Марказий сайлов комиссияси хабар қилади — Янгиликлар — Миллий тикланиш

Ўзбекистон Миллий тикланиш демократик партияси

Партия логотипи Партия логотипи

Марказий сайлов комиссияси хабар қилади

«Xabar.uz» ахборот-таҳлилий портали томонидан Жиззах вилояти 14-«Тонг отар» сайлов округидан Халқ депутатлари Жиззах вилояти кенгаши депутатлигига кўрсатилган номзод Хотин-қизлар қўмитаси бош мутахассиси, «Миллий тикланиш» демократик партияси вакили Куллиева Шоҳсанам такрорий овоз беришдан олдин ўтказиладиган сайловолди ташвиқот масалаларида қонунларга зид равишда ҳаракат қилаётганлигини назарда тутиб “Мутасаддиларга уят”. Қайта сайловлар олдидан шикоят тушди” мавзусида жорий йилнинг 3 январь куни эълон қилинган мақола бўйича Марказий сайлов комиссияси қуйидагиларни маълум қилади:

Биринчидан, “Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашларига сайлов тўғрисида”ги Қонун Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил
25 июндаги ЎРҚ-544-сонли «Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексини тасдиқлаш тўғрисида»ги Қонунига асосан ўз кучини йўқотган.

Иккинчидан, Юқорида номи қайд этилган ва кучини йўқотган қонунда мақолада ҳавола этилган “Давлат ҳокимияти органлари мансабдор шахслари сайлов олди тарғибот ишларида иштирок этиши тақиқланади”, деган ушбу норма мавжуд бўлмаган.

Учинчидан, Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 43-моддасига кўра, вилоят Кенгаши депутатлигига номзод беш нафарга қадар ишончли вакилга эга бўлишга ҳақли, ишончли вакиллар номзодга сайлов кампаниясини ўтказишда ёрдам беради, сайлаш учун ташвиқот олиб боради, давлат органлари ва жамоат бирлашмалари, сайлов комиссиялари билан бўладиган муносабатларда номзоднинг манфаатларини ифодалайди.

Депутатликка номзоднинг ишончли вакили сайлов комиссиясининг аъзоси бўлиши мумкин эмас. Бундан бошқа чекловлар мавжуд эмас.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг
44-моддасига кўра,нотўғри ахборотни, шунингдек номзодларнинг шаъни ва қадр-қимматига путур етказадиган маълумотларни тарқатиш тақиқланади.

Марказий сайлов комиссияси
Матбуот хизмати