Пленумда устувор вазифалар муҳокама қилинди — Янгиликлар — Миллий тикланиш

Ўзбекистон Миллий тикланиш демократик партияси

Партия логотипи Партия логотипи

Пленумда устувор вазифалар муҳокама қилинди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги мажлислар залида Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Тошкент вилоят кенгашининг I Пленуми бўлиб ўтди. Пленумда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасидан келиб чиққан ҳолда ЎзМТДП Тошкент вилоят кенгаши ҳамда депутатлик корпусининг жорий йилда амалга ошириши лозим бўлган устувор вазифалари муҳокама қилинди.

Пленумда партия вилоят кенгаши раиси Маҳмуд Назаров сўзга чиқиб, сўнгги йилларда мамлакатимизда улкан ўзгаришлар амалга оширилаётганини, барча соҳлардаги ислоҳотлар инсон манфаатларига хизмат қилаётганини таъкидлади.

— Мамлакатимизда халқимиз эртага эмас, бугун яхши яшамоғи лозимлиги тамойили ҳақиқий маънода ўз ижросини топяпти, халқ дардини эшитадиган, уларнинг оғирини енгил қиладиган бошқарув тизими яратилмоқда, — деди М.Назаров. — Мурожаатномада сиёсий партиялар фаолиятига алоҳида эътибор қаратилиб, баҳо берилди. Партиялар ишини тубдан такомиллаштириш бўйича аниқ вазифалар белгиланди.

Энди сиёсий партиялар ва улардан сайланган депутатлар Мурожаатномада устувор этиб белгиланган вазифалардан келиб чиқиб сайловларда аҳолига берган ваъдаларининг бажарилишини қатъий таъминлаши зарур. Шунга кўра, депутатлар жойларда сайловолди тарғибот тадбирлари жараёнида амалга оширилган фаолиятининг давомийлигини таъминлаб, ўзлари сайланган ҳудуднинг ҳар бир хонадонига кириб бориши, аҳолини қийнаётган муаммоларни ўрганиб, уларга ечим топиш чораларини кўрмоғи зарур. Сайловчиларнинг талаб ва таклифлари асосида “Йўл харитаси” ишлаб чиқиб, депутат билан сайловчи орасида узилмас ришталарни боғламоғи лозим.

Пленумда партия вилоят кенгаши фаолиятини бугунги кун талаб ва таклифларидан келиб чиққан ҳолда янада такомиллаштириш билан боғлиқ масалалар атрофлича муҳокама қилинди. Туман кенгашлари раислари ва маҳаллий кенгаш депутатларининг бу борадаги таклифлари ўртага ташланди.

ЎзМТДП Тошкент вилоят кенгаши Ижроия қўмитаси девони ташкилий тузилмасига, партия вилоят кенгаши Ижроия қўмитаси аъзолари таркибига ўзгартиришлар киритилди. Муҳокама қилинган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

ЎзМТДП Тошкент вилоят кенгаши Ахборот хизмати