“Миллий тикланиш” ДП Сайловолди дастурида белгиланган вазифалар ижросига киришди — Янгиликлар — Миллий тикланиш

Ўзбекистон Миллий тикланиш демократик партияси

Партия логотипи Партия логотипи

“Миллий тикланиш” ДП Сайловолди дастурида белгиланган вазифалар ижросига киришди

Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси Марказий Кенгаши раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари Алишер Қодиров бошчилигидаги партия Марказий кенгаши вакиллари ва фракцияси аъзоларидан иборат Ишчи гуруҳ партия Сайловолди дастурида белгиланган вазифаларни бажариш, жойларда аҳолини қийнаётган муаммоларни аниқлаш ва уларни ҳал этиш, шунингдек таълим муассалари фаолияти билан танишиш мақсадида Жиззах вилоятига ташриф буюрди.

Бугун 19 февраль куни Жиззах Политехника институтининг кичик мажлислар залида Ишчи гуруҳ томонидан маҳаллий Кенгашларга партиядан сайланган депутатлар учун “Жойлардаги ижтимоий-иқтисодий муаммоларни бартараф этишда маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари ва депутатларнинг ўрни”  мавзусидаги ўқув-семинар ўтказилди.

Унда партиянинг Марказий, вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари фаоллари, Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги фракцияси ва халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларидаги гуруҳи аъзолари, бошланғич партия ташкилотлари, партияга хайрихоҳлар, фаол ёшлар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этдилар.

Семинарда партия етакчиси Алишер Қодиров сўзга чиқиб, бугун мамлакатимизда улкан ўзгаришлар амалга оширилаётганини, барча соҳа ва тизимлардаги ислоҳотлар инсон манфаатларига хизмат қилаётганини таъкидлади. Одамлар эртага эмас, бугун яхши яшамоғи лозимлиги тамойили ҳақиқий маънода ўз ижросини топаётганини ва халқ дардини эшитадиган, уларнинг оғирини енгил қиладиган бошқарув тизими яратилаётганини қайд этди.

Тадбир давомида иштирокчиларга  партиянинг Сайловолди дастурида белгиланган вазифаларни ижро этиш, жойларда аҳолини қийнаб келаётган мавжуд муаммоларни ижобий ҳал этишда ўз ваколатларидан тўлақонли фойдаланиш, маҳаллий мансабдорларнинг ҳисоботларини Кенгаш сессияларида эшитиш, маҳаллий Кенгашларнинг қарорларида партиянинг ғоявий мақсад ва вазифалари ифодаланиши юзасидан тавсия ва кўрсатмалар берилди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 19-25 февраль кунлари Ишчи гуруҳи томонидан маҳаллий Кенгашлардаги партия гурухларига амалий ёрдам курсатиш, улар фаолиятини самарали ташкил этиш, жойлардаги долзарб ижтимоий-иктисодий масалаларни аниклаш ва ҳал этишда депутатларнинг ролини кучайтириш масалаларига бағишланган ўқув-семинар ҳамда Жиззах вилоятида ўрганишлар ўтказилиши режалаштирилган.

ЎзМТДП Жиззах вилоят кенгаши Матбуот хизмати