Депутат ташаббуси билан ишсизлик муаммоси ҳал этилмоқда — Янгиликлар — Миллий тикланиш

Ўзбекистон Миллий тикланиш демократик партияси

Партия логотипи Партия логотипи

Депутат ташаббуси билан ишсизлик муаммоси ҳал этилмоқда

Зарафшон шаҳар «Мурунтов» маҳалласида янги тикув цехи ишга туширилганига кўп вақт бўлгани йўқ. Бу хайрли ташаббус ЎзМТДПдан халқ депутатлари Навоий вилояти Кенгашига сайланган депутат Отабек Мустакимов саъй-ҳаракати билан амалга оширилди. Айни пайтда цехда 10 нафар ишсиз аёл бандлиги таъминланган бўлиб, улардан 5 нафари коллеж битирувчиларидир. Ишлаб чиқарилган  маҳсулот буюртмачиси ҳам аниқ — Навоий кон-метоллургия комбинати.

Маълумки, мамлакатимизда аҳоли бандлигини таъминлаш, янги иш ўринларини яратиш, ишсизлик даражасини пасайтириш, меҳнатга лаёқотли фуқароларнинг тадбиркорлик билан шуғулланишига кўмаклашиш масалалари бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланмоқда. Айниқса, Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган бешта ташаббус бу борада дастуриламал вазифасини ўтамоқда.

Жумладан, ташаббусда хотин-қизларни иш билан таъминлаш, манфаатларини ҳимоя қилиш, йиллар давомида уларни қийнаб келган ижтимоий муаммоларини бартараф этиш, бандлигини ошириш бўйича аниқ вазифалар белгиланган. Чунки бандлиги таъминланмаган баъзи аёллар ўзга юртларга иш излаб кетишга мажбур бўяпти ва бу қаровсиз қолган фарзандларнинг юриш-туришига салбий таъсир кўрсатмоқда. Янаям ачинарлиси, аёллар хорижда оғир қийинчиликларга дучор бўляпти. Демак, хотин-қизларни иш билан таъминлаш масаласи бу вазифага масъул бўлган барча раҳбарларнинг энг асосий вазифаси бўлмоғи лозим. 

— Юртимизда ташкил этилаётган бундай цехларга биринчи навбатда коллеж битирувчилари, ишсиз хотин-қизларнинг қабул қилинаётгани қувонарли. Мен ҳам бир неча йилдан буён ишсиз эдим. Ўзим қизиққан касб билан шуғулланиб, бугун юртимга, оиламга фойдам тегаётганидан хурсандман, — дейди цех тикувчиси Чарос Икромова.

Депутат О.Мустакимов Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 27 декабрда мамлакат ёшлари билан бўлган учрашувда белгилаб берилган вазифалар ва топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида яқинда НКМК Марказий кон бошқармаси ёшлари билан учрашди.

Халқ вакили томонидан ёшлар ўртасида механика, робототехника, АКТ ва бошқа техник йўналишлар бўйича инновацион ғоялар билан боғлиқ масалалар муҳокама қилиниб, бу борада клуб, тўгараклар ташкил этиш ташаббуси илгари сурилди.

Хуршид ТОШЕВ,
ЎзМТДП Навоий вилояти кенгаши етакчи мутахассиси