Туризмни иқтисодиётнинг стратегик тармоғига айлантириш – бугунги кун талаби — Янгиликлар — Миллий тикланиш

Ўзбекистон Миллий тикланиш демократик партияси

Партия логотипи Партия логотипи

Туризмни иқтисодиётнинг стратегик тармоғига айлантириш – бугунги кун талаби

“Янги Ўзбекистон – янги сайловлар” шиори остида ўтган сайловлардан кейин бугун халқимиз давлатимиз раҳбарининг ушбу Мурожаатномасини жуда катта умид билан кутаётган эди.

Президентимиз Мурожаатномада Ўзбекистонни энг ривожланган 50 та мамлакатлар қаторига олиб чиқиш учун 2020 йилда амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифаларни белгилаб бердилар.

Хусусан, туризмни иқтисодиётнинг стратегик тармоғига айлантириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Унга асосан, 2020 йилда юртимизга келадиган туристлар сонини 7,5 миллионга етказиш назарда тутилмоқда. Айниқса, зиёрат ва тиббиёт туризми жадал ривожлантирилади. Туризм маршрутларидаги мавжуд 500 та моддий маданий мерос объектлари 800 тага етказилади. ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон моддий маданий мероси ва Номоддий маданий мероси рўйхатига Ўзбекистондаги янги объектларни киритиш жадаллаштирилади. Замонавий меҳмонхоналарни қуришга давлат бюджетидан 200 млрд. сўм субсидия ажратилади. Бу иқтисодиётимиз учун жуда катта имкониятдир.  

Маълумки, маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш, бундай объектларни қайта тиклаш ва уларни имкон қадар асл ҳолида сақланишини таъминлаш Ўзбекистонда давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан биридир. Буни муқаддас қадамжолар, моддий-маданий ёдгорликларни асраб-авайлаш, тадқиқ этиш, таъмирлаш борасида улкан ишлар олиб борилаётганида ҳам кўриш мумкин. Бу борада Халқаро ташкилотлар билан ҳам яқин ҳамкорлик ўрнатилган. Бунинг самараси ўлароқ, юртимиздаги кўплаб меъморий-тарихий ёдгорликлар ЮНЕСКОнинг Жаҳон мероси рўйхатига киритилган.

Аммо шуни ҳам қайд этиш жоизки, бугунга келиб, глобаллашув жараёнларининг кўлами шунчалар кенгайдики, бу ҳудудлар инфратузилмасининг кескин ўзгаришига ҳам таъсир этади. Шуни тан олиш жоизки, бугун дунёда тарихий ёдгорликларга бўлган эътибор сусайди. Айрим объектлар йўқолиб кетиш даражасига етиб қолди. Баъзи иншоотларни эса  инсоният йўқотиб ҳам бўлди.

Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси Ўзбекистоннинг қадимий шаҳар ва қишлоқлари тарихий қиёфасини муҳофаза қилиш, бутун инсониятнинг маданий мероси бўлган тарихий жойлар, архитектура ёдгорликларини сақлаш ва қайта тиклаш бўйича қонунчилик нормаларини такомиллаштириш бўйича саъй-ҳаракатларни амалга оширади. Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос объектларини реставрация қилиш институтини қайта тиклаш, археологик тадқиқотларни ва Археология институтини молиялаштириш тизимини ислоҳ этиш, шу соҳада фаолият кўрсатувчи илмий ҳамда техник ходимларни ижтимоий ва моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш бўйича аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқиш зарур, деб билади.

Туризм соҳасининг миллий иқтисодиётнинг стратегик тармоғи сифатидаги ўрнини кучайтириш, мамлакатнинг ижобий имиджини туризм ва инвестиция салоҳияти, тарихи ва маданиятини дунёга тарғиб қилиш орқали ошириш, юртимизни туризм ривожланган давлатлар қаторига олиб чиқиш – бизнинг энг асосий мақсадимиз ҳисобланади.

Албатта, туризм – иқтисодиётнинг ривожланиш жараёнини янада тезлаштирувчи омил сифатида муҳим ўрин тутади. Қўшимча иш ўринлари яратилишига, иқтисодий фаол аҳолининг бандлигини оширишга, миллат фаровонлигини юксалтиришга, миллий, маданий ва маънавий қадриятларимизни дунёга тарғиб қилишга хизмат қилади. Иқтисодий фаолиятнинг ўзаро боғлиқ бўлган қатор тармоқлари, хусусан, инфратузилма ривожига туртки бўлади, уларнинг янада оммавийлашишига кўмак беради.

Маълумотларга кўра, 2017 йили Ўзбекистонга қарийб 2 миллион 700 минг, 2018 йилда 5 миллион 300 минг ва 2019 йилда 6 миллион 700 мингдан ортиқ сайёҳ келган. Президентимиз Мурожаатномада ушбу кўрсаткични 2020 йилда 7,5 миллионга етказиш вазифасини қўйдилар. Бу борада “Миллий тикланиш” демократик партиясининг барча даражадаги ташкилотлари ва депутатлик бирлашмалари бир тану бир жон бўлиб, ташаббус кўрсатадилар. Туризм соҳасига оид қонунчилик, Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарор ва фармонлари, ҳар йили қабул қилинадиган йиллик давлат Дастурлари, Ҳудудий дастурлар, давлат бюджети, шунингдек, 2020 йилда қабул қилинадиган янги концепциялар, стратегиялар ва дастурларнинг жойларда ижро этилиши юзасидан фаол ва натижали парламент, маҳаллий Кенгаш, депутатлик ва жамоатчилик назоратини амалга оширади.

Хулоса қилиб шуни айтиш жоизки, Президентимиз Мурожаатномаси бугун халқимизни бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилишга ундайди.

Дониёр Тошбоев,
ЎзМТДП Марказий кенгаши бўлим бошлиғи