Миллий ўйинчоқлар қани? — Янгиликлар — Миллий тикланиш

Ўзбекистон Миллий тикланиш демократик партияси

Партия логотпи Партия логотпи

Миллий ўйинчоқлар қани?

20 йилча аввал хориждан кириб келган сатанггина “Barbi” ҳали-ҳануз қизалоқларимизнинг севимли овунчоғи бўлиб қолмоқда.

Бир куни қўшним ана шундай қўғирчоқ қўлтиқлаб уйига шошаётган экан. Гап ораси ундан “шу сатанг қўғирчоқ ўрнига ҳунармандларимиз ишлаб чиқарган “Зумрадой”ни олиб берсангиз бўлмайдими?”, деб сўрадим. Қўшнимнинг жавоби эсабаттар мени ўйга толдирди: “Бозорда миллий ўйинчоқ бормикан? Топиб беринг, сотиб оламиз”.

Ҳа, қўшним ҳақ бўлиб чиқди. Бугун ҳам дўконлар пештоқини “Barbi”лар мўри малахдек эгаллаган. Миллий қўғирчоқларимизга эса кўзим тушмади. Топилгани ҳам хорижнинг матоҳидан қимматроқ. Хўш, дўконларда миллий қўғирчоқларимиз нега кам? Борлари ҳам нима учун қиммат.

Масалага ойдинлик киритиш мақсадида “Ҳунарманд” уюшмаси Андижон вилоят бошқармаси бошлиғи Шаҳлохон Солиевага бир неча савол билан мурожаат қилдим.

— Андижон вилоятида 5,5 минг ҳунарманд рўйхатдан ўтган, шогирдлари билан ҳисобласак, 10 минг киши шу соҳада хизмат қиляпти, — деди Шаҳлохон опа. — Миллий қўғирчоқлар ишлаб чиқариш бўйича ҳам вилоятимиз етакчи. Рўйхатдан ўтган 100 нафар, шогирдлари билан ҳисоблаганда 1,500 ҳунарманд айнан миллий қўғирчоқлар ясаш билан шуғулланяпти.

Андижон шаҳрида асосан миллий қўғирчоқлар ясаш билан шуғулланувчи Низомиддин Эрғозиев 2008 йилдан буён қўғирчоқ ясаш билан шуғулланиб келади. Қўғирчоқларни асосан оила бекаси Майрамхон опа ясаса, хонадон бошлиғи Низомиддин ака хомашё топиш ва тайёр маҳсулотни сотиш билан машғул.

Низомиддин аканинг маълум қилишича, беш нафар шогирди билан кунига 8 соат ишланса, бир ойда 150 дона қўғирчоқ ясайди.

— 2019 йилнинг шу кунига қадар харидор талаби билан Жалақудуқ, Избоскан, Хонобод, Марҳамат туманлари ҳамда Андижон шаҳридаги 50 га яқин мактабгача таълим муассасасига қўғирчоқларимизни етказиб бердик, — дейди ҳунарманд. — Вилоят ҳокими томонидан шаҳримиздаги гавжум маскандан дўкон ажратиб берилган ва маҳсулотимизни асосан шу ерда сотамиз. Қўғирчоқларимиз қимматлиги сабаби қўл меҳнати билан ясалганида. Хомашё нархи ҳам қиммат. Хитойдан келтираётган “Barbi”лар эса конвейер усулида ишлаб чиқарилади. Дўконларда миллий қўғирчоқларнинг йўқлигини талабнинг камлиги билан ҳам изоҳлаш мумкин. Ота-оналар миллий қўғирчоқлардан кўра, арзон “Barbi”ни сотиб олмоқдалар. 

Ҳунарманд дўконидаги миллий қўғирчоқлар нархи билан қизиқдим. Масалан, бўйи 14 сантиметр келадиган, бошида дўпписи, эгнида узун атлас кўйлаги, қалин сочлари ўрилган қўғирчоқ нархи 8 минг сўмдан 12 минг сўмгача. Шаҳар дўконларидаги конвейер усулида ишлаб чиқарилган ярим яланғоч “Barbi”нинг нархи эса баъзи жойда арзон, айримларида қиммат. Бас шундай экан, Европа “маданияти”ни кўр-кўрона тарғиб қилгандан кўра, фарзандларимизга миллийлигимиз уфуриб турган қўғирчоқларни олиб бериб, уларни қадриятларимиз ва урф-одатларимиз руҳида тарбиялаганимиз маъқул эмасми?

Албатта, тарбия оиладан бошланиб, мактабгача таълим муассасаларида давом эттирилади. Шу маънода, қизалоқларимизнинг тарбия масканларида қандай ўйинчоқлар ўйнаётгани билан ҳам қизиқдим. Афсуски, аксарият мактабгача таълим муассаларида қўғирчоқларимиз тугул, миллий ўйинчоқларимизни ҳам учратмадик. Борлари ҳам кўргазмага қўйилган, холос. “Нега миллий ўйинчоқларимиз йўқ” деган саволимизга эса тарбиячилар елка қисиш билан жавоб қайтардилар.

Мамлакатимизда алоҳида вазирлик ташкил қилиниб, мактабгача таълим муассасалари фаолиятини тубдан ислоҳ қилиш борасида хайрли ишлар амалга оширилаётганини барчамиз кўриб турибмиз. Давлат маблағи, хусусий тадбиркорлар саъй-ҳаракати билан деярли ҳар куни замонавий талаб­ларга жавоб берадиган кенг, шинам, ёруғ мактабгача таълим муассасалари очиляпти. Шундай экан, мактабгача таълим муассасаларининг ҳар бир ходими масъулиятни бўйнига олиб, бўлаётган ўзгаришларни юракдан ҳис қилган ҳолда эскича ишлашдан воз кечиши, тарбиялаётган болалар халқнинг фарзанди эканини унутмаслиги лозим.

Камола АБДУВАЛИЕВА,

ЎзМТДП Андижон вилоят

кенгаши етакчи мутахассиси