Дилфуза ЖАЛИЛОВА: Бу галги сайлов сиёсий партиялар учун ҳақиқий синов бўлди — Янгиликлар — Миллий тикланиш

Ўзбекистон Миллий тикланиш демократик партияси

Партия логотипи Партия логотипи

Дилфуза ЖАЛИЛОВА: Бу галги сайлов сиёсий партиялар учун ҳақиқий синов бўлди

Бу йилги парламент ва маҳаллий Кенгашларга бўлиб ўтган сайлов янги қабул қилинган Сайлов кодекси талаблари ва янги шароитларда ўтказилди. Сайловлар — сиёсий партиялар учун ҳал қилувчи палла бўлди, десак муболаға эмас. Чунки, ҳар бир партия айнан сайлов орқали ўз тарафдорларини аниқлайди. Ким унга овоз беради, ким унинг ғояларини қўллаб-қувватлайди – буларнинг барчасини амалда кўришга муваффақ бўлади. Бу эса, кўп жиҳатдан партияларнинг сайловолди дастури ва тарғибот-ташвиқот ишларига бевосита боғлиқ эканини ҳаётнинг ўзи яққол кўрсатиб берди.

Сайлов ҳар бир фуқарога нафақат фуқаролик бурчи, балки Конституцияда кафолатлаб қўйилган овоз бериш ҳуқуқини адо этиш масъулиятини ҳам юклайди. Бу галги сайловлар сиёсий партиялар учун ҳақиқий маънода синов вазифасини ўтади. Бунинг асосий сабабларидан бири сифатида жорий сайловларда 5 та сиёсий партия иштирок этиб, улар ўртасидаги рақобат янада кучайгани бўлса, иккинчи томондан, ҳозирги сайловчи беш йил аввалги сайловчи эмаслиги, бугун одамларнинг онги, дунёқараши умуман ўзгаргани, номзодларга талабчанлиги ортгани бўлди. Вакиллик органи нима, унинг вазифалари нималардан иборат — буларнинг барчасини бугун халқимиз жуда яхши англаб турибди.

Яна бир жиҳат, ушбу муҳим сиёсий жараённи чет эл мамлакатларида ҳам катта қизиқиш билан кузатиб боришди. Хусусан, бошқа давлатлардаги ижтимоий-сиёсий ва экспертлик доиралари вакиллари иштирокида кенг муҳокамалар ўтказилди. Ўзбекистоннинг бугунги ривожланиш босқичи ва амалга оширилаётган ўзгаришлар жараёнида мамлакатимизда ўтказилган парламент сайлови хусусидаги ҳар бир янгилик, ҳар бир ўзгариш ва ушбу жараён ҳақидаги жамоатчилик фикр-мулоҳазалари уларнинг диққат марказида бўлди.

Дарвоқе, бу йил сайловларни ўнта халқаро ташкилотдан ҳамда эликка яқин давлатдан 825 нафар халқаро кузатувчи бевосита кузатиб борди. Яъни, аввалги сайловларга нисбатан уларнинг сони ортгани Ўзбекистондаги сиёсий жараёнларга халқаро ҳамжамиятнинг қизиқиши тобора ошиб бораётганидан далолат беради.

Ана шуларни эътиборга олган ҳолда айтиш мумкинки, сайлов сиёсий партиялар учун ҳақиқий маънодаги синов бўлди. Бу синов, назаримда, сайлов амалиётимизнинг нечоғли тўғри йўлда эканини ҳам яққол намоён этди.

Дилфуза ЖАЛИЛОВА,
ЎзМТДП фракцияси аъзоси