кўчадан кираётганда ва дастурхон атрофига ўтираётганда, дасшўй билан бирга офтобада сув келтирилиб қўллари ювилган ҳамда сочиқлар тутиб самимий мулозамат кўрсатилган.

Бир қарашда бу шунчаки “урф-одатларимизнинг биридир” деб қаралсада, аслида, минг-минг йиллардан буён ҳаёт тарзимизни ўзида мужассам этган гўзал маънавий бойликларимизнинг биридир. Шу сабаб ҳам кўчага чиққанимизда, уйга кирганимизда ҳар қандай юмушни бажарганимизда, айниқса, яқинларимиз билан саломлашганимизда, қўлимизни тез-тез ювиб туриш саломатлигимиз гарови ҳисобланади.

Қуйида дастшўй ва офтоба ҳақида қисқача тўхталиб ўтамиз.

Дастшўй – қўлларни ювишда ишлатиладиган уй-рўзғор буюми бўлиб, республикамизнинг турли жойларида, хусусан Қўқон, Самарқанд, Қашқадарё, Навоий ва Сурхондарёда “dastsho‘y”, Андижон, Фарғона ва Наманганда “chilobin” деб аталади. “Dastsho‘y” сўзи форс-тожик тилидан олинган бўлиб, даст – “qo‘l”, шўй – “yuvmoq”, “yuvaman” деган маънони англатади.

Дастшўйлар уч хил бўлади: думалоқ, ясси ва баъзан кунгирали бўлади. Дастшўйлар қадимда обдаста (обтоба) билан бирга қўшиб ишлатилган.

Офтоба – мисгарлар томонидан ясалган халқ амалий санъати намуналаридан бири бўлиб, уй-рўзғор буюми сифатида асосан юз-қўлни ювишда ишлатилган.

Нафис нақшлар билан безатилган кичик ҳажмли офтобалар хонлигу-бекликлар даврида уй, хона токчаларига безак (ҳунармандчилик асари) сифатида ҳам қўйилган.

Дастлабки офтобалар сополдан, мисдан ва темирдан ишланган бўлиб, кейинчалик чўяндан тайёрланган. Офтобалардан кўпинча, фаслларга қараб фойдаланилган. Яъни баҳор, ёз, куз ойларида сополдан ишланган офтобалар ишлатилган бўлса, қишда мисдан, чўяндан ясалган офтобалар кенг фойдаланилган. Чунки сув илиқ туриши учун сандал ёнига ёки печлар устига қўйиш учун мисдан тайёрланган офтобалар қулай бўлган. Офтоба Самарқанд ва Бухорода “obdasta”, Андижон ва Наманганда “obtoba”, Қашқадарёда “ibriq” деб аталган.

Зарафшон воҳасида ҳам бу буюм офтоба деб юритилади.

Барчамизга маълумки, соғлом турмуш тарзини кечириш, репродуктив саломатликни таъминлаш, айниқса, тозаликка риоя қилиш ва покиза юришда ҳар қандай оила шароитида ҳам қўл келадиган дастшўй ва офтобалар бугунги кунда тарихий, қадимий музей экспонати ёки кўргазмаларга халқ амалий санъати намунаси сифатида олиб чиқиладиган буюм тариқасида эмас, балки энг зарурий, қулай ва оилада тарбиявий аҳамияти катта уй-рўзғор буюми сифатида ишлатилса мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Энг диққатли томони шундаки, дастшўй ва офтоба дастурхон бўйида овқат танаввул қилишдан олдин ва кейин ишлатилиб қўллар ювилса, нафақат қўлларимиздаги турли хил микроблар ва кирлардан фориғ бўламиз, балки озодалик талабларига риоя қилиб иштаҳамиз ҳам очилади.

Дарҳақиқат, бугунги кунда зарарли пандемия вируси барчамизни саросимага солиб, тозаликка, шахсий гигиенага риоя қилишга ундамоқда.

Чунончи, ўсиб келаётган фарзандларимиз улуғ аждодларимизнинг энг олий қадрияти “қўл ювиш одати”ни унутмаган ҳолда биз катталардан ўргансин. Чунки энг дастлабки тарбия оиладан бошланиши ва “қуш уясида кўрганини қилади” нақлини унутмаган ҳолда ўзимиз уларга намуна кўрсатайлик. Зеро, “Соғлом ҳаёт – соғлом миллат” шиорини қалбимизга жо қилиб, улуғ бобокалонларимизни ҳам қалбан, ҳам руҳан ва жисмонан соғлом бўлиб, узоқ умр кўриш сирларини англагандай бўлсак нур устига нур бўлади.

Мусаллам Ибрагимова,

ЎзМТДП фаоли, Навоий вилояти тарихи ва маданияти давлат музейи директори