Илм-маърифатга кенг йўл очиш йили — Янгиликлар — Миллий тикланиш

Ўзбекистон Миллий тикланиш демократик партияси

Партия логотипи Партия логотипи

Илм-маърифатга кенг йўл очиш йили

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида “Бугунги дунё ёшлари – сон жиҳатидан бутун инсоният тарихидаги энг йирик авлоддир, чунки улар 2 миллиард кишини ташкил этмоқда. Сайёрамизнинг эртанги куни, фаровонлиги фарзандларимиз қандай инсон бўлиб камолга етиши билан боғлиқ. Бизнинг асосий вазифамиз – ёшларнинг ўз салоҳиятини намоён қилиши учун зарур шароитлар яратиш, зўравонлик ғояси «вируси» тарқалишининг олдини олишдир. Бунинг учун ёш авлодни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, унинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантириш лозим” деган эдилар.

Шу билан бирга “БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенцияси”ни ишлаб чиқишни ҳам таклиф этиб, биринчи навбатда, ёшларнинг онгу тафаккурини маърифат асосида шакллантириш ва тарбиялаш – энг муҳим вазифа эканига урғу берган эдилар.

Ушбу ташаббусларнинг мантиқий давоми сифатида бугунги Мурожаатномада мамлакатимизда илм-фанни янада равнақ топтириш, ёшларимизни чуқур билим, юксак маънавият ва маданият эгаси этиб тарбиялаш, рақобатбардош иқтисодиётни шакллантириш борасида бошлаган ишларимизни жадал давом эттириш ва янги, замонавий босқичга кўтариш мақсадида 2020 йилга “Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” деб ном бериш таклифи илгари сурилди.

Мурожаатномада ёшлар учун энг долзарб бўлган муаммоларнинг ечими бўйича, ва биринчи навбатта илм-маърифат масаласига алоҳида эътибор қаратилиб бир қатор янги ташаббуслар ҳам илгари сурилди. Хусусан, олий ўқув юртларида давлат грантларини икки баробар кўпайтириш, қизлар учун олий ўқув юртларида алоҳида грант ўринлари ажратиш, олий таълим муассасаларида мутахассисликка алоқаси бўлмаган фанларни икки баробар қисқартириш, мактаб битирувчиларининг олий таълимга қамровини 25% га етказиш, она тили бўйича миллий тест тизимини жорий этиш, 1 млн дастурчи лойиҳасини якунига етказиш ўртага ташланди.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг Сайловолди дастурида ҳам Ўзбекистон халқининг миллий, анъанавий ва маданий-маънавий қадриятларини чуқур эъзозлайдиган ватанпарвар ва ҳалол шахсни тарбиялаш, мамлакатимизда тарбия ва таълим тизимини ислоҳ қилиш, унинг сифатини ошириш бўйича фаол иш олиб бориш, энг асосийси таълим жараёнига замонавий истиқболли илм-фан ютуқларини жорий этиш, мамлакатимизда илм-фанни янада ривожлантириш, илмий фаолиятга истеъдодли, қобилиятли ёшларни жалб этиш орқали юқори билим-малакали жамиятни шакллантиришга кўмаклашиш вазифалари белгилаб берилди.

Шундан келиб чиққан ҳолда, Давлатимиз раҳбарининг Мурожаатномасидаги таклиф ва ташббусларини тўлиқ қўллаб-қуватлаган ҳолда, ёшлар масалалари йўналишидаги ишларимизни янги босқичга олиб чиқишни лозим деб ҳисоблаймиз.

Ҳамдам Ниёзов,
ЎзМТДП Марказий кенгаши
Ёшлар ишлари бўлими бошлиғи