Иброҳим Ғафуров: Давлат байроғининг туғилиши — Янгиликлар — Миллий тикланиш

Ўзбекистон Миллий тикланиш демократик партияси

Партия логотпи Партия логотпи

Иброҳим Ғафуров: Давлат байроғининг туғилиши

18 ноябрь – Ўзбекистон РеспубликасиДавлат байроғи қабул қилинган кун
1991-1992 йилларда Конституциямиз билан биргаликда олдинма-кейин Давлат байроғи, герби, мадҳияси дунёга келди. Ўзбекистон кенг дунёга шу асос – Давлат рамзлари билан чиқди, ўз суверен ҳуқуқларини маълум қилди.

Давлат рамзлари булардан ташқари яна қатор муҳим тушунчаларни ҳам қамраб олади: давлат номи, давлат тили, давлат пойтахти, фуқаролик, миллий валюта, Президент, байрамлар ва ҳоказо. 

Давлат рамзлари халқнинг олий иродасини билдиради. 

“Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида“ги қонун 1991 йил 18 ноябрда қабул қилинди. Унда миллий байроғимизни ажратиб турувчи шартли белгилар, амалда қўлланилиши билан боғлиқ қоидалар аниқ, батафсил қайд этиб ўтилди. Байроғимизнинг ҳажми, ранглари, бошқа шартли белгилари чуқур ўйланган ҳолда тавсиф этилди. Шундай қилиб халқимиз, давлатимизнинг тўқ мовий, қизил ҳошияли, оқ ва тўқ яшил ранглардаги байроғи ўз шарафли ўрнини топиб, жаҳонда, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг қароргоҳида ҳилпирай бошлади. 

Байроқдаги ранглар ва белгилар халқимизнинг азалий, тарихий интилиши, орзуларини, менталитетимизнинг асосий мазмуни, йўналишларини рамзий акс эттиради. Улар айни дамда табиат ва ҳаётнинг мангулиги, инсон орзусининг ўлмаслиги, низолардан кўра тинчлик ва тотувликнинг афзаллиги, ниятлар мусаффолиги ва холислигига, эзгу мақсадлар сари дадил интилиш, беғаразлик, қон-қардошлик, тенглик, бутунликка ишора қилади. 

Миллатнинг миллат, давлатнинг давлат экани, унинг ҳар томонлама мустақиллиги Давлат байроғида ўз ифодасини топади. У халқни бирлаштиришга чорловчи, ягона мақсад сари бошловчи рамздир. Давлат байроғи халқни ўз-ўзини таниш, унинг остида ўз идеалларига, келажаги учун курашга ҳамиша даъват этиб туради. 

Байроғимиз чексиз ифтихор, ғурур ва шон-шараф, энг олий маънодаги ватанпарварлик манбаидир. Давлатнинг обрў-эътибори, қатъий иродасини, ўз озодлиги учун курашга тайёрлигини ифодалайди. 

Давлат байроғи муқаддасдир. Парвоздаги номусдир. Илгари ўзбеклар байроқни туғ, ялов ва санжоқ деб ҳам атарди. Бизнинг шарафли ишларимиз рамзи дунё бўйлаб юксалаяпти. Таъкидлаб айтмоқ керакдурким, Давлат байроғи, герби, мадҳияси ўзаро мутаносиб яратилган. Уларнинг бари Конституциямизга, унда акс этган ҳаётбахш ғояларга, олижаноб мақсад-муддаоларга, эзгу интилишларимизга ҳар томонлама уйғун.

Доим ватанпарварлар сафида бўлишга чорлайди, кўзларимизни қувонтиради. Шу байроққа мансублигимиздан ҳаётимиз маънодор ва мазмундор. Унинг мангу ҳилпирашида озодликнинг сўнмас қувончи, меҳри, қадр-қиммати намоён. 1917 йилда Чўлпон байроққа хитоб ёзганди: 

Фаришталар, малаклар ҳам ризвонлардан тақвият, 
Қаламимдан, қоғозимдан ҳам ўзимдан муҳаббат!

Иброҳим ҒАФУРОВ,
Ўзбекистон Республикаси 
санъат арбоби,

адабиётшунос олим,
Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси фахрийси