Депутатлар томонидан ноқонуний қурилишларнинг олди олинди — Янгиликлар — Миллий тикланиш

Ўзбекистон Миллий тикланиш демократик партияси

Партия логотипи Партия логотипи

Депутатлар томонидан ноқонуний қурилишларнинг олди олинди

Бугунги кунда бузилаётган уйлар, аҳоли томонидан ноқонуний эгаллаб олинган ерлар анчагина тортишувларга, муаммоларга, жиддий хавф-хатарга сабаб бўлаётгани энг кўп учрайдиган мавзуга айланиб қолди. Бироқ ўз ҳуқуқларини талаб қилишни билган кўпчилик аҳоли қатлами бугун вазифалари, бурчларини унутиб қўйишади. Сирдарёда келиб чиққан талофатлар, сув босган хонадонлар, уйсиз қолган одамларнинг кўз ёшлари баъзи бировларга сабоқ бўлмаган кўринади.

«Миллий тикланиш» демократик партиясидан халқ депутатлари Наманган вилоят Кенгаши депутати Аҳмаджон Алоходжаев – шаҳар Кенгаши депутати С.Ғаппарова, Ғунча МФЙ раиси Б. Қориев, «Ҳуқуқ ҳимоясида» адвокатлик фирмаси бошқаруви ўринбосари А. Юсуповлар ҳамроҳлигида «28-Яккасада» сайлов округи аҳолисининг турмуш тарзи, муаммоларини ўргандилар.

Ўрганиш жараёнида депутатлар Шимолий Фарғона каналининг Ғунча МФЙ ҳудудидан ўтган қисмида хавфсизлик қоидаларига зид равишда ер қазиб ўзлаштирилганлиги, канал билан қазилган ергача атиги 8-10 метр масофа қолганлигига гувоҳ бўлишди. Аҳоли томонидан ўзбошимчалик билан симёғочларнинг таг қисмигача қазиш ишлари амалга оширилганлиги аниқланди.

Ҳаттоки ҳеч қандай ҳужжатсиз ва рухсатсиз ерни кавлаб бетон қуйиш, уй-жойларни кенгайтириш ҳамда томорқа ишлари олиб борилганлиги кўриниб турибди. Ерга ноқонуний эгалик қилиш, ўзбошимчалик билан аҳолига хавф туғдирган ҳолда ер қазиб, белгиланмаган хавфли ҳудудгача бориш – эртага салбий оқибатларга, жиддий талофатларга олиб келмаслигига ким кафолат бера олади?!

Фарғона канали ҳудуддаги аҳоли яшаб турган жойнинг баландлик қисмидан ўтганлиги учун сув сизиб чиқишни бошласа, ҳудуд сув остида қолиб кетишига ким айбдор бўлади?! Ўзбошимчалик билан канал атрофигача ер қазиган нафс қулларими, вақтида тегишли жойни бохабар қилмаган, лоқайд аҳолими?! Биз эса айбни осонгина мутасаддиларга тўнкашга бинойидек ўрганиб қолдик.

Ўрганишлар юзасидан депутат Аҳмаджон Алоходжаев Норин-Сирдарё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси бошлиғи Фазлиддин Шариповга ҳамда Наманган вилоят ФВВ бошлиғи Қосимали Аҳмедовларга депутатлик сўрови юборди. Ва масалани тез кунларда ўрганиб, ечим топилишини таъминлашга бел боғлади.

ЎзМТДП Наманган вилоят кенгаши Ахборот хизмати