Парламент текшируви институтини амалиётга киритиш билан боғлиқ қонун лойиҳаси муҳокама қилинди — Янгиликлар — Миллий тикланиш

Ўзбекистон Миллий тикланиш демократик партияси

Партия логотипи Партия логотипи

Парламент текшируви институтини амалиётга киритиш билан боғлиқ қонун лойиҳаси муҳокама қилинди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида бир гуруҳ депутатлар томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида ишлаб чиқилган — «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасининг иккинчи ўқишдаги муҳокамаси қизғин кечди. Мазкур қонун лойиҳаси парламентнинг назорат функциясини такомиллаштиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Амалдаги “Парламент назорати тўғрисида”ги қонунга мувофиқ, жамият ва давлатнинг энг муҳим манфаатларига дахл қилувчи, мамлакат хавфсизлиги асосларига, унинг барқарор ривожланишига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган муайян фактларни ёки воқеаларни ўрганиш мақсадида Олий Мажлис палаталарининг қўшма қарори билан парламент текширувлари ўтказилиши мумкин. Аммо парламент текширувини ўтказиш бўйича амалдаги тартибда бир қатор камчиликлар мавжуд эди. Ушбу ҳуқуқий бўшлиқларни тўлдириш мақсадида “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати Регламенти тўғрисида”ги ҳамда “Парламент назорати тўғрисида”ги қонунларга ўзгартишлар киритилмоқда.
Лойиҳа билан Олий Мажлис палаталарига мустақил равишда парламент текшируви ўтказувчи комиссияни тузиш ва уни ўтказиш ваколати берилмоқда. Шу билан бирга, Қонунчилик палатаси билан Сенат парламент текширувларини биргаликда ўтказиш ҳуқуқини сақлаб қолмоқда. Мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши билан қонун ҳужжатларида белгиланган парламент назорати шаклларидан бири бўлган парламент текширувини ўтказиш амалиётига ойдинлик киритилади. Олий Мажлиснинг ҳар бир палатасига парламент текширувини ўтказиш заруриятига қараб мустақил қарор қабул қилиш имконияти пайдо бўлади. Яъни, жамият ва давлатнинг энг муҳим манфаатларига дахл қилувчи, мамлакат хавфсизлиги асосларига, унинг барқарор ривожланишига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган муайян фактлар ёки воқеалар юзасидан текширувлар ўтказиш мумкин бўлади.

Мухтабар Хусанова

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати