Жаҳонгир ШИРИНОВ: Тўй-тантана, маърака-маросим ўтказиш тартибига қўйилган талабларни бузганларга жарима қўлланади — Янгиликлар — Миллий тикланиш

Ўзбекистон Миллий тикланиш демократик партияси

Партия логотипи Партия логотипи

Жаҳонгир ШИРИНОВ: Тўй-тантана, маърака-маросим ўтказиш тартибига қўйилган талабларни бузганларга жарима қўлланади

Кейинги йилларда халқимизнинг узоқ йиллик қадриятлари ва анъаналарини ўзида акс эттирган тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказишда шуҳратпарастлик, бошқаларнинг ижтимоий аҳволини инобатга олмаслик, исрофгарчилик, халқимизнинг урф-одатлари ҳамда анъаналарини менсимаслик каби иллатлар кўзга ташланмоқда.

Бундай салбий иллатларга барҳам бериш мақсадида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Кенгашининг ва Олий Мажлис Сенати Кенгашининг 2019 йил 14 сентябрдаги Қўшма қарори билан Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш тўғрисидаги низом қабул қилинди.

Мазкур Низомда тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни ўтказиш тартибига бир қатор талаблар ўрнатилди.

Юқоридаги Қўшма қарор Сенатнинг 2019 йил 14 сентябрдаги ҳамда Қонунчилик палатасининг 2019 йил 16 сентябрдаги қарорлари билан тасдиқланиб, унга норматив-ҳуқуқий ҳужжат мақоми берилди.

Бироқ шунга қарамасдан, айрим шахслар ҳамон дабдабали тўй-тантана ўтказишда давом этмоқда. Жамоатчилик вакилларидан келиб тушган мурожаатлар ушбу соҳада қатор жиддий муаммо ва камчиликлар ҳамон сақланиб қолаётганини кўрсатмоқда. Хусусан, айрим фуқаролар дабдабали тўй маросимлари ва уларни ўтказишга сарфланадиган катта харажатлар оқибатида қарзга ботмоқда, ундан қутулиш мақсадида чет элларга ишлаш учун чиқиб кетмоқда.

Хабарингиз бор, парламент палаталарининг Қўшма қарори билан Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларнинг ихчам ва тартибли ўтказилишини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар дастури тасдиқланган.

Ушбу дастурнинг 3-бандида тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш тўғрисидаги низом талабларига риоя қилмаганлик учун жавобгарликни белгилайдиган қонун ҳужжати лойиҳасини ишлаб чиқиш назарда тутилган. Шунга асосан, “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан кўриб чиқилди.

Мазкур қонун лойиҳасида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга янги 1921-модда киритиш назарда тутилмоқда.

Ушбу модда билан тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказиш тартибига қўйилган талабларни бузган икки тоифадаги субъектга жарима қўллаш назарда тутилмоқда. Яъни, бундай талабни бузган тадбирни ўтказувчи шахс учун базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн баравари миқдорида, тўйхона, кафе ва ресторанларнинг мансабдор шахсларига эса, ўттиз баравари миқдорида жарима солиш белгиланмоқда.

Бундан ташқари, тўйхона, кафе ва ресторанларнинг мансабдор шахслари томонидан бу каби ҳуқуқбузарлик бир йил давомида такроран содир этилса, базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик баравари миқдорида жарима солиш таклиф этилмоқда.

Албатта, қизғин кечган баҳс-мунозара, тортишувлардан сўнг парламент қуйи палатаси депутатлари ушбу қонун лойиҳасини қабул қилдилар.

Қонун, албатта, бу борада профилактикани кучайтириш, айрим шахслар томонидан қонун чиқарувчи орган томонидан чиқарилган ҳужжатларга беписандлик қилиб, тўй ва маросимларни ўтказишда шуҳратпарастлик, ўзини кўз-кўз қилиш, исрофгарчилик каби иллатларга қарши курашишга хизмат қилади.

Энг муҳими, халқимизнинг бундай иллатларга сарфлайдиган маблағини ўз оиласи фаровонлигини ошириш, фарзандлари таълим-тарбияси, саломатлигига эътиборини кучайтириш, эзгу ва хайрли ишларга йўналтиришига замин яратади.

Жаҳонгир ШИРИНОВ,
ЎзМТДП фракцияси
аъзоси