Кашфиётни кутманг, ниқоб тақинг! — Янгиликлар — Миллий тикланиш

Ўзбекистон Миллий тикланиш демократик партияси

Партия логотипи Партия логотипи

Кашфиётни кутманг, ниқоб тақинг!

Тиббиёт ниқоблари ҳар қандай вирусли эпидемиянинг муҳим атрибутига айлангани узоқ тарихга бориб тақалади. XVIII асрнинг охирида тиббиёт ниқоблари дастлаб касалхоналарда ишлатила бошланди. Инсоният тарихининг 1919-1920 йилларида 18 ой давом этган “испан грипи”нинг тарқалиши оқибатида ер юзида 550 миллион нафарга яқин (29,5%) инсон касалланади. Бу оммавий грипп пандемиясидан 100 миллион нафарга яқин инсон қурбон бўлади. Мазкур эпидемия инсоният тарихининг кенг кўламли инқирози бўлиб тарихга мухрланди.

Хўш, бу пандемиянинг юзага келишига нима сабаб бўлди?

Биринчи жаҳон урушининг сўнгги ойларида бу иллат урушнинг аянчли оқибатида юзага келган антисанитария ҳолати ва яхши овқатланмаслик сабаб ҳарбийлар ва қочоқлар лагерларида юзага келади. Дастлабки беморлар 1918 йилнинг апрель ойида АҚШда аниқланган бўлсада, Европа мамлакатларида бу касаллик пандемияси ҳақида 1918 йилнинг май-июнь ойларида Испания биринчи бўлиб матбуотда эълон қилгани боис, у “испан грипи” номини олган.

Маълумки, бугун COVID-19 вируси пандемияси сабаб бутун дунё ниқобда. Кўча-куйда ниқобсиз юрган инсон атрофдагилар учун гўё “ўз жонига қасд қилган одам”дек кўрина бошлади. Телевизор экрани орқали шифокорлар аҳолини ниқобда юришга чорласа, бир пайтнинг ўзида бошқа оммавий ахборот воситаларида ниқоб вирусдан ҳимоя қила олмаслиги ҳақида маълумотлар берилиши турли қарама-қарши муносабатларни юзага келтирмоқда. Ўринли савол туғилади: ниқоб тақиш керакми ёки йўқ?

Бу борада кўплаб маълумотларни, тадқиқотларни, шунингдек тиббиёт ниқоблари борасида йўриқномаларни таҳлил қилиб, айримларини ҳавола этишни лозим топдик.

Маълумотларга кўра, 2009 йилда H1N1-пандемияси (“чўчқа грипи”) юза келган вақтда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тиббиёт ниқобларини тақишни тавсия этади. Бироқ, мазкур пандемия шароитида одатий муҳитда, очиқ ҳавода доимий оммавий ниқоб тақишни назарда тутилмайди. У фақат респиратор симптоми бор, яъни йўтал ёки нафас олиши қийин беморлар учун, ёки бемор билан контактда бўлган инсон учун тавсия этилади.

Аслида беморнинг ниқоб тақиши – бу унинг атрофдагиларга касалликни юқтириш эҳтимолини камайтиради. Бу ҳолатда бемор ниқобини тез-тез янгилаб туриш лозим. Аксинча, ниқобнинг ўзи бемор учун касаллик манбаига айланади.

Соғлом инсонга ниқоб тақиш эса ташқаридан касалликни юқтириш эҳтимолини камайтиради.

Хитой, Гонконг ва Австралияда ниқоб тақишни касаллик белгилари бор одамларга тавсия этилса, Сингапурда ҳатто оддий бурун оқиши ҳам касаллик белгиси саналади. Шу боис, бундай вазиятларда ҳам ниқобда юриш талаб этилади. Бундан ташқари, ниқоб тақиш соғлом одамлар учун касалхонада бўлган вақтда, транспортда, омма орасида, ёпиқ ёки кам ҳаво алмаштириладиган муҳитда, бола парвариши пайтида талаб этилади.

Бир сўз билан айтганда, ниқоб тақиш ҳар бир жамиятнинг маданий меъёрлари билан боғлиқ.

Матодан тайёрланган тиббий ниқоб

Кўпчиликни қизиқтирган яна бир муҳим жиҳат: пандемия шароитида респираторнинг ҳимоя эҳтимоли юқорими ёки матодан тайёрланган тиббиёт ниқоби?

Бу борада олиб борилган тадқиқотлардан мисол келтирамиз. Канадада грипп эпидемияси вақтида шифохонанинг 446 нафар ҳамшираси икки гуруҳга ажратилиб, 1-гуруҳга матодан тайёрланган тиббиёт ниқоби, 2-чи гуруҳга эса N95 даражали респиратордан фойдаланиш тавсия этилади. Тадқиқот натижасига кўра, 1-гуруҳда 23,6% ҳамширада грипп юққанлиги кузатилган бўлса, 2-гуруҳда бу кўрсаткич 22,9% ни ташкил этган. Тадқиқот хулосаси, пандемия шароитида респиратор ва матодан тайёрланган тиббиёт ниқобининг ҳимоя эҳтимоли бир-бирига яқинлигини кўрсатган.

Респираторли ниқоб

COVID-19 вируси пандемияси сабаб кўпгина мамлакатларнинг Соғлиқни сақлаш вазирликлари касалликнинг оммавий тарқалишини олдини олиш мақсадида фуқароларни тиббиёт ниқоблари тақишини талаб қилмоқда.

Бугун бутун дунё олимлари ва шифокорлари тиббиёт ниқобларининг аҳоли томонидан дорихоналардан оммавий харид қилиниши касалхоналар фаолиятини эпидемия шароитида қийин аҳволда қолдираётганини таъкидламоқда. Чунки шифохонада тиббиёт ниқобини тез-тез алмаштириш ва уларни утилизация қилиш талаб этилади. Дорихоналарда эса тугаганлиги боис, эҳтиёжни таъминлашнинг имкон бўлмаяпти.

Бундан ташқари, тиббиёт ниқоблар ишлаб чиқарувчи корхоналар сони камлиги, шунингдек айни пайтда ишлаб чиқаришда давлат стандартларига жавоб берувчи ишончли ҳимоя хусусиятига эга бўлган тиббиёт ниқобини тайёрлашда қўлланиладиган СМС-25 типидаги спанбонд ҳамда мельтблаун хом ашёларининг етишмаслиги кузатилмоқда. Маълумотларга кўра, мазкур тиббий ниқоблар ҳар 2 соатда алмаштирилиши лозим. Яъни, 24 соат ичида тиббиёт ходими 12 та ниқоб алмаштиришига тўғри келади.

Мазкур хом ашёдан тайёрланган тиббиёт ниқобларининг ўртача нархи 3000 сўмдан ҳисоблаганда, бир кунда 12 та ниқобнинг қиймати 36 000 сўмни ташкил этади.

Мамлакатимизда жорий йилнинг 1 март ҳолатига кўра, 15 та тиббий ниқоб ишлаб чиқарувчи корхона бўлиб, уларнинг кунлик ишлаб чиқариш қуввати 450-500 минг донани ташкил этган бўлса, 1 апрелга келиб тиббий ниқоб ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг сони 190 тага етказилиб, уларнинг умумий ишлаб чиқариш қуввати 4,3 миллион. донага оширилди. Шунингдек, Республика Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ниқоблар тиббий буюмлар рўйхатидан чиқарилиб, ҳозирги кунда уларни ишлаб чиқариш ва реализация қилиш учун алоҳида лицензия талаб этилмаслиги белгилаб қўйилди.

Ўзбекистон Республикаси Маъмурий Жавобгарлик тўғрисидаги Кодексига ҳам Карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ва тарқалиши шароитида тиббий йўсиндаги мажбурлов чорасини қўллаш ҳамда карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ва тарқалиши шароитида жамоат жойларида ниқобсиз юрганлик учун жарима белгилаш каби ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Пандемия шароитида айни пайтда ҳатто АҚШда ҳам тиббиёт ниқоблари етишмаслиги кузатилгани боис, Касаллик профилактикаси ва назорати бўйича Марказ (CDC) респиратор ва тиббиёт ниқоблари етишмаслиги вужудга келганда, матодан тайёрланган ниқобдан фойдаланиш мумкинлигини тавсия этмоқда. Бироқ, NIOSH (National Institute for Occupational Safety and Health) бу каби ниқобларни самарали, деб топмасада.

Стандарт тиббиёт ниқоблари аҳолини ҳаво-томчи йўли билан юқувчи бактерия ва вирусдан самарали ҳимоя қилиш воситаси бўла олмайди. Бундай ниқоблар махсус фильтрга ҳам эга эмас. Бундан ташқари, юзга ҳам маҳкам ёпишиб турмайди, шу билан бирга кўзни ҳимоя қила олмайди. Бироқ, юқтириш эҳтимолини  камайтиради”, дейди Лондон университети доктори Д.Кэррингтон.

Аслида ниқоб ҳар қандай ҳаво-томчи йўли орқали тарқаладиган вирусдан ҳимоя қилиш хусусиятига кўра, тиббиёт ходимлари томонидан юқори баҳоланади.

Қизиқ бир маълумот: тадқиқотларга кўра, бир соат мобайнида инсон юзига ўрта ҳисобда 23 марта қўл текизар экан. Инсон организмида айнан қўллар кўпроқ вирус ташувчи саналади. Шунинг учун асосий эътиборни ниқобларга эмас, оддий гигиеник қоидаларга амал қилишга қаратиш лозим. Ниқобларни эса беморлар учун, тиббиёт ходимлари учун, беморнинг қариндошлари учун ҳам тежаш муҳимроқ.

Буюк Британия Соғлиқни сақлаш вазирлиги аҳолининг инфекциядан ҳимояланиши учун қуйидагиларни тавсия қилади:

  • қўлларни мунтазам иссиқ сувда совунлаб ювиш;
  • кўз,бурун ва юзга имкон қадар тегмаслик;
  • соғлом турмуш тарзига амал қилиш ва жисмоний машғулотлар билан шуғулланиш;
  • ниқобдан тўғри фойдаланиш, тез-тез алмаштириш, хавфсиз утилизация қилиш;
  • жамоат транспортларидан фойдаланмаслик, одамлар кўп тўпланадиган жойларда бўлмаслик;
  • мобил телефон ва шахсий буюмларни тез тез тозалаб туриш;
  • шамоллаш аломатлари бор инсонлардан узоқроқда бўлиш, оила аъзоларидан кимдир шамоллаб қолса, дарҳол унга ҳам ўзига ҳам ниқоб тақиш;
  • аксирганда ва йўталганда бурун ва оғизни қоғоз сочиқ билан ёпиш;
  • қўлларни тез-тез антисептик воситалар билан тозалаб туриш.

Албатта, бу тавсиялар кўплаб мамлакатларда аҳоли саломатлиги учун қайта-қайта таъкидланмоқда. Аммо, бу тавсиялар Японияда одатга айланиб улгурган. Маълумотларга кўра, Японияда пандемиядан анча йиллар аввал аҳоли бир йилда 5,5 миллиард дона ниқоб ишлатган. Бу эса ҳар бир фуқарога ўрта ҳисобда 43 донадан тўғри келган. Ҳар қандай вирус жуда кўп ҳолларда қўллар орқали юқишини инобатга олиб, японияликлар ҳар куни чўмилиш, қўлларини нам сочиқда артиш, имкони бўлиши билан қўлларини ювишни кундалик одатга айлантиришган. Бундан ташқари, улар одатларига кўра, қўл бериб кўришмасдан, бир-бирига таъзим бериш билан саломлашади. Шубҳасиз, бу ҳам вирусни юқиш эҳтимолини камайтиради.  Худди шу каби ўзбекона лутфга амал қилиб,  қўлни кўксимизга қўйиб саломлашишни канда қилмасак, фойдадан холи бўлмасди.

Психологлар фикрига кўра, инсон янги одатларни 20 кун мунтазам такрорлаш натижасида ўзлаштиради. Шундай экан, юқорида келтирилган оддий гигиеник қоидаларга мунтазам амал қилиш орқали уларни одатга айлантириш мумкин. Албатта, бунинг учун инсондан қатъий ирода ва масъулият талаб этилади. Бундан ташқари, ҳар қандай эпидемия даврида инсон иммун тизими муҳим аҳамиятга эга. Маълумки, инсоннинг ҳаёти давомида бирор тушкун ҳолатга тушиши, ҳатто совуқ кунлар ҳам унинг кайфиятига ва иммун тизимига салбий таъсир кўрсатади. Бунинг учун албатта, оёқни иссиқ тутиш, очлик ҳиссини уйғотмаслик ва кўтаринки кайфиятда бўлиш ўта муҳим. Шубҳасиз, бу уч усулни доимий назорат қилиш, осон албатта.

Мамлакатимизда COVID-19 коронавирус инфекцияси тарқалишини олдини олишда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” партияси Марказий кенгаши ва ҳудудий партия ташкилотлари томонидан карантин тадбирлари вақтида тарғибот-ташвиқот ва ижтимоий кўмак ишларини янада кучайтиришга қаратилган қатор чора-тадбирлар амалга оширилди. Мазкур тадбирлар доирасида аҳолининг тиббиёт ниқобларига бўлган эҳтиёжини таъминлаш мақсадида партиянинг “Аёллар қаноти” томонидан маҳаллаларда истиқомат қилаётган вақтинча ишсиз хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, шунингдек ногиронлиги бўлган, кам таъминланган оилалар фарзандларини қўшимча бепул касб-ҳунарга ўргатишга қаратилган “Хизмат-беминнат” кўнгилли зиёлилар лойиҳаси доирасида 200 нафарга яқин тикувчи хотин-қизлар рўйхати шакллантирилди. Улар томонидан “Ижтимоий кўмак” акцияси доирасида жорий йилнинг 23-30 мартига қадар 130 000 дан ортиқ тиббиёт ниқоблари тикиб, ўз ҳудудларида истиқомат қилувчи аҳолига бепул етказиб берилди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва коронавирусга қарши курашишда тажрибага эга мамлакатлар (Хитой, Жанубий Корея) мутахассисларининг тавсияларига кўра, республикамизда “ўзини яккалаш” ҳаёт тарзи жорий этилди. Бу борада ҳам куни кеча партиянинг ижтимоий тармоғида “Сиз карантин даврида “ўзини яккалаш” тартибига амал қилаяпсизми?” аноним кичик сўрови амалга оширилди. Олинган натижаларга кўра, мазкур саволга – “ҳа” 85%, “йўқ” (5 %), “қисман” (12 %) жавоб олинди. Бу эса айни пайтда карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ва тарқалишининг олдини олиш вазиятида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ижросини қатъий назоратга олишни тақозо этади.

Шу ўринда мамлакатимизда карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ва тарқалишининг олдини олишда аҳолининг стерилланган тиббий ниқобларга бўлган эҳтиёжини таъминлаш мақсадида уй шароитида стерилланган дока ва бинтдан давлат санитария-эпидемиология қоидаларига кўра, тиббиёт ниқобини тайёрлаш усулларини қуйида келтириб ўтишни жоиз топдик.

Уй шароитида тиббий ниқоб тайёрлаш

ЙЎРИҚНОМАСИ

I. Докадан тайёрланадиган ниқоб

Керакли буюмлар:

– 1 м дока;

– 1.20 см резина тасма;

– чизғич;

– қайчи;

– тикиш учун ип.

Тайёрлаш усули:

1. Узунлиги 1 м, эни 88 см ўлчамда докани олиб, ўз энига кўра, тенг тўртга буклаб тахланади.

2. Тайёр бўлган 4 қаватли тахлам дока устига яна 4 қават қўйиб, 8 қаватли тахламни 22 Х 18 см ўлчамда белгилаб олинади.

3. Тайёр бўлган тахлам кесиб олинади. Шу усулда қолган бўлаклари ҳам кесиб чиқилади.

4. Кесиб олинган дока бўлаклар ички қаватидан тикиб, ўгириб олинади. Ён томонлари бурма шаклида тикилади.

5. Ниқоб четига узунлиги 18-20 см ли резина тасма тикиб чиқилади.

Эслатма: Уй шароитида 1 м докадан 3 дона ниқоб тайёр бўлди. Агар
ўрта ҳисобда 1 м доканинг нархи 1500-1800 сўм бўлса, уй шароитида тайёрланган 3 дона ниқоб шу қийматга тушади.

II. Стерилланган бинтдан тайёрланадиган ниқоб

Керакли буюмлар:

– 1 дона стерилланган бинт;

– чизғич;

– қайчи;

– тикиш учун ип.

Тайёрлаш усули:

1. Бинтни 22-24 см узунликда 8 қават қилиб тахланади ва кесиб олинади.

2. Ниқоб тасмаси учун узунлиги 80-90 см бинт кесиб олинади, узунлиги бўйлаб яна иккига кесиб олинади.

3. Тайёр тахламанинг тепа ва пастки қисмига тасмани тикиб чиқилади.

4. Ниқобни ён томонлари бурма шаклида тикилади.

Эслатма: Уй шароитида 1 дона бинтдан 4 дона ниқоб тайёр бўлди. 1 дона бинтнинг нархига4 дона ниқоб шу қийматга тушади.

Уй шароитида тиббий ниқобни қайта стерилллаш

ЙЎРИҚНОМАСИ

  1. Ниқобни 30 дақиқа оддий сувда қайнатилади.
  2. Кейин тоза сувда чайқалади.
  3. Ювилган ниқобни тўлиқ қуритилади.
  4. Қуриган ниқобни дазмол буғида дазмолланади.
  5. Стерилланган ниқобларни узоқ муддат сақлаш учун уни қалинроқ матодан тайёрланган қопчада сақланади.

Эслатма: Уй шароитида ишлатилган ниқобни қайта стерилланмаса, уни полиэтилин пакетга солиб, мустаҳкам тугиб, чиқиндига ташлаб юборилади.

Хулоса ўрнида бугунги пандемия шароитида турли мамлакатларнинг турли қарашлари, юқорида келтирилган қатор тадқиқотларни инобатга олиб, бу борада янги изланишларни, яъни бутун дунё аҳолисини ўйлантираётган қатор саволларига жавоб излаш, касалликни эрта аниқловчи қурилмалар, янги вакциналар кашф этиш, тажрибага таяниб даволашнинг ягона самарали усулини жорий этиш, эпидемия даврида ҳимояланишнинг ишончли воситасини яратиш, карантин даврини ташкил этиш билан боғлиқ ҳар томонлама чораларни ишлаб чиқиш юзасидан тизимли илмий хулосаланган қатор инновацион тадқиқотларни амалга оширишни тақозо этади.

Шундай экан, кашфиётни кутмасдан ниқоб тақинг.

Шахноза Султанова,

ЎзМТДП МК ИҚ девони

бош мутахассиси

(ЎзР ССВ билан бирга тайёрланди)