Тошкент вилоятида “Депутат аёллар клуби” иш бошлади — Янгиликлар — Миллий тикланиш

Ўзбекистон Миллий тикланиш демократик партияси

Партия логотипи Партия логотипи

Тошкент вилоятида “Депутат аёллар клуби” иш бошлади

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Тошкент вилояти кенгашида ҳам “Депутат аёллар клуби” ташкил қилинди. Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда партия Марказий кенгаши раиси ўринбосари Феруза Муҳаммеджанова, Қонунчилик палатаси депутати Фарида Бўтаева, Ўзбекистон Давлат санъат музейи директори Васила Файзиева, шунингдек, вилоят прокуратураси, Республика реабилитация ва мослаштириш маркази вакиллари иштирок этди.

Бугунги кунда Тошкент вилоятида 28 нафар депутат аёллар бор ва уларнинг 5 нафари вилоят, 23 нафари эса туман, шаҳар кенгашларида фаолият кўрсатмоқда. Депутат ва партия тизимидаги аёлларни бир жойга тўплаб, мулоқот ва тажриба майдонини яратиш, “Устоз-шогирд” анъанаси асосида сиёсатчи аёлларнинг янги авлодини тарбиялаш ва хотин-қизлар фаолияти билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилиш янги ташкил қилинган клубнинг энг асосий вазифасидир.

Тадбирда жорий йилда Тошкент вилоятида аёллар ўртасида 17 та йўналиш бўйича 77376 та муаммо аниқланиб ўрганилгани, мазкур муаммоларнинг илдизига етиб бориш, ҳал этиш, хотин-қизларни тазйиқ ва  зўравонликлардан ҳимоя қилишда “Депутат аёллар клуби”нинг ўрни муҳим бўлиши таъкидланди.

Иштирокчилар томонидан бир қатор таклифлар, мулоҳазалар, келгуси режалар ўртага ташланди. Ҳудудлар кесимида аёллар орасида учраётган муаммоларни жойига чиқиб ўрганиб, амалий ечим топишга, келгуси йилнинг март ойида фаол аёллари иштирокида “Аёллар форуми”ни ўтказишга келишиб олинди.

ЎзМТДП Марказий кенгаши Ахборот хизмати