Сайлов — ҳақиқий синов, вакиллик демократияси кўзгуси бўлди — Янгиликлар — Миллий тикланиш

Ўзбекистон Миллий тикланиш демократик партияси

Партия логотипи Партия логотипи

Сайлов — ҳақиқий синов, вакиллик демократияси кўзгуси бўлди

“Конституциямизга мувофиқ, фуқаролар давлат ва жамият ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этиш ҳуқуқига эга. Сайловда ўзига маъқул бўлган номзод ёки бирон-бир партия илгари сураётган дастур учун овоз бериш, уларни қўллаб-қувватлаш вакиллик демократиясининг яққол кўринишидир”.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Конституциямиз қабул қилинганининг 27 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқидан

Жорий йилнинг 22 декабрь санасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига “Янги Ўзбекистон – янги сайловлар” шиори остида ўтказилган сайловлар йирик сиёсий воқеа бўлди.

Бу борада Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари фикр-мулоҳазалари билан қизиқдик.

Ўрол ҲАЙИТОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзМТДП фракцияси аъзоси:

— Бу галги сайлов сиёсий партиялар учун ҳам, сайловчилар учун ҳам ўзига хос демократия мактаби бўлди, десак муболаға эмас. Чунки, ҳар бир партия айнан сайлов орқали ўз тарафдорларини аниқ билиб олди. Ким унга овоз беради, ким унинг ғояларини қўллаб-қувватлайди – буларнинг барчасини амалда кўришга муваффақ бўлади. Бу эса, кўп жиҳатдан партияларнинг сайловолди дастури ва тарғибот-ташвиқот ишларига бевосита боғлиқ эканини ҳаётнинг ўзи яққол кўрсатиб берди.

Назаримда, мазкур сайловнинг демократик тамойилларга ҳар томонлама мос, очиқ-ошкора, шаффоф ҳолда ўтишида давлатимиз раҳбари айтган “вакиллик демократияси”нинг ўрни ва роли ниҳоятда катта бўлди.

Мухтабар ҲУСАНОВА, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзМТДП фракцияси аъзоси:

— Бу йилги сайловда кузатилган энг муҳим ўзгаришлардан бири унда хотин-қизларнинг сезиларли даражада фаоллик кўрсатгани бўлди. Марказий сайлов комиссиянинг сайлов якунлари бўйича берган дастлабки маълумотида 36 нафар аёл Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига сайлангани айтилди.

Бу жуда катта воқелик. Дарҳақиқат, Бугунги кунда юртимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида хотин-қизларнинг ролини ошириш бўйича жуда катта ишлар қилинмоқда. Хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, аёлларнинг мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётида тўлақонли иштирок этишига эришиш, гендер тенгликни таъминлаш бўйича олиб борилаётган ислоҳотлар туфайли уларнинг жамиятимиздаги роли тобора ортмоқда.

Яна бир неча кундан сўнг сайловнинг иккинчи тури бўлиб ўтади. Парламент қуйи палатасига сайланган аёлларимиз сони янада ортиши мумкин. Яна неча юзлаб хотин-қизларимиз халқ депутатлари вилоят, шаҳар ва туман Кенгашлари депутатлигига номзодини қўйганини инобатга олсак, демак, маҳаллий кенгашларда ҳам депутат аёлларимиз сафи янада кенгаяди. Буларнинг барчаси Президентимизнинг бот-бот такрорлаб келаётган: “Ҳозирги кунда ҳар бир хотин-қиз демократик жараёнларнинг кузатувчиси эмас, балки фаол ва ташаббускор иштирокчиси бўлмоғи шарт” деган гаплари амалда ўз исботини топаётганини яққол тасдиқлайди.

Дилфуза ЖАЛИЛОВА, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзМТДП фракцияси аъзоси:

— Бу галги сайловлар сиёсий партиялар учун ҳақиқий маънода синов вазифасини ўтади. Сайловчи беш йил аввалги сайловчи эмаслиги, бугун одамларнинг онги, дунёқараши умуман ўзгаргани, номзодларга талабчанлиги ортгани бўлди. Вакиллик органи нима, унинг вазифалари нималардан иборат — буларнинг барчасини бугун халқимиз жуда яхши англаб турибди.

Яна бир янгилик шуки, нафақат Олий Мажлис Қонунчилик палатасига, балки, маҳаллий Кенгашлар депутатлигига сайловга ҳам қизиқиш ва эътибор сезиларли даражада ортгани кўринди. Сабаби, Президентимиз ташаббуси билан парламент қаторида маҳаллий Кенгашларга ҳам жуда катта ваколатлар берилди. Маҳаллий Кенгашлар ҳудудларнинг бюджетини тасдиқлаш ҳуқуқига эга бўлди. Шунингдек, бу сафарги сайловда яққол кўзга ташланган яхши ўзгаришлардан бири сайлов жараёнида волонтёрларнинг кўп иштирок этгани, халқаро кузатувчилар, айниқса, сиёсий партиялар кузатувчиларининг сайлов участкаларидаги фаоллик кўрсатгани билан боғлиқдир. Бу сайлов амалиётимизга янги мазмун-моҳият киритди.