Мактаблар фаолияти депутатлар нигоҳида — Янгиликлар — Миллий тикланиш

Ўзбекистон Миллий тикланиш демократик партияси

Партия логотипи Партия логотипи

Мактаблар фаолияти депутатлар нигоҳида

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Бухоро вилоят Кенгаши раиси, вилоят Кенгаши депутатлик гуруҳи раҳбари Махсуд Мухаммедов бошчилигидаги халқ депутатлари Бухоро туман Кенгашидаги ЎзМТДП гуруҳи аъзолари ҳамда Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламентига Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партиясидан сайланган депутат Зебинисо Аҳмадовалар Бухоро туманидаги 31-умумтаълим мактабида бўлишиб, санитария-эпидемиологик ҳолат билан танишишди.

Ўқув муассасасига кириш йўлагидан бошлаб махсус кўрсатгич чизиқлар орқали ўқувчиларнинг гуруҳларга бўлинган ҳолда ичкарига йўналишлари белгиланмаган ва йўлаклар тартибсиз аҳволда. Санитария-гигиеник ҳолат ҳам қониқарли даражада деб бўлмайди. Антисептик воситалар етарли эмас. Тиббиёт хонаси зарур жиҳоз ва дори-дармон билан тўлиқ таъминланмаган. Мактаб йўлаклари ва синфхоналарига ишлатилган ниқобларни ташлаш учун махсус идишлар қўйилмаган.

Мактаб директори Содиқ Жўраев мактаб ошхонаси фаолияти юзасидан аниқ тўхтамли фикр айта олмади. Хожатхона қисман талаб даражасида. Бундан ташқари, синф хоналарида ўқувчиларнинг масофа сақлаган ҳолда ўтиришлари учун ўриндиқлар белгиланмаган. Бир сўз билан айтганда, мактабда етарлича камчиликлар мавжуд.

Ўрганишлар якунида партия вилоят Кенгаши етакчиси йиғилиш ташкил этиб, қисқа фурсатлар ичида мактабнинг санитария-эпидемиологик ҳолатини яхшилаш, мактабгача бўлган 200 метр масофадаги ички йўлларни асфальтлаштириш, масофадан ўқийдиган ўқувчилар учун интернет тезлигини яхшилаш ва газ таъминотини “Шаҳаргаз”га улаш юзасидан халқ депутатлари туман Кенгашидаги ЎзМТДП депутатлик гуруҳи вакиллари ҳамда мактаб фаолларига аниқ топшириқ ва кўрсатмалар берди.

Куннинг иккинчи ярмида партия вилоят Кенгаши раиси Махсуд Мухаммедов томонидан халқ депутатлари Бухоро туман Кенгашидаги ЎзМТДП гуруҳи аъзолари билан йиғилиш ташкил этилиб, депутатлар томонидан амалга оширилган ишлари ва галдаги устувор вазифалар муҳокама этилди.

Танқидий-таҳлилий руҳда кечган йиғилиш давомида партия гуруҳи аъзолари фаолиятини жонлантириш, самарали ташкил этишни йўлга қўйиш юзасидан аниқ манзилли чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилди.

Шунингдек, йиғилишда айрим депутатлар фаолиятини ўзгартириши, вазифасига янгича ёндошув ва ташаббусларни илгари суриши ҳам таъкид этилиб, фаол ва ташаббускор депутатларга ташаккурномалар тақдим этилди.

ЎзМТДП Бухоро вилоят Кенгаши Ахборот хизмати