КИТОБДАН ЯХШИ ДЎСТ ЙЎҚ ЖАҲОНДА — Янгиликлар — Миллий тикланиш

Ўзбекистон Миллий тикланиш демократик партияси

Партия логотипи Партия логотипи

КИТОБДАН ЯХШИ ДЎСТ ЙЎҚ ЖАҲОНДА

Бугун бутун дунёни ларзага солиб, ўзининг бўй-бастини кўрсатаётган коронавирус пандемияси миллати ва ирқидан қатъий назар барчани бир ёқадан бош чиқарган ҳолда ҳамжиҳатликда чоралар кўришга ундамоқда.

Ушбу касалликни енгишнинг бирдан-бир қулай усули уйда қолиш эканлиги тўғрисида кўп ва хўп таъкидланмоқда.
Албатта, бировга фойданг тегмаса, ҳалақит ҳам берма дейишади. Аммо бугун ОАВ ва ижтимоий тармоқларда тарқалаётган хабарлар кишини бироз бўлса-да мулоҳазага чорлайди.

ИИВ матбуот хизматининг маълум қилишича, мамлакатимизда ўн беш минг нафарга яқин юртдошимиз карантин қоидаларига амал қилмасдан ҳаракат қилмоқда.

Тўғри, уларга нисбатан тегишли тартибда жазо чоралари кўрилади. Аммо бунда кеч бўлиши мумкин.

Бугун тез тез такрорланмоқда: зарурат бўлмаганда кўчага чиқманг. Дарҳақиқат шундай. Уйда ҳам фойдали иш билан машғул бўлиш мумкин.

Кимдир масофадан туриб ўзига бириктирилган ишни қилмоқда, кимдир бугунги ҳолатдан фойдаланиб оиласи даврасида вақтини мазмунли ўтеазиб, фарзандларига вақт ажратмоқда.

Уларнинг дарсини тайёрлашига кўмаклашиб, бир оз бўлсада болалигига қайтмоқда. Яна кимдир китоб варақламоқда.

Алломалар таъкидлашади: Китобдан яхши дўст йўқ жаҳонда. Дарҳақиқат шундай. Китоб мутолаа қилган киши ҳар бир замонда улуғланган, юқори мартабаларга эришган. Эл орасида ҳурмат, эътиборга сазовор бўлган. Чиройли ва маънили сўзлаган.

Айтишадику, кишини кийимига қараб кутиб олишади, сўзига қараб кузатиб қўйишади.

Шундай экан юртдошим, китоб ўқийлик, бир он бўлса-да китобга ошно тутунайлик. Вақтимизни беҳуда ўтказмайлик.

Тўғриси ҳам шу: юртимизда барча тегишли соҳа вакиллари ҳамжиҳатликда офат билан курашаётган бир паллада тавсия этилаётган ҳар бир ҳолатга амал қилиш барчамизнинг фуқаролик бурчимизга айланмоғи даркор. Зеро, ўз манфаатимизни ўйлаб ўзгалар соғлиғини хавф-хатарга қўймайлик.

Абдували Бўриев,
ЎзМТДП Навоий вилояти Кенгаши матбуот котиби