Етакчилик феномени — Янгиликлар — Миллий тикланиш

Ўзбекистон Миллий тикланиш демократик партияси

Партия логотипи Партия логотипи

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг вилоят кенгашлари пленумларида “Кучли қуйи бўғиндан – кучли партияга” тамойили асосида ҳудудий кенгашлар фаолиятини кучайтириш ва сайловолди дастури ижросини сўзсиз таъминлаш масалалари муҳокама этилмоқда.

Кейинги беш йилликдаги фаолиятимиз танқидий таҳлил этилаётган тадбирларда келгуси парламент сайловларига тайёргарлик сайлов натижалари эълон қилинган кундан бошлангани, йўл қўйилган хатолар ва эришилган натижалардан ҳар бир партия аъзоси жиддий хулосалар чиқариш лозимлиги таъкидланяпти. Уларда энг аввало Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга йўлланган Мурожаатномасида белгилаб берилган устувор йўналишлардан келиб чиқадиган партиявий вазифалар белгилаб олиняпти.

Маълумки, сайлов натижаларига кўра, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Олий Мажлис Қонунчилик палатасида 36 та, маҳаллий кенгашларда эса 1266 та ўрин эгаллади. Аммо бу сафар ҳам маҳаллий кенгашлардаги ўринлар учун кечган курашда реал имкониятлар бой берилди. Масалан, Қашқадарё вилоят, туман ва шаҳар кенгашларига бўлиб ўтган сайловларда жами 83 депутат сайланди. Вилоят кенгашига кўрсатилган 59 номзоддан 8, туман ва шаҳар кенгашларига кўрсатилган 429 номзоддан 75 нафари сайловчи ишончини қозона олди, холос. Партиянинг Яккабоғ ва Миришкор туманларида 8 нафар номзод ишончли ғалабага эришган бўлса, Муборак туманида 2, Қарши шаҳар кенгашида эса атиги битта депутатлик ўрни эгалланди.

Пленумда партия вилоят кенгаши раиси Сайфулла Махматмўминов сайловни қониқарсиз натижа билан якунлаган туман кенгашлари фаолиятини кескин танқид қилар экан, бундай натижа партиянинг келгуси фаолиятига салбий таъсир этишини ҳам билдирди.

Йиғилишда Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайланган вакиллар, шунингдек кўпчиликка ўрнак бўла бошлаган маҳаллий кенгаш депутатлари фаолиятига ҳам атрофлича баҳо берилди. Жумладан, халқ депутатлари Қарши туман Кенгаши депутати Адиба Алиқулова фаолиятини олайлик. У “Янги Муллақувват” қишлоғида яшовчи Орзигул Турдиеванинг фарзанди нотўғри муолажа сабаб 10 йилдан бери ётиб қолганини аниқлаган. Шундан кейин туман ҳокимлиги ва бошқа ташкилотлар ёрдамида бемор болага ногиронлик аравачаси олиб берган.

Халқ депутатлари Яккабоғ туман кенгаши депутати Алишер Жуманов эса ишсиз ёшлардан бирига имтиёзли кредит олиш ва ишлаб чиқариш корхонасида 18 нафар ёшнинг иш билан таъминланишига ёрдам берган.

Тошкент вилоят кенгаши Пленумида эса асосий эътибор Президент Мурожаатномасидан келиб чиқадиган вазифаларга қаратилди. Бу борада депутатлар томонидан жорий йилда амалга оширилиши лозим бўлган вазифаларнинг ниҳоятда долзарблиги қайд этилиб, ҳудудий дастурлар ижроси сайловчилар томонидан назорат қилинаётгани таъкидланди.

Пленумда вилоят кенгаши раиси Маҳмуд Назаров кейинги уч йилдаги ўзгариш ва янгиланишлар инсон манфаатларига хизмат қилаётганини, бу жараёнда партия ва депутатлар иштироки тобора ошиб бораётганини ижобий ҳолат сифатида баҳолади. Аммо пленумда йўл қўйилган хатолар, айниқса, айрим ҳудудлардаги етакчиларнинг эътиборсизлиги сабаб мавжуд имкониятлардан етарлича фойдаланилмагани оқибатида шаҳар ва туман кенгашларида оз ўрин эгаллаганлар қаторига тушиб қолдик.

Маълумотларга қараганда, халқ депутатлари Тошкент шаҳар ва туман кенгашларига 68 нафар депутат сайланган. Агар айрим кенгашлар иши тўғри ташкил этилганида эди, бундан-да юқори натижаларга эришиш мумкин бўларди.

Партия Тошкент шаҳар кенгаши Пленумида кенгаш раиси Отабек Жиянбаев сўзга чиқиб, сайловлар жараёнида сусткашликка йўл қўйган кенгашлар фаолиятини кескин танқид қилди.

– Гарчи Сергели тумани Кенгаши раиси бир неча бор огоҳлантирилган бўлса-да, сайловолди тадбирларини бугунги кун талаби даражасида ташкил этмади. Натижада ўтган сайловда 4 нафар вакилимиз депутатлик мандатини қўлга киритган бўлса, бу сафар фақат бир номзодимиз сайланди, холос. Мирзо Улуғбек туман Кенгашига эса аксинча, ўтган сайловда икки нафар депутат сайланган бўлса, бу гал 7 номзодимиз Кенгашдан жой олди.

Партия Жиззах вилоят кенгашининг навбатдаги Пленумида ҳам асосан туман партия ташкилотлари, бошланғич ташкилот етакчилари фаолияти таҳлил этилди. Шунингдек, 2019 йил  якунлари сарҳисоб қилиниб, 2020 йилга белгиланган вазифалар юзасидан партия вилоят кенгаши раиси Сарвар Назарқосимовнинг маърузаси эшитилди.

– Мурожаатномада илгари сурилган ғоя ва ташаббуслар мамлакатимизни демократик ривожлантириш, ҳукумат ва парламент ролини кучайтириш, суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлаш, иқтисодиётни либераллаштириш ва туризмни ривожлантиришга хизмат қилади, – деди Кенгаш раиси.

Бу жараёнда партиямизнинг ўз ўрнини топиши, сайловчилар ишончини қозониши жойлардаги етакчиларимизга боғлиқ, албатта.

Андижон вилоят кенгаши пленумида ҳам ҳар қандай натижа кучли етакчилар фаолиятига боғлиқлиги таъкидланди. Вилоят кенгаши раиси Ҳамиджон Омановнинг қайд этишича, ўтган сайловларда йўл қўйилган хатолар қуйи бўғинлар билан бирга, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари фаолиятини ҳам чуқур таҳлил этишни тақозо этади.

– Номзодлар танлаш, уларни ўқитиш ва сайловларга тайёрлаш, митинглар уюштиришгача бўлган жараёнларда биринчи марта янги сиёсий талаблар билан юзма-юз келганимизни ҳис этдик. Шунинг учун ҳам айрим вакилларимиз кўп ҳолларда хатоларга йўл қўйдилар.

Шуни қайд этиш жоизки, қўлга киритилган натижаларга қарамай, Андижонда бошқа вилоятларга нисбатан кучли жамоа шаклланганини ва бу сайловлар натижасида яққол акс этганини таъкидлаш жоиз.  

Сурхондарё вилоят кенгаши Пленумида сўзга чиққан ҳудудий кенгаш раиси Сайдулла Абдураимов бугунги ислоҳотлар даврида энг оғир юк сиёсий партиялар ва депутатлар зиммасига тушаётганини таъкидлади.

– Шу маънода, ўз фаолиятимизни янгича талаб ва таклифлар асосида жонлантиришимиз, одамлар манфаатига хизмат қилувчи долзарб вазифалар ҳамда устувор йўналишларни бирламчи вазифа сифатида қабул қилишимиз лозим.

Пленумда Президент Мурожаатномасидан келиб чиққан ҳолда депутатлик корпуси масъулиятини ошириш биринчи вазифа экани қайд этилди.

Навоий вилоят кенгашининг Пленумида Марказий кенгаш раиси ўринбосари Феруза Мухамеджанова иштирок этиб, партиянинг сайловлардаги иштироки, йўл қўйлган хато ва камчиликларни таҳлил қилди.

– Айрим туман кенгашларининг масъулиятсизлиги сабаб, сайловларда партия кутилган натижага эриша олмади, – деди Ф. Мухамеджанова. – Шу боис, хатолар устида ишлаб, навбатдаги сайловларга ҳозирданоқ тайёргарлик бошлашимиз лозим. Бунинг учун эса барчамиз ўз вазифамизга виждонан ёндашмоғимиз керак.

Пленумда вилоят кенгаши раиси Илҳом Ражабов ҳам сўзга чиқиб, Президентимизнинг тарихий Мурожаатномаси аввалгиларидан фарқ қилишини таъкидлади. Унда ўзига хос тарзда ривожланишимизга тўсиқ бўлаётган муаммолар очиқ-ошкора айтилган. Уларнинг ечимлари бўйича аниқ таклифлар илгари сурилган.

Наманган ва Фарғона вилоятлари кенгашларининг Пленумида эса водийга хос бўлган долзарб масалалар муҳокама қилинди. Хусусан, хотин-қизлар муаммоларини ҳал этиш, ёшларни иш билан таъминлаш, тадбиркорликка оид қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан партия фаоллари ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдирдилар. 

Хусусан, Наманган вилояти кенгаши раиси Ғайражон Тўйчибоев партиянинг мақсад ва вазифаларидан келиб чиққан ҳолда  илм-фан, таълим ва тарбияга алоҳида эътибор қаратиш лозимлигини ҳамда мактабгача таълим муассасаларидан тарбия устувор бўлиши, бу жараён мактабларда узлуксиз давом эттирилиши зарурлигини таъкидлади.

Фарғона вилоят кенгаши раиси Х.Исламова Мурожаатномада кўп тилга олинган “ҳалоллик вакцинаси” ҳақида гапириб, энди бу партиянинг “Инсон ўзгармаса — жамият ўзгармайди” ғоясини амалга оширишда энг кўп ишлатиладиган иборага айланишини қайд этди.

Самарқанд вилоят кенгаши Пленуми иштирокчилари ҳам Президент Мурожаатномасида белгилаб берилган устувор вазифалардан келиб чиққан ҳолда партия фаолиятини жонлантириш ва биринчи навбатда ҳудудий кенгашларни кучли кадрлар билан таъминлаш лозимлигини таъкидладилар.

Тадбир якунида Мурожаатнома юзасидан ўқув-семинар ташкил этилиб, партия фаоллари ва депутатларга аниқ топшириқ ва кўрсатмалар берилди.