«Мумтоз» кутубхонаси ҳам ернинг, ҳам меҳнатнинг меваси — Янгиликлар — Миллий тикланиш

Ўзбекистон Миллий тикланиш демократик партияси

Партия логотипи Партия логотипи

«Мумтоз» кутубхонаси ҳам ернинг, ҳам меҳнатнинг меваси

Бутун инсониятни ҳаракатга келтирган ва ҳаракатдан чеклаган коронавирус сабаб бугун эртамиз учун қайғурадиган, режа тузадиган ва ҳаракат қиладиган кунлардамиз. Азиз юртдошлар, жисмонан ҳаракатдан вақтинчалик тўхтасакда, ақлий ҳаракатдан, тафаккур этишдан тўхташга ҳаққимиз йўқ.

Муҳтарам Президентимизнинг мурожаатлари ва карантиндан кейинги Ўзбекистоннинг келажаги, иқтисодий ривожланиши учун бугун, ҳозир қандай ҳаракат қилишимиз, мавриди келганида қаҳрамонлик, фидоийлик қилишимиз лозимлигини айтиб ўтдилар. Барчамиз Юртбошимизни қўллаб-қувватлаган ҳолда ўз имкониятларимизни ишга солиб изланишимиз, ишлашимиз зарур.

Ерни боқсанг, ер сени боқади, мақолининг яратувчиси ҳам, амал қилувчиси ҳам халқимиздир. Ота боболаримиз қанчадан қанча оғир синовли кунлар, урушлару очарчиликларни ҳам мана шу ер ва унинг неъматлари ила енгиб ўтишган.

Туршагу, қовун қоқи ёки тут ва шиннилар Иккинчи Жаҳон уруши вақтида нафақат халқимизга балки фронтдаги жангчиларимизга ҳам «қалқон» бўлган. Бу ҳақиқат. Бу кунларнинг ортда қолгани, тарихда қолгани рост бўлсин.

Айни дамда томорқаларни назорат этиб бориш ва бир қарич бўш ерни ҳам исроф қилмаслик лозимлигини аҳолига тушунтириш лозим, деб ўйлайман.

Мен депутат сифатида шуни тўлиқ ишонч билан айта оламанки, ўз ҳудудим Ўзбекистон маҳалласида яшовчи барча аҳоли ўз томорқаларидан унумли фойдаланишмоқда. Деҳқонлар ўз оила аъзолари билан меҳнатдалар. Ўз хонадонимда ҳам нафақа ёшидаги қайин отам Хайрулла Ҳусанов бошчилигида кунлик эҳтиёжларимиз учун ишлатиладиган барча экинлар экилиб, парвариш қилинмоқда.

Мени қувонтирадиган нарса барча маҳалладошларим ҳовлисида ўрик, бодом, олма, гилос, шафтоли, беҳи, нок сингари мевали дарахтларнинг борлигидир. Булар нон сингари витаминга бой неъматлар. Ўз ҳаётимдан мисол сифатида бир маълумотни айтиб ўтмоқчиман.

Вилоятимизда ягона бўлган бепул «Мумтоз» кутубхонаси ҳам ернинг, ҳам меҳнатнинг мевасидир. 100 гектар ер майдонига эга фермер хўжалиги раҳбари турмуш ўртоғим, оила аъзоларимиз билан биргаликда 16 йилдан буён меҳр билан далада ишлаймиз. Чигит қадаймиз, буғдой экамиз. Мана натижаси.

Ўз оиламизни эмас, бу бағрикенг ер яна 9 та оилани бекаму-кўст боқиб келмоқда. Ўзим бу йил 20 гектар ерга яхши ният ила тўлиқ ишлов бериб чигит қададим. Айни дақиқаларда чигит ниш бериб, қатор кўрсатмоқда. Ўз томорқамизда бир йилда камида икки марта ҳосил оламиз.

Ҳалол меҳнат, ерга берилган меҳр, яъни ишлов оиламизнинг иқтисодий яхшиланишигина эмас, ризқимиз бутлиги, дастурхонимиз тўеинлигидир. Ҳаракатдаги жисмимиз соғлиги, шукронадаги руҳиятимиз поклиги ҳамдир!

Гавҳар ХУСАНОВА,

«Миллий тикланиш» партиясидан Халқ депутатлари Сайхунобод туман кенгаши депутати