Кўнгиллар байрами яқин! — Янгиликлар — Миллий тикланиш

Ўзбекистон Миллий тикланиш демократик партияси

Партия логотипи Партия логотипи

Кўнгиллар байрами яқин!

Тушкунликка  тушманг, азизим,

Қолган умрни ҳам яшамоқ даркор!

Бугун  барчамизнинг жисму жонимиз, вужудимиз  қулоққа айлангандек, гўё. Дунё қалқиб турган,  инсонлар ҳаёти  бошига ёғилаётган  турли  офатлару, талофатлар туфайли таҳликада қолаётган  бир  шароитда кўнгилларни кўтарадиган  бирор  янгиликка, умидбахш хушхабарга  интиқмиз, муштоқмиз.  Дунё аҳли пандемиядан азият чекаётган бугунги кунда  коронавирус инфекцияси қайд этилган ҳамюртларимиз сонининг ортиши бизни қайғуга солса, биргина бўлса-да, бемор ватандошимизнинг бу дарддан фориғ бўлиб, оиласи бағрига қайтиши  кўнглимиз байрамига айланяпти. Пандемия балоси етмаганидек, турли табиий офатлару  фалокатлар ҳам сабримизни синаётгандек гўё…

Булар-ку, табиий офатлар, уларни жиловлаш инсонлар измида эмас. Лекин шундай оғир,  синовли кунларда ўзининг ножўя хатти-ҳаракатлари билан яқинларига  озор  етказаётган, атрофдагилар дилини хуфтон қилаётган   кимсаларнинг қилмишини қандай баҳолаш мумкин?! 

Бугун кўпчилик оилаларда рўзғоридаги айрим камчиликлар туфайли юзага келаётган оддий келишмовчиликлар, зиддиятлар  чинакам жанжалларга айланиб кетаётгани айни ҳақиқат. Айрим ҳолатларда бундай оилавий жанжалларнинг авж олиши  заифларни калтаклаш,  уларга  тан жароҳати  етказиш, ҳатто инсон умрига зомин бўлишдек фожиа билан якун топаётгани  ачинарли ҳолат. Янада ачинарлиси, бундай  нохуш ҳолатларда асосан аёллар, оналар, болалар жабр кўряпти…

Карантин давридаги   вақтинчалик чекловларга амал қилишга сабр-тоқати,  бардоши, оиласидаги  маиший инқирозни бартараф этишга қурби етмаётган айрим кимсаларнинг тажовузкорлиги ортиши натижасида аёлларнинг, қизларнинг жисмоний ва жинсий зўравонликка учраётганини, ҳаттоки ҳаётдан бевақт кўз юмаётганини инкор қилиб бўлмайди.

“Айни вақтда пандемия туфайли иқтисодий  ва ижтимоий стрессларнинг  уйғунлашуви ва ундан ҳам ёмони инсонлар ҳаракатига қўйилган қатор чекловлар, деярли бутун дунёда аёллар ва қиз болаларга нисбатан зўравонликларнинг жуда тез ўсишига олиб келди”, дейилади  БМТ ҳисоботида. “Бугун дунё бўйлаб, ҳар  учинчи аёл жисмоний ва жинсий зўравонликка дучор бўлаяпти”,  дейилади мазкур ташкилотнинг  яна бир маълумотида.

Ҳеч бир давлатни, миллатни  четлаб ўтмаётган бундай нохуш вазиятларни ҳар бир мамлакат  ўзича таҳлил  қиляпти, хулосалар чиқаряпти. Қай бир давлат,  бундай ҳолатга  кўпчилик эркакларнинг пандемия туфайли ишсиз қолганини, аламидан ичкиликка ружу қўяётганини сабаб қилиб кўрсатса,  яна бири  карантин давридаги ҳаракатланиш билан  боғлиқ  чекловларга амал қилишга айрим оила бошлиқларининг сабр-тоқати етмай, қуюшқондан чиқиб кетаётганини рўкач қиляпти. Бир  манбаада Туркияда пандемия бошлангандан буён карантин вақтида 18 нафар аёлнинг  ўз  зўравон  “яқин”и  қўлида жон бергани ҳақидаги хабарни  ўқиб, даҳшатга тушдим…

Буюк Британияда уй зўравонликлари билан боғлиқ жиноятчилик ҳолати 125 фоизга ошгани  кузатилса,   Францияда  март ойининг ўзида тегишли ташкилотларга ўз оиласида зўравонликка учраётганига оид 219 минг марта кўп мурожаат бўлган. Пандемия “шарофати” билан  оилавий ажралишлар сони ҳам ортиб бораётгани дард устига чипқондек бўляпти. Хитой Халқ Республикасининг биргина  Сичуан туманида март ойининг бошидан буён 300 дан зиёд  оила ажрашиш учун ариза  берган.  Афсуски, бизнинг юртимизда ҳам бу бу борадаги ҳолат мақтагулик эмас. Оилаларни мустаҳкамлаш борасида олиб борилаётган кўплаб саъй-ҳаракатларга қарамай  ажралишлар сони йилдан йилга ортиб бораяпти.   

АЖРАШИШ

Мен шу сўзни ёмон кўраман! Сўзда нима айб, дерсиз? Тўғри, сўзда айб йўқку-я, лекин бахт қасрини бунёд эмас, барбод қилиш шу сўзнинг  чекига тушган-да. Ахир шу биргина сўз туфайли қанчадан қанча жуфтликларнинг ҳаёт йўллари айро тушади, тақдир сўқмоқлари ўзга ўзанларга бурилиб кетади.

Ажрашиш – орзу-умидлар, эзгу-ниятлар сароби. Қариндошлик ришталарининг илдизга урилган болта. Фарзандлар кўнглини кемтик қилувчи  ҳодиса. Улар тақдирига “чала етим” дея босилган тамға.

“Никоҳдан ажралиш” деган оғриқли тушунча  битта бўлса-да, унга олиб борувчи сабаблар  жуда кўп: оилада эр кишининг ишламаслиги, аёлнинг эри топганига қаноат қилмаслиги,  рашк,  ҳиёнат…  Ҳозир эса бундай сабаблар қаторига пандемия ҳолати ҳам қўшилди. Хуллас, эзгу ният, меҳр-муҳаббат

билан бунёд бўлган оилани барбод қиламан деганга, важ-карсон топилаверар экан.

ЁМОННИНГ КУЧИ…

Хўш, зўравонликлар  борасида бизда  вазият қандай?  Бу саволга жавоб излашдан  аввал  хаёлимга: “Аёллардан Пайғамбарлар чиқмаган, лекин  уларни ҳам аёл дунёга келтирган”, дея оналарни,  демакки, аёлни улуғлайдиган, эъзозлайдиган  халқмиз, бу синовли вазият руҳиятимизга салбий таъсир ўтказа олмайди. Орамиздаги самимият,  меҳр-оқибат ришталарини  янада маҳкамроқ боғласа боғлайдики, акси бўлмайди”, деган фикр келди. Дарҳақиқат, пандемия туфайли эълон қилинган карантин шароити халқимиз иродасини яна бир бор синовдан ўтказди. Аминманки, биз бу синовдан муваффақиятли ўтдик. Халқимиз  табиатига, руҳиятига, тарбиясига хос бўлган бағрикенглик, инсонийлик, ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат каби фазилатларини  тўла намоён эта олди. Ва буни бугун бутун дунё эътироф этяпти!

Аммо, гуруч ҳам курмаксиз бўлмайди, деганларидек, айрим кимсалар (уларни юртдошим дейишга ҳам тил бормайди)нинг қилмишлари, разилликлари этакка сачраган лойдек, кўнгилни ғаш қилади. Тўғри, миллионлаб мўмин-мусулмон, иймонли, эътиқодли, меҳр-оқибатли  халқимизга нисбатан олганда улар жуда озчиликни ташкил қилади. Лекин бундай нобоп кимсаларнинг, ноқис ҳолатларнинг биттаси ҳам кўп, биттаси ҳам халқимиз шаънига доғ.  Афсуски, кучи ўзидан кучсизларгагина  етадиган номардлар  бизнинг орамизда ҳам йўқ эмас. Нафақат эри, балки эрининг қариндошлари  томонидан ҳам зуғумга учраётган аёллар сони бизда ҳам кам эмас…

Яқинда  тўрт нафар фарзанднинг отаси рашк туфайли ўз аёлининг жонига қасд қилгани ҳақида  мудҳиш хабар тарқалди. Кап-катта одамнинг жаҳлини,  қаҳру-ғазабини жиловлай олмай,  тўнғичи  ҳали ўсмирлик ёшига ҳам етмаган фарзандлари пешонасига  ўз қўли билан  етимлик тамғасини босганига  нима дейсиз?! “Мен нима дейману, қўбизим нима дейди”, деганларидек, инсоният  нима ғамда, ташвишда-ю, бу кимсанинг дарди нима?..

 Маълумки, юртимизда хотин-қизлар масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш,  давлат бошқарувидаги ўрнини кенгайтириш, бандлигини таъминлаш,  жамиятдаги ҳамда оиладаги ўрнини мустаҳкамлаш, ҳуқуқий жиҳатдан  ҳимоялаш, саломатлигини муҳофаза қилиш, қўйингчи,  бу нозик ҳилқат вакиллари билан боғлиқ қандай масала бўлса, барчаси ҳукуматимиз эътиборида,  диққат-марказида.  Ўтган йилнинг сентябрь ойида мамлакатимиз  раҳбари томонидан имзоланган хотин-қизларга оид   “Хотин-қизлар ва эркаклар учун  тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги  ҳамда “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан  ҳимоя қилиш тўғрисида”ги  Ўзбекистон Республикаси Қонунларининг қабул қилиниши юртимизда  хотин-қизларга кўрсатилаётган ғамҳўрликнинг яна бир намунасидир . Ушбу Қонунлар  ижросини таъминлаш борасида  республикамизда кўплаб ибратли ишлар амалга оширилди. Жумладан, яқинлари томонидан тазйиқ ва зўравонликларга дуч келаётган аёлларга ёрдам бериш мақсадида  197 та реабилитация марказлари  фаолияти йўлга қўйилди.  Айни вақтда бу марказларда  жабрдийда аёлларга психологик ёрдам кўрсатилмоқда.

Давлатимиз томонидан  хотин-қизларга кўрсатилаётган  эътибор,  ғамҳўрликларга  жавобан  оиласидаги тинчлик, осойишталик, меҳр-оқибат муҳитини сақлаш, ҳаёт ташвишлари ва муаммоларини сабр-тоқат, оқилалик билан ҳал этиш, фарзандларини баркамол инсон қилиб тарбиялаш баробарида  юртимизда  амалга оширилаётган туб ислоҳатлар, янгиланишлар жараёнига ҳам муносиб ҳисса қўшаётган опа-сингилларимиз ҳар қанча таҳсинга сазовор. Лекин  орамизда  бундай эътиборни, имкониятларни  ўзлари учун қўшимча имтиёз деб билаётган ҳамжинсларимиз ҳам йўқ эмаски, уларнинг  қилмишидан юзимиз қизаряпти. Телевидение орқали намойиш  этилаётган “25-соат” номли кўрсатув берилса,  кўзимизни қаерга яширишни билолмай қоляпмиз. Бугунги  COVID-19 номли тожсимон ўлатга қарши курашиш инсоният учун ҳаёт-мамот масаласи бўлиб қолаётган, пандемия, турли табиий офатлар, фалокатлар  туфайли ҳаёт тарзи ўзгариб,  тинчи, ҳаловати йўқолган  минглаб  ватандошларимиз оила аъзолари, яқинлари дийдорига муштоқ яшаётган  бир шароитда,  юрагига  маишат, кўнгилхушлик сиғаётган, тунги соатларда  кўча-кўйда изғиб, атрофдагилар саломатлигига  раҳна солаётган,  ўз уйида фоҳишахона очиб, ҳаром пул топаётган ган енгилтабиат аёлларнинг бундай хатти-ҳаракатларини қандай баҳолаш мумкин?! Фарзанд тарбиясидек муҳим вазифани бундайларга қандай ишониш мумкин?! Ахир уларнинг аксарияти она, оила қуриш бўсағасидаги  бўй қизлар-ку…

Дунёда қандай эзгулик бўлса,  аёл номи билан боғлиқ бўлганидек,  оиладаги ноқислик, фарзандлар тарбиясидаги кемтиклик учун ҳам энг аввало, аёл, она жавобгардир. Аёлдаги ҳар қандай иллат, нуқсон фарзандлари, айниқса, қизлари тарбиясига, ҳаттоки ҳаётига ҳам  ўз таъсирини ўтказмай қўймайди.

Буюк маърифатпарвар Абдулла Авлоний  бундан юз йил муқаддам: “Қайси оналарни айтурсиз, боши паҳмоқ, қўли тўқмоқ оналарними? Ўзларида йўқ тарбияни қайдан олиб берурлар?” деб ёзганида ана шундай АЁЛ деган муқаддас  номга доғ тушираётган  кимсаларни назарда тутган бўлса, ажабмас.

Шукронали, қаноатли миллатмиз, сабрли халқмиз. Келинг, азизлар, кўпнинг бошига келган ушбу синовли кунлардан ҳам ибрат излаб яшайлик. Бир-биримизни қадрлайлик,  оқибатли, меҳр-муҳаббатли, сабр-тоқатли бўлайлик. Талпинганимиз, топинганимиз,  азиз масканимиз – оилаларимизни турли тўфонлару бўҳронлардан асрайлик!  Ўз уйимизни том маънода ўлан тўшагимизга айлантирайлик. Шояд, кўнгилларимиз байрам қиладиган кунлар яқин!

Феруза ЖАЛИЛОВА, 
ЎзМТДП Шайхонтоҳур туман кенгаши раиси