“Менинг армиям — менинг фахрим!” — Янгиликлар — Миллий тикланиш

Ўзбекистон Миллий тикланиш демократик партияси

Партия логотипи Партия логотипи

“Менинг армиям — менинг фахрим!”

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Марказий кенгаш раиси ўрибосари Феруза Мухамеджанова бошчилигидаги партия вакиллари 14 январ — Ватан ҳимочилари куни муносабати билан Жиззах вилояти, Шароф Рашидов туманидаги ҳарбий қисмда бўлиб, ватан ҳимоячилари билан учрашди.

Маълумки, 1992 йилнинг 14 январь санаси мамлакатимиз тарихига ўзбек миллий армияси ташкил топган кун сифатида муҳрланган. Ўтган йиллар давомида юртимиз чегараларини муносиб ҳимоя қиладиган, халқимиз тинчлиги ва осайишталигини таъминлашга қодир миллий армиямиз шаклланди.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларида ўтказилаётган ислоҳотлар мамлакатимиз Мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлиги, барқарор ривожланиши ва халқимиз тинчлигини янада ишончли ҳимоясини таъминлаш имконини берди. Миллий армиямиз жамиятимизнинг ажралмас қисмига ҳамда ўсиб келаётган ёш авлод ва ҳарбий хизматчиларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, мамлакат келажаги учун фуқаролик масъулияти ҳиссини оширишга хизмат қилувчи етакчи институтга айланди.

Учрашувда сўзга чиққан Ф.Мухамеджанова бугун Ватанни ҳимоя қилиш ёши, миллати, фаолият соҳаси ва касбидан қатъий назар ҳар бир фуқаронинг чинакам шарафли бурчига айланганини, шу боис мамлакатимизда Ватан ҳимоячилари куни халқимизнинг миллий армиядан фахрланиш ва унга бўлган ишонч ҳиссини ошириш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш мақсадида умумхалқ байрами сифатида кенг нишонланаётганини таъкидлади.

Истиқлолнинг илк кунларидан бошлаб буюк саркарда Амир Темурнинг тарихий номи, хотираси қайта тикланди. Авлодларга ибрат бўлгувчи бунёдкорлик салоҳияти, илму фан, санъат ва меъморчиликка оид қарашлари, ҳаётнинг маъно-мазмуни, давлатчилик ва дипломатияси, ҳарбий маҳорати, дину диёнат ва адолати, умуман, Соҳибқироннинг тафаккури маҳсули бўлган “Темур тузуклари” қайта-қайта чоп этилди, ҳаёти, фаолиятига оид кўплаб китоб ва рисолалар нашр қилинди.

Бугун Амир Темурнинг инсонийликни тараннум этувчи бундай эзгу саъй-ҳаракатлар мутлақо янгича талқинда давом эттирилмоқда. Президентимизнинг 2017 йил 5 июлдаги “Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисид”ги Фармонига мувофиқ, Буюк давлат арбоби ва саркарда Амир Темурнинг Ватанга садоқат, эл-юртни ардоқлаш, мардлик, фидойилик ва адолатпарварлик каби юксак фазилатлари ёш авлод учун ўрнак бўлиб хизмат қилишини таъминлаш мақсадида мамлакатимиздаги барча ҳарбий академик лицейларга “Темурбеклар мактаби” деб ном берилган эди.

ЎзМТДП Марказий кенгаши вакиллари шу куни Жиззах шаҳридаги “Темурбеклар мактаби”да ҳам бўлиб, таълим даргоҳида таҳсил олаётган бўлажак ёш ҳарбийлар билан учрашди. Мактаб фаолияти, ўқувчиларнинг яшаш шароитлари билан яқиндан танишди.

Учрашувларда ёш ҳарбийлар томонидан жанговар машқлар намойиш қилинди, куй-қўшиқлар янгради. Фаол ўқитувчи ва ўқувчиларга ЎзМТДП Марказий кенашининг эсдалик совғалари топширилди.

ЎзМТДП Ахборот хизмати