Республика Хотин-қизлар Жамоатчилик кенгаши тузилади — Янгиликлар — Миллий тикланиш

Ўзбекистон Миллий тикланиш демократик партияси

Партия логотипи Партия логотипи

Республика Хотин-қизлар Жамоатчилик кенгаши тузилади

Мамлакатимизда сўнгги йилларда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги мақомини ошириш, жамият бошқарувидаги ўрнини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу маънода, жамиятда аёлларнинг иштирокига тўсқинлик қилувчи ҳар қандай муаммоларни ҳал қилиш давлатимиз сиёсатининг устувор вазифаларидан саналади. Шу муносабат билан Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга қилган навбатдаги Мурожаатномасида мамлакатимизда 2021 йилда Республика Хотин-қизлар Жамоатчилик кенгашини тузишни таклиф қилди.

Таъкидлаш жоиз, ўтган қисқа вақтда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, гендер тенглигини таъминлаш, уларга муносиб турмуш ва меҳнат шароитларини яратишга қаратилган бир неча қонун, қарор ва давлат дастурлари қабул қилинди. Юртимиз аҳолисининг 17 млн.дан зиёдини хотин-қизлар ташкил этар экан, уларнинг орзу-умидларини рўёбга чиқариш учун барча имкониятларни яратиб бериш олдимизда турган энг муҳим масаладир.

2020 йилда аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож оилалар рўйхати акс этган “Темир дафтар”, шунингдек, алоҳида ҳар бир маҳалла, туман, шаҳар ва вилоят кесимида “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” шакллантирилди. Бу орқали уларни қийнаб келаётган кўплаб ижтимоий-иқтисодий муаммоларга амалий ечим топилди. Албатта, бу ҳали аёллар масаласида ҳал этилиши лозим бўлган ишларнинг бошланиши, холос.

Зеро, хотин-қизларнинг муаммоларини ўз вақтида аниқлаш, ёрдамга муҳтож бўлган ва оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган аёлларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижтимоий муаммоларини ҳал этишнинг конструктив тизимини жорий этиш Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг устувор вазифаларидан саналади.

Шахноза СУЛТАНОВА,

ЎзМТДП Марказий кенгаши бўлими бошлиғи