Ибн Сино мактаблари – халқ табобатини замонавий тиббиёт даражасига етказиш сари илк қадам — Янгиликлар — Миллий тикланиш

Ўзбекистон Миллий тикланиш демократик партияси

Партия логотипи Партия логотипи

Ибн Сино мактаблари – халқ табобатини замонавий тиббиёт даражасига етказиш сари илк қадам

Куни кеча Президент Шавкат Мирзиёев соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш, тиббий хизмат сифатини ошириш бўйича галдаги муҳим вазифалар муҳокамасига бағишланган йиғилиш ўтказди.

Унда соҳани молиялаштиришни такомиллаштириш муҳимлиги, кадрлар тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини қайта кўриб чиқиш зарурлиги айтилди.

Давлатимиз раҳбари касалликлар профилактикаси масаласига алоҳида эътибор қаратиб, бошқарув идоралари ишини айнан шунга йўналтириш лозимлигини таъкидлади.

Президентимиз аҳолининг овқатланиш маданиятини ошириш, спорт билан мунтазам шуғулланиш, Абу Али Ибн Сино табобатини ўрганиш лозимлигини таъкидладилар. Тиббиёт коллежлари ўрнида Ибн Сино мактабларини яратиш кераклигини айтиб ўтдилар.

Албатта, бу билан мамлакатимизда замонавий тиббиёт билан бир қаторда халқ табобати ҳам ривожланиб боради. Халқ табобати орқали одамларимизнинг тиббий маданияти юксалтирилади, турли касалликларнинг олди олинади ҳамда соғлом турмуш тарзи шаклланади.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси давлатимиз раҳбарининг мазкур ташаббусларини тўла қўллаб-қувватлайди. Зеро, зиёлилар – илм-фан ва таълим, маданият, санъат ва ахборот соҳаси вакиллари билан бир қаторда халқ табобати соҳаси вакиллари ҳам партия электорати ҳисобланади.

“Миллий тикланиш” демократик партиясининг 2020-2024 йилларга мўлжалланган Сайловолди дастурида халқ табобатини ривожлантиришнинг истиқболли режаларини ишлаб чиқиш ҳамда уни замонавий тиббиёт даражасига етказишга қаратилган ташкилий ҳуқуқий чораларни кўриш вазифаси белгиланган.

Шундан келиб чиққан ҳолда партия Ўзбекистон Республикасининг “Халқ табобати тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ва Ўзбекистонда халқ табобатини ривожлантириш Концепцияси лойиҳасини ишлаб чиқишни режалаштирган.

Партия тизимида халқ табобатини ривожлантиришга қаратилган “Ибн Сино авлодлари” кўрик-танловини ўтказиш белгиланган.

Бундан ташқари, партиянинг 2020-2024 йилларга мўлжалланган Сайловолди дастури 3-иловаси – Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси ва депутатларининг қарорлар билан тасдиқланган 2020-2024 йилларда ижро этилиши белгиланган концепциялар, стратегиялар ва дастурлар ижроси устидан жамоатчилик, депутатлик ва парламент назоратини амалга ошириш режасига мувофиқ партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги фракциялари аъзолари ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги депутатлари томонидан “2019-2025 йилларда Ўзбекистон Республикасининг соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш Концепцияси”нинг жойлардаги ижроси ўрганилади. Бу борада амалга оширилаётган ишлар парламент ва депутатлик назоратига олинади.

Мазкур партиявий ташаббус ва амалий ишлар режаси мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш, тиббий хизмат сифатини оширишга хизмат қилиши шубҳасиз.

Дониёр Тошбоев,
ЎзМТДП Марказий кенгаши
бўлим бошлиғи