Маҳаллий депутатлар фаоллашмас экан, ислоҳотлар кутилган самарани бермайди — Янгиликлар — Миллий тикланиш

Ўзбекистон Миллий тикланиш демократик партияси

Партия логотипи Партия логотипи

Маҳаллий депутатлар фаоллашмас экан, ислоҳотлар кутилган самарани бермайди

“Тараққиёт стратегияси” марказида Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Марказий кенгаши ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси ҳамкорлигида “Янги Ўзбекистон шароитида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлар фаолияти ҳамда ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришнинг устувор йўналишлари” мавзусида Республика ўқув-семинари бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Қонунлари, Президент фармон ва қарорлари ижросини таъминлашда маҳаллий кенгаш депутатлари ҳамда партиянинг ҳудудий ташкилотлари раҳбарлари масъулиятини ошириш ва бу борада тажриба алмашиш мақсадида ташкил қилинган тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгаш депутатлари ҳамда партиянинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар кенгашлари раислари иштирок этди.

– Мамлакатимизда маҳаллий кенгаш депутатлари мақомини ошириш, ваколатларини янада кенгайтириш, уларнинг парламент даражасида фаолият кўрсатишини таъминлаш бўйича муҳим ўзгаришлар амалга оширилмоқда, — деди партия Марказий кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Нодиржон Мухторов тадбирни очар экан. – Депутатларнинг асосий вазифаси ўз-ўзини ташкиллаштириш ёки бошқариш эмас, балки қабул қилинаётган қонунлар, фармон ва қарорларнинг жойлардаги ижросини таъминлаш, сайловчиларга давлат томонидан кўрсатилаётган ижтимоий хизматларнинг амалга оширилишини назорат қилишдан иборатдир. Афсуски, бу вазифани барча депутатлар ҳам бирдек бажараётгани йўқ. Бугунги ўқув-семинарни ташкил қилишдан мақсад ҳам депутатлар ишини самарали ташкил этиш, бу борадаги қонунчиликни янада такомиллаштириш, таклифлар беришдир.

Тадбирда таъкидланганидек, сўнгги йилларда маҳаллий кенгашларнинг назорат фаолиятини кучайтиришга қаратилган ҳуқуқий асослар яратилиб, маҳаллий давлат идоралари раҳбарларининг тегишли кенгашлар олдида ҳисобдорлиги қонунан белгилаб қўйилган бўлса-да, бу ишлар амалга оширилишини таъминлаш, кенгашлар фаолияти самарали кечиши учун яратилган шарт-шароитлар кутилган даражада эмас. Бунинг ўзига яраша сабаблари бор, албатта. Бу эса депутатлар мақомини оширишга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгариш ва қўшимчалар киритиш, янгиларини қабул қилиш заруратини туғдирмоқда.

Семинарда партия ва унинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси томонидан Ўзбекистон Республикасининг “Халқ депутатлари маҳаллий кенгашлар регламенти тўғрисида” ҳамда “Халқ депутатлари маҳаллий кенгашлар назорати тўғрисида”ги қонун лойиҳаларни қабул қилиш таклифи илгари сурилди.

Тадбирда партия Марказий кенгаши раисининг ўринбосари Миродил Абдураҳмонов, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Жаҳонгир Ширинов ва Фарҳодбек Ашматов ҳамда ҳудудий кенгаш раислари Ҳамиджан Оманов, Илҳом Ражабов, Сайдулла Абдураимов ва бошқалар сўзга чиқиб, “Маҳаллий кенгашлар депутатларининг оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлиги”, “Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлар фаолиятининг қонуний асосларини такомиллаштириш”, “Ҳудудий партия ташкилотлари раҳбарларининг компетентлиги, креативлигини ошириш ва уларда замонавий бошқарув кўникмаларни ривожлантириш”, “Ўзбекистон ва жаҳон сиёсий майдонида рўй бераётган сиёсий жараёнларни таҳлил қилиш ва баҳолаш кўникмаларини ривожлантириш”, “2020 йилда қабул қилинган қонунларнинг мазмун-моҳияти ва уларни қабул қилишда ЎзМТДП фракциясининг муҳим ташаббуслари”, “Ўзбекистон Республикаси Президенти бошчилигида амалга оширилаётган ислоҳотларда ЎзМТДП партия ташкилотлари ҳамда депутатларининг ўрни ва роли” мавзуларида маърузалар ўқидилар.

Шунингдек, партия мақсад ва вазифаларидан келиб чиққан ҳолда 2020 йилнинг 30 октябрида Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида мамлакатимизда таълим-тарбия тизимини такомиллаштириш, илм-фан соҳаси ривожини жадаллаштириш бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгиланган вазифалар ижросини таъминлашда партия ва депутатлари олдида турган муҳим вазифалар муҳокама қилинди.

ЎзМТДП Марказий кенгаши Ахборот хизмати