Зумрад БЕКАТОВА: Қонунчилик палатасига кучли таъсир этувчи моддалар айланишини тартибга соладиган қонун лойиҳаси келиб тушди — Янгиликлар — Миллий тикланиш

Ўзбекистон Миллий тикланиш демократик партияси

Партия логотипи Партия логотипи

Зумрад БЕКАТОВА: Қонунчилик палатасига кучли таъсир этувчи моддалар айланишини тартибга соладиган қонун лойиҳаси келиб тушди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасига “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси келиб тушди.

Мазкур лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 6 сентябрдаги “Дори воситалари ноқонуний айланишининг олдини олиш чораларини кучайтириш тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган.

Таъкидлаш жоизки, 2016 йилда мазкур соҳани тартибга солишга йўналтирилган махсус “Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида”ги Қонун ҳам янги таҳрирда қабул қилинган эди. Унинг 20-моддасида дори воситаларини чакана реализация қилиш Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланадиган шаклдаги рецептлар бўйича, рецептсиз бериладиган дори воситалари эса, вазирлик томонидан тасдиқланган рўйхатига кўра, рецептсиз амалга оширилиши белгилаб қўйилган.

Бироқ аҳоли орасида шифокор тавсиясисиз ўзини-ўзи даволаш ҳолатлари кенг тарқалган. Бу эса, дори воситаларининг ножўя таъсири юзага келишига, организмдаги микроорганизмларнинг антибиотикларга резистентлиги ортишига, яъни антибиотикларнинг даволовчи таъсири сусайишига ёки умуман йўқолишига олиб келади.

Бундан ташқари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан 2019 йил давомида кучли таъсир қилувчи дори воситалари бўйича Соғлиқни сақлаш вазирлигига киритилган маълумотларга кўра, кучли таъсир қилувчи дори воситалари ноқонуний айланиши бўйича 186 та мурожаат тушган бўлиб, 47140 ўрам дори воситаси мусодара қилинган. Ўрганишларда кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг суииистеъмол қилинаётганини, уларнинг асосан ёшлар томонидан нотиббий мақсадларда қўлланилаётгани маълум бўлди. Бу эса, нафақат уни суиистеъмол қилган фуқаро соғлиғи ва ҳаётига хавф солади, балки бундай шахсларнинг зурриёди турли нуқсонлар билан туғилишига ҳам олиб келиши мумкин.

Таҳлиллардан кўриниб турибдики, дори воситаларининг ноқонуний айланиши ва уларнинг суиистеъмол қилинишига йўл қўймаслик, дори воситалари, жумладан, кучли таъсир этувчи моддалар айланишини тартибга солишни такомиллаштириш, хусусан, дори воситалари ва тиббий буюмларнинг реализация қилиш қоидаларини, рецепт бўйича дори воситаларини бериш тартибини бузганлик учун жавобгарликни такомиллаштириш бугун давр талабига айланмоқда.

Шунингдек, аҳолининг соғлиғини сақлашни таъминлаш, айниқса, ёш авлоднинг соғлиғи ва келажагига салбий таъсир кўрсатадиган кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг нотиббий мақсадларда қўлланилишининг олдини олиш, ҳар томонлама баркамол авлодни тарбиялаш учун қўшимча имкониятлар, шарт-шароит яратиш мақсадида соҳани тартибга солувчи қонунчиликни янада такомиллаштириш, хусусан, бундай қонунбузилиш ҳолатлари учун жавобгарликни белгилаш ўта муҳим.

Шу жиҳатдан, мазкур қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш давомида масалага ҳар томонлама чуқур қаралди. Аввало, АҚШ, Канада, Европа Иттифоқи, МДҲ давлатларидан Россия, Белурусь, Украина, Молдова ва Қозоғистон каби давлатлар қонунчилиги, шунингдек, долзарблигидан келиб чиқиб, жамоатчилик муҳокамасини ўтказиш, тадбиркорлик фаолиятига таъсирини баҳолаш учун уни Ягона интерактив давлат хизматлари порталига жойлаштириш орқали аҳолининг фикри ҳам ўрганилган.

Ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши шифокор рецепти бўйича бериладиган дори воситалари ва тиббий буюмлар, шу жумладан, кучли таъсир қилувчи моддалар рўйхатига киритилган дори воситаларининг ноқонуний чакана савдосиига барҳам беришга имкон яратади. Шунингдек, аҳолининг соғлиғини сақлашни таъминлаш, шифокор кўрсатмасисиз даволаниш натижасида юзага келадиган нохуш ҳолатларнинг олдини олиш, баркамол авлодни тарбиялаш учун қўшимча имкониятлар ва шарт-шароитлар яратишга хизмат қилади.

Зумрад БЕКАТОВА,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Қонунчилик палатаси депутати