Мухтабар ҲУСАНОВА: Сайлов – демократик ҳокимиятни шакллантиришнинг муҳим воситаси — Янгиликлар — Миллий тикланиш

Ўзбекистон Миллий тикланиш демократик партияси

Партия логотипи Партия логотипи

Мухтабар ҲУСАНОВА: Сайлов – демократик ҳокимиятни шакллантиришнинг муҳим воситаси

Ҳар бир демократик давлат ҳокимиятни шакллантиришда сайловларни ташкил этиш ва ўтказиш масалаларига алоҳида эътибор қаратиб, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини самарали ифода этишни таъминлашга интилади. Шу хусусиятдан келиб чиққан ҳолда мамлакатимизда ҳам сайлов тизими ва қонунчилигини халқаро умумэътироф этилган принцип ва нормалар, миллий ҳамда хорижий мамлакатларнинг тажрибаси асосида такомиллаштириб борилмоқда.

Янгиланаётган Ўзбекистоннинг сайлов қонунчилиги ушбу жараённинг барча иштирокчилари учун демократик тамойилларга тўлиқ жавоб берадиган тизимни яратиб берди.

Бунга яқиндагина ўтказилган парламент ва маҳаллий Кенгашларга сайлов мисолида ҳам амалда гувоҳ бўлдик. Бу галги сайлов аввалгиларидан бир қанча жиҳатдан ўзига хослиги билан ажралиб турди. Энг аввало, у сайлов билан боғлиқ ҳуқуқий муносабатлар яхлит тизимга келтирилган Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодекси асосида ўтказилгани аҳмиятга моликдир.

Бундан ташқари, сайловолди ташвиқотларини самарали олиб бориш учун жамоат жойларида, оммавий ахборот воситалари, хусусан, интернет нашрларида кенг ўрин берилгани сиёсий партияларга ўз сайловолди дастурларини аҳолига чуқурроқ таништириш имконини яратди.

Яна бир муҳим жиҳати, сайловчиларнинг сиёсий-ҳуқуқий онги ва маданиятининг ошгани билан боғлиқдир. Ижтимоий тармоқларда ҳамда сайловчилар ўртасидаги ўзаро суҳбатларда партия лидерлари ва фаолларининг оммавий ахборот воситаларидаги чиқишлари, баҳс-мунозарага бой дебатлардаги нутқлари бўйича қизғин муҳокамалар бир неча кунлаб давом этгани фуқароларимизнинг мамлакатда кечаётган ислоҳотларга дахлдорлик ҳисси билан ёндашаётганидан далолат беради.

Бу галги сайлов техник-технологик жиҳатдан ҳам мутлақо янгича форматда бўлиб ўтди.Президентимизнинг 2018 йил 4 октябрдаги «Сайлов жараёнига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори соҳада олиб борилаётган ислоҳотларни янги босқичга кўтаришнинг ҳуқуқий асоси бўлиб хизмат қилди. Энг муҳими, сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати шакллантирилгани, унинг сайловлар жараёнига жорий қилиниши орқали «бир сайловчи – бир овоз» принципига тўлиқ риоя қилиш механизми йўлга қўйилди.

Сайлов қонунчилигининг такомиллаштирилгани, сиёсий партияларга ташвиқотларни олиб боришда янгича сиёсий технологиялардан фойдаланиш имконияти яратилгани, сайлов амалиётига замонавий ахборот технологиялари тобора кенг кириб бораётгани, йилдан-йилга сайловчиларнинг сайлов жараёнига нисбатан талабчанлиги тобора ошаётгани – бу борадаги ислоҳотларнинг нақадар тўғри ва самарали йўналишда олиб борилаётганидан далолатдир. Буни нафақат юртдошларимиз, оддий одамлар, балки сайлов жараёнларида бевосита кузатиб борган бир қатор хорижлик кузатувчилар, халқаро экспертлар ҳам эътироф этмоқда.

Албатта, сайлов ҳам, унга доир қонунчилик ҳам доим ўзгариб, такомиллашиб борадиган жараён ҳисобланади. Шу маънода, бу борада муайян камчиликлар ҳам учраши мумкин. Улар эса, вақт ўтган, тажриба бойиган сайин бартараф этиб борилаверади. Энг муҳими, мамлакатимизда халқнинг хоҳиш-иродасини эмин-эркин билдириши, ўзи муносиб деб билган номзодни парламентга ва маҳллий Кенгашларга вакил этиб сайлаши учун барча шароит ва имконият, мустаҳкам ҳуқуқий база, каттагина тажриба тўплангани демократик принципларни амалда тўлиқ намоён этиш учун замин яратади.     

Мухтабар ҲУСАНОВА,
ЎзМТДП фракцияси аъзоси