Депутат томонидан муаммога ечим топилди — Янгиликлар — Миллий тикланиш

Ўзбекистон Миллий тикланиш демократик партияси

Партия логотипи Партия логотипи

Депутат томонидан муаммога ечим топилди

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Козим Тожиев ўзи сайланган ҳудудда бўлиб, сайловчилар билан учрашди.

Дастлаб депутат Навоий вилоятининг Нурота туманидаги 55-умумтаълим мактабида «Ибн Сино», «Нурфахр» ва «Миришкор» маҳаллалари аҳолиси билан учрашди.

Халқ депутатлари Навоий вилоят Кенгаши депутатлари – Сенатор Дилбар Орзиева, ЎзМТДП вилоят Кенгаши раиси Илҳом Ражабов, вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи ўринбосари Феруза Файзиева, туман Кенгаши депутати, Нурота туман ҳокими ўринбосари Шаҳло Ҳомидова, тумандаги ташкилотлар раҳбарлари иштирок этган тадбирда Президентимиз Мурожаатномасида илгари  сурилган устувор вазифалар хусусида атрофлича тўхталиб ўтди.

Учрашув давомида фуқароларни ўйлантираётган муаммолар, камчиликлар хусусидаги фикр-мулоҳазалари тингланди.

Жумладан, аҳолини ичимлик сув билан таъминлаш, маҳалла ички йўлларини таъмирлаш, электр энергияси таъминоти, болаларни мактабгача таълим ташкилотларига қамраб олиш, аҳолига имтиёзли кредитлар ажратиш каби масалаларда кўплаб мурожаатлар қилинди.

Учрашув чоғида “Ибн Сино” МФЙ аҳолиси Козим Тожиевга ичимлик суви муаммоси юзасидан мурожаат қилиб, 10 кундирки сув йўқлигидан шикоят қилишди.

– Аҳолимиз томонидан депутатга мурожаат қилингандан кейин депутат томонидан муаммо жойида ҳал этилди. “Сувоқова” ДУК Нурота туман филиали раҳбариятига оғзаки мурожаат қилиниб, муаммони бартараф этиш чоралари кўрилиши юзасидан таклифлар берилди. Муаммо шу куннинг ўзида ҳал этилди. Филиал ходимлари томонидан тегишли ишлар амалга оширилиб, маҳалла аҳолиси тоза ичимлик суви билан таъминланади, – дейди маҳалла раиси Шерали Пўлатов.

Шунингдек, тумандаги “Янги ҳаёт” МФЙ, Навбаҳор туманидаги 31-умумтаълим мактабида «Туркистон», «Олчин» МФЙ, 14-умумтаълим мактабида “Янгиқўрғон” ва “Арабсарой” МФЙ, «Кескантерак» маданият маркази фаоллар залида «Қизилой», «Кескантерак», «Қоражон», «Янгиҳаёт», «Қушқочди», 11-сон Болалар мусиқа ва санъат мактаби фаоллар залида “Бешработ” қўрғони фуқаролари билан учрашуви бўлиб ўтди.

Учрашувларда фуқаролар ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилишди. Депутатга қилинган мурожаат ва таклифларни туман ҳокимлиги, мутасадди ташкилотлар раҳбарлари билан ҳал этишга келишилди. Шуҳрат Рустамов,
 ЎзМТДП Нурота туман Кенгаши раиси