Коронавирус билан касалланган бир киши уни 59 минг кишига юқтириши мумкин — Янгиликлар — Миллий тикланиш

Ўзбекистон Миллий тикланиш демократик партияси

Партия логотипи Партия логотипи

Коронавирус билан касалланган бир киши уни 59 минг кишига юқтириши мумкин

Бугунги куннинг асосий ва энг муҳим мавзуси шубҳасиз, коронавирус бўлиб қолди. Чунки ушбу вирусга қарши дунё ҳамжамияти ёппасига оёққа турган бўлса-да, бу кўзга кўринмас митти офатни ҳаётимиздан йўқота олмаяпти. Аксинча, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти огоҳлантирганидек,  вирус янги ва ўта хавфли босқичга кирмоқда.

Касалликнинг кўпайишига аслида ўзимиз сабабчи бўляпмиз. Тўғри, карантин талаблари иқтисодиётни тиклаш, одамларнинг тирикчилиги учун юмшатилди. Касалликдан қачон қутилишимиз ҳам номаълум, энди ҳаммани “уйда қамаб” ҳам бўлмай қолди. Лекин бу лоқайдликка берилиб, ўйин-кулгуни бошлаш дегани эмас.

Шифокорлар ниқобни ечмаслик, икки метрлик оралиқ масофани сақлаш ҳақида қанчалик бонг урмасин, барибир ўз билганимиздан қолмаяпмиз. Бунинг оқибатини эса бир неча кун олдин тарқалган хабардан кўрдик. Юнусобод туманида яшовчи фуқаро икки фарзандининг тўрт кун ичида кетма-кет ўтказган никоҳ тўйи сабабли ҳам келин, ҳам 12 нафар маросим қатнашчисида коронавирус аниқланган.

Англиялик профессор Ҳью Монтгомерининг айтишича, коронавирус билан касалланган бир киши уни 59 минг кишига юқтириши мумкин экан. «Агар мен оддий гриппга чалинсам, уни ўртача 1,3-1,4 кишига юқтиришим мумкин. Иккинчи босқичда ўша 1,3-1,4 киши касалликни яна шунча одамга юқтирса ва бу ҳолат 10 марта такрорланса, мен 14 кишига грипп юқтирган бўламан. Коронавирус эса анча зарарли. Ҳар бир коронавирус билан касалланган одам уни ўртача 3 кишига юқтириши мумкин. Бир қарашда фарқ катта эмасдек, лекин ўша 3 киши яна 3 кишига вирус юқтириб, бу жараён 10 марта такрорланса, охир-оқибат мен 59 минг кишига коронавирус юқтирган бўламан», дейди профессор.

 

“Тождор” вируснинг иқтисодий кўлами, айниқса, юқори бўлмоқда. Ҳозирча касалликнинг зарари 25 триллион долларга баҳоланмоқда. БМТнинг “Инқирозни баҳолаш, қайта тикланишни режалаштириш» дастурида айтилишича, пандемия инсон тараққиётининг айрим жабҳаларида 40 йилдан буён кўрилмаган йўқотишларга сабаб бўлмоқда. «Бу дунё охирги 30 йилда кўп инқирозларни кўрди. Ҳар бири инсоният тараққиётига қаттиқ зарар етказди. Бироқ барибир инсоният тараққиёти тўхтамаган, йилдан йилга ривожланиб бораверган. “COVID-19” эса трендни ўзгартириб юборди», — дея таъкидланади дастурда. Халқаро меҳнат ташкилоти эса дунё миқёсида 200 миллион киши иш жойини йўқотиш мумкинлигини тахмин қилмоқда.

Коронавирусни юқтирганларни даволаш, ташхис қўйиш учун мамлакатлар катта харажат қилишга мажбур бўлмоқда. Масалан, АҚШда бир беморни даволаш харажатлари ўртача 30 минг долларни ташкил этаётган бўлса, Ўзбекистонда коронавирусга чалинганларни даволаш учун ҳар беморга 32 миллион сўмдан маблағ сарфланмоқда. Оғир аҳволдаги, жонлантириш бўлимида ётган ҳар бир беморга эса ўртача 64 миллион сўмдан маблағ харж қилинмоқда. Карантинда бўлиб турган фуқароларнинг ҳар бири учун 14 кунлик даврида 2,4 миллион сўмдан, коронавирусдан тузалиб, реабилитацияга олинган ҳар бир бемор тикланиши учун 2,8 миллион сўмдан сарфланмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 16 июнь куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида яна бир бор ҳалқимизга мурожаат қилиб, коронавирус билан боғлиқ вазият тобора мураккаб тус олаётганини, бугун пандемияга қарши курашишда ҳушёрлик ва масъулиятни ўн карра оширишимиз лозимлигини, қанчалик қийин бўлмасин, бу босқичда карантин қоидаларига қатъий амал қилишимиз, ҳар бир ишимизни эҳтиёткорлик билан, оқибатини пухта ўйлаб, нафақат ўзимиз, балки оиламиз ва фарзандларимиз олдидаги масъулиятни чуқур ҳис этиб бажаришимиз, акс ҳолда, барча саъй-ҳаракатларимиз йўққа чиқиши мумклинигини алоҳида таъкидлаган эдилар.

Хулоса сифатида айтиш жоизки, мамлакатимиз раҳбари томонидан билдирилган фикр-мулоҳазалар яна бир бор пандемиянинг оғир оқибатлари билан изчил ва самарали кураш олиб боришимизни англатмоқда. 22 нафар юртдошимизнинг ушбу вирусдан қурбон бўлгани барчамизни жиддий ташвишга солмоғи лозим. Шу маънода, кекса ота-оналаримиз, жондек азиз фарзандларимиз, яқинларимиз ҳаёти ўз қўлимизда эканини доимо ҳис қилган ҳолда, карантин талаблари ҳар қадамда, ҳар дақиқада қатъий амал қилиб яшашимиз лозим.      

Гулнора ВАҲАБОВА,

ЎзМТДП Учтепа туман кенгаши раиси, халқ депутатлари Учтепа туман Кенгаши депутати