Ички туризм — маънавий юксалиш омили — Янгиликлар — Миллий тикланиш

Ўзбекистон Миллий тикланиш демократик партияси

Партия логотипи Партия логотипи

Ички туризм — маънавий юксалиш омили

Бугун кўпчилигимиз туризм деганда давлат иқтисодиётининг муҳим тармоғини кўз олдимизга келтирамиз. Бироқ унинг ижтимоий, маънавий ҳаётимизга, дунёқарашимизга таъсири ҳақида ўйлаб ҳам кўрмаймиз. Ҳолбуки, айнан туризм сабабли инсоният ривожланган, маданиятлар юксалган.

Буни оддийгина маданиятлар учрашуви мисолида кўришимиз мумкин. Икки халқ, миллат, уруғ ёки қабила учрашганда бир-бирининг ҳаёт тарзи билан танишади ва энг яхши анъаналарни ўрганишга, ўзлаштиришга ҳаракат қилади. Натижада, бир анъана иккинчи жойда бутунлай янгича кўринишда, такомиллашган ҳолда давом эттирилади ва бунга жуда кўплаб мисоллар келтириш мумкин.

Кейинги йилларда юртимизда туризм соҳаси ривожига алоҳида эътибор қаратилгани, хусусан ички туризм истиқболи йўлидаги саъй-ҳаракатлар ҳам айни эзгу мақсадга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир. Албатта, коронавирус билан боғлиқ чекловлари сабаб соҳа катта талафот кўрди. Бироқ, бу касаллик хавфи паст ҳудудларда туризмни, айнан, ички туризмни чеклаш керак дегани эмас. Президентимизнинг 2020 йил 28 майдаги “Коронавирус пандемиясининг салбий таъсирини камайтириш учун туризм соҳасини қўллаб-қувватлашга доир кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони айнан туризмни қайта тиклашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Фармонда 2020 йилнинг 1 июнидан юртимиздаги “яшил” ва “сариқ” тоифадаги ҳудудларда ички туризмни қайта йўлга қўйиш билан биргаликда ёндош ташкилотларнинг (туроператорлар, турагентликлар, жойлаштириш воситалари, маданият ва маданий мерос объектлари ҳамда бошқалар) фаолиятини бошлаш, фуқароларига Ўзбекистон Республикасига киришга рухсат этиладиган мамлакатлар рўйхатини белгилаб олган ҳолда туризмни босқичма-босқич қайта тиклаш, туроператор, турагент, шунингдек, жойлаштириш воситалари учун қатор имтиёз ва чегирмалар бериш каби муҳим вазифалари белгиланди.

Бугунги пандемия шароитида дунё бўйлаб саёҳат қилишга имконият йўқ. Лекин ички туризмга кенг имкониятлар эшиги очиқ. Мамлакатимизнинг ҳар бир вилояти, туман, борингки, чекка қишлоқларда зиёратгоҳлар, муқаддас қадамжолар мавжудлигини инобатга олсак, бу барчамиз, айниқса, ёшларимиз учун ўзликни англаш, халқимизнинг тарихи, маданияти, қадрият ва анъаналарини чуқур ўрганиш учун ажойиб имконият ҳисобланади.

Дилфуза РАВШАНОВА,

ЎзМТДПдан халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгаши депутати