Такрорий сайловларда “Миллий тикланиш” демократик партиясидан 11 нафар номзод иштирок этади — Янгиликлар — Миллий тикланиш

Ўзбекистон Миллий тикланиш демократик партияси

Партия логотипи Партия логотипи

Такрорий сайловларда “Миллий тикланиш” демократик партиясидан 11 нафар номзод иштирок этади

Таъкидлаш лозим, 22 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлар депутатлигига бўлиб ўтган сайловлар мамлакатимиз ҳаётида якунланаётган йилнинг энг муҳим сиёсий тадбири бўлди. Янги Ўзбекистоннинг янги Сайлов кодекси асосида мутлақо янгича руҳ ва янгича тартиб-тамойиллар асосида ташкиллаштирилган сайловнинг қай даражада ўтгани халқаро кузатувчилар томонидан алоҳида бир мамнуният билан эътироф этилди ва ҳамон эътироф этилмоқда.

Сайловларда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан кўрсатилганномзодлар ҳам муносиб иштирок этдилар. Партиядан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига 149 нафар, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлигига 831 нафар ҳамда халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлигига 5731 нафар номзод иштирок этди.Партиядан 10260 нафар кузатувчи сайлов участкаларида овоз бериш жараёнининг ҳаққонийлигини кузатган бўлса, яна шунча нафар ваколатли вакил овозларни санаш жараёнида бевосита ёки билвосита иштирок этиб, сайловнинг шаффоф, очиқ-ошкора, демократик принциплар асосида ўтишини таъминлади.

Бу йилги сайловларда ҳар бир участкада кўзи ожиз фуқаролар учун биринчи марта Брайль ёзувида ёзилган бюллетенларда овоз бериш ташкил этилди. Бу каби чора-тадбирларнинг амалга оширилиши фуқароларнинг сайлов жараёнида фаол ва тенг иштирокини таъминлади.

Сайлоа жараёнига Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан бир қатор янгиликлар жорий  этилди. Ушбу янгиликлардан бири  сайлов участкаларида сайлов жараёнини видеотрансляция ва биометрик идентификация қилиш қурилмаларининг жорий қилинганидир. Хусусан, Марказий сайлов комиссияси Халқаро матбуот марказида 60 дан ортиқ намунавий сайлов участкаларидаги сайлов жараёни тажриба-синов тариқасидаонлайн видеотранслация қилинди.

Шунингдек, минглаб сайловучасткаларидан журналистлар томонидан теле ва радио репортажлар мунтазам  узатиб турилди. Интернетдаги ижтимоий тармоқлар, веб-сайтлар орқали бутун дунёга намойиш қилинди. Яъни, овоз бериш жараёнларини аккредитациядан ўтган 1155 нафар маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари  кенг ёритди.  

Сайловлар жараёнида 10 та нуфузли халқаро ташкилот, дунёнинг 50 га яқин давлатидан 825 нафар халқаро кузатувчи иштирок этди. Бундан ташқари, сайловларда депутатликка номзодлар кўрсатган сиёсий партия ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан 70 мингдан зиёд кузатувчи қатнашди.

Юқорида таъкидлаганимиздек, сайловларда бевосита иштирок этган сайловчилар, маҳаллий ва халқаро кузатувчилар ҳамда журналистлар томонидан сайловлар миллий сайлов қонунчилигимиз, очиқлик, ошкоралик ва шаффофлик каби демократик принципларга мос ҳолда ўтганлиги эътироф этилмоқда.

— Сайловда миссиямиз самарали фаолият олиб борди, — деди МДҲ Ижроия қўмитаси раиси — Ижрочи котиби Сергей Лебедев Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги кузатувчилар миссияси фаолияти ҳақида гапириб. — Муҳим сиёсий жараёнда аҳолининг кайфияти намоён бўлди. Ўзбекистон халқи сайлов орқали барпо этмоқчи бўлган янги ҳаётни, орзу-интилишлари, фаровонлик, барқарорликни кўрди. Бу жуда муҳим. Ўйлайманки, Ўзбекистон раҳбарияти бошлаган ва халқингиз томонидан қўллаб-қувватланаётган ислоҳотлар албатта амалга ошади, мамлакатингиз янада тараққий этишига хизмат қилади.

ШҲТ Бош котиби ўринбосари, ШҲТ кузатувчилари раҳбари Се Сяоюн миссия 15 йилдан бери фаолият юритаётгани, Ўзбекистонда фаолият олиб борган гуруҳ таркибида Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Хитой, Покистон, Тожикистон каби давлатлардан 20 нафар кузатувчи борлигини таъкидлади.

— Ўзбекистонга 2019 йил 16 декабрь куни келган ШҲТ миссияси аъзолари сайлов кунига қадар сайловга тайёргарлик жараёни билан яқиндан танишди, — деди С.Сяоюн сайлов жараёнлари ҳақида фикр билдириб. — Мамлакатингизда сайловни демократик тарзда ўтказиш мақсадида Марказий сайлов комиссияси томонидан қатор ижобий ишлар амалга оширилган, хусусан, сайлов участкаларида сайловчилар учун барча шароит яратилган. Жумладан, халқаро стандартларга мувофиқ келадиган, сайловга оид бир неча қонунларни бирлаштирган ягона Сайлов кодекси қабул қилинганини алоҳида эътироф этиш лозим. Имконияти чекланган шахсларнинг сайловда иштирок этиши учун қулай шароитлар ҳозирлангани, муддатидан олдин овоз бериш имкониятлари яратилгани ҳам бизнинг диққат марказимизда бўлди. Аҳоли сайловларда фаол иштирок этди. Кузатувчилар сайловдан олдин ҳам, сайлов куни ҳам фуқаролар ҳеч қандай эътироз, шикоят билдирмаганини қайд этди.

         Хорижлик кузатувчилар эътироф этганидек, “Янги Ўзбекистон — янги сайловлар” шиори остида ташкил қилинган сайловлар ҳақиқатан ҳам сайловларни ўтказиш бўйича қабул қилинган халқаро ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар асосида ўтказилди. Бунга халқимиз, кенг жамоатчилик оммавий ахборот воситалари — телевидение, радиоларда деярли ҳар куни тўғридан-тўри кўрсатилган ва эшиттирилган партия раҳбарлари иштирокидаги дебатлар, давра суҳбартлари, очиқ мулоқотлар орқали гувоҳ бўлишди.     

25 декабрь куни Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги мажлисида Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига 34 нафар депутат сайлангани эълон қилинди ва рўйхатга олинди. Икки ҳафта ичида яна 25 та сайлов округида бўлиб ўтадиган такрорий овоз беришда партиядан 11 нафар номзод иштирок этишини инобатга олсак, ЎзМТДПнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ўрни янада кўпайиши турган гап. Такрорий овоз бериш эса 2020 йил 5 январь – якшанба куни ўтказилади.

ЎзМТДП Ахборот хизмати