Сайёҳлик сайёҳга эмас, бизга керак! — Янгиликлар — Миллий тикланиш

Ўзбекистон Миллий тикланиш демократик партияси

Партия логотипи Партия логотипи

Сайёҳлик сайёҳга эмас, бизга керак!

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга йўлланган навбатдаги Мурожаатномасида туризмни иқтисодиётнинг стратегик тармоғига айлантириш устувор вазифа экани, юртимизда 8 минг 200 дан зиёд маданий мерос объекти мавжуд бўлиб, туризм маршрутларига уларнинг атиги 500 таси киритилгани ҳамда  ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон моддий маданий мероси ва Номоддий маданий мероси рўйхатига янги объектларимизни киритишни тезлаштириш лозимлиги таъкидланган эди.

Айни пайтда Навоий вилоятида ҳам маданий мерос объектларини
ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон маданий мероси ёдгорликлари рўйхатига киритиш, шунингдек, айрим объектларда зиёрат туризмини
ривожлантиришга доир ишлар кучайтирилмоқда.

Қосим-Шайх ёдгорлик мажмуаси

Хусусан, «Қосим-Шайх», «Мирсаид Баҳром», «Работи-Малик», «Сардоба», «Мавлоно Ориф Деггароний» каби маданий мерос объектларини ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон маданий мероси ёдгорликлари рўйхатига киритишни 2021 йилнинг апрель ойида якунлаш, зиёрат ва анъанавий туризмни ривожлантириш мумкин бўлган маршрутлардаги объектлар сонини 800 тага етказишга доир ишлар жадал олиб борилмоқда.

Работи-Малик карвонсаройи

Бу масалада Маданият Вазирлиги билан ҳам ҳамкорлик қиляпмиз. Ҳудудда жойлашган маҳаллий ва хорижий сайёҳлар доимий ташриф буюрувчи Хатирчи туманидаги Оқмасжид, Қизилтепа туманидаги Боязид Бистомий ҳамда Нурота туманидаги Ҳасан ибн Ҳусайн зиёратгоҳларини таъмирлаш, туристик инфратузилмани ривожлантириш ҳамда қўшимча қулайликларни яратиш мақсадида чора-тадбирлар дастури ҳам ишлаб чиқилди.

Мирсаид Баҳром ёдгорлиги

Яқин келажакда Нурота туманининг «Сар Кориз» қадимий ер ости сув етказиб бериш қувурини реконструкция қилиш орқали очиқ осмон остидаги музейга айлантириш, туманидаги Сентоб қишлоғи, Хатирчи туманидаги Ангидон, Лангар қишлоқларига «Туризм маҳалласи», «Туризм қишлоғи» мақомини бериш орқали мазкур ҳудудларда қўшимча инфратузилмани ривожлантириш мақсадида инвестиция киритиш орқали  дам олиш масканлари ташкил этиш режалаштирилган. Бундай тизимли ишлар натижасида ҳудудларимиз обод бўляпти, қанчадан-қанча янги иш ўринлари
ҳам яратиляпти.


Илҳом РАЖАБОВ,

Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси Навоий вилояти кенгаши раиси, халқ депутатлари Навоий вилоят Кенгаши депутати

«Milliy tiklanish» газетасининг 2020 йил 16 сентябрдаги сонидан олинди.