Уйғониш даврининг дастуриламали — Янгиликлар — Миллий тикланиш

Ўзбекистон Миллий тикланиш демократик партияси

Партия логотипи Партия логотипи

Уйғониш даврининг дастуриламали

«Ўзбекистоннинг янги тараққиёт даврида таълим-тарбия ва илм-фан соҳаларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент фармони юртимизда таълим-тарбия ва илм-фан тараққиётига бирламчи эътибор қаратилаётганининг яна бир тасдиғи бўлди.

Ушбу фармонга нафақат мустақилликкача, балки ундан кейинги даврда ҳам етарлича эътибор қаратилмаган соҳалар, хусусан, таълим-тарбия, илм-фан ривожи билан боғлиқ масалаларни бартараф этиш ҳамда йиғилиб қолган муаммолар ечимига хизмат қиладиган тарихий ҳужжат дея таъриф берилаяпти.

Зотан, Фармонда алоҳида қайд этилганидек, бугун чиндан ҳам «Миллий таълим-тарбия тизимининг амалдаги ҳолати уни замон талаблари асосида модернизация қилиш, ёшларни юксак билим-маърифат эгалари, жисмоний ва маънавий соғлом инсонлар этиб тарбиялаш, таълим муассасаларининг раҳбар ва педагог ходимлари нуфузини ошириш, уларнинг самарали фаолият юритиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш бўйича изчил чора-тадбирларни амалга оширишни талаб этмоқда».

Агар Давлатимиз раҳбарининг 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган тантанали тадбирдаги маърузасида Ўзбекистонда Учинчи уйғониш даврининг мазмун-моҳияти очиб берилган бўлса, жамоатчилик томонидан қизғин муҳокама этилган янги Фармон УЙҒОНИШ ғоясини амалга оширишнинг том маънодаги дастуриламали бўлди.

Фармоннинг тарихийлиги шундаки, унда биринчи марта таълим тизимига жамиятнинг ҳар бир аъзоси масъул этиб белгиланганидир. Бундан буён ўқитувчи мақомини ошириш, унинг аввалги обрў-эътиборини тиклаш, таълим муассасаларидаги шарт-шароитларни яхшилаш ҳокимликлар зиммасидаги асосий вазифа сифатида белгилаб қўйилган бўлса, Халқ таълими вазирлигининг мактаблар мазмунига жавоб бериши қатъий кўрсатиб ўтилди. Бошқача айтганда, бундан буён маҳаллий раҳбарлар ишига пахта, ғаллага қараб эмас, таълим-тарбия учун яратилган шарт-шароитга, илмли-маънавиятли ёшларга қараб баҳо бериладиган бўляпти.

Аввал ҳам таъкидланганимдек, фармон лойиҳаси умумхалқ муҳокамасига қўйилган кундан бошлаб 1400 нафарга яқин депутатларимиз мактабгача таълим ва халқ таълими вакиллари билан учрашиб, уларнинг фикрларини, талаб ва таклифларини ўргандилар. Энг жўяли таклифлар умумлаштирилиб, Президент Администрациясига тақдим этилди.

Масалан, умумтаълим мактабларида жорий қилинган «Тарбия» дарслигининг миллий ва умуминсоний қадриятларга таянган, илмли-иймонли, фидойи ёш авлодни тарбиялашдаги аҳамиятини назарда тутиб, ушбу дарсни математика, география ёки тарих фани ўқитувчиси эмас, балки психология, педагогика ва физиология билан бирга диний ҳамда дунёвий билимларга эга бўлган тарбиячилар ўтиши мақсадга мувофиқ, деган таклифни бердик.

            Маълум бўлишича, организми ўсиш жараёнида бўлган ҳар қандай бола оч қолган пайтда тажовузкор ва сабрсиз бўлиб улғаяди. Бундай ҳолатларда болалар нафақат билимга эътиборсиз, балки ниҳоятда тор фикрли ҳам бўлиб қоладилар. Масаланинг ана шундай нозик жиҳатларини эътиборга олиб, мактабларимизда хусусий шериклик асосида ошхоналар ташкил этиш, 1-5 синф ўқувчиларини енгил тушлик билан таъминлаш масаласини долзарб масалалардан бири сифатида илгари сурдик.

Фармонда бир қарашда унчалар эътибор тортмайдиган, аммо янги авлод келажаги билан боғлиқ бўлган оғриқли масалаларгача қамраб олинди. Хусусан, унда педагог ходимларга малака тоифаларини бериш бўйича навбатдаги аттестациядан ўтказганлик учун йиғим ундирилмаслиги, навбатдан ташқари аттестациядан ўтказганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдоридагина йиғим ундирилиши белгиланди.

2021 йил 1 январдан бошлаб эса олис ҳудудларда жойлашган бюджет ташкилотларига бошқа ҳудудлардан келган олий маълумотли мутахассисларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараварида бир марталик бошланғич ёрдам пули ва уй-жойларни ижарага олганлик (ижарада турганлик) учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 бараварида ҳар ойлик компенсацияси тўланиши белгиланди. Шунингдек, туман (шаҳар) кесимида тузилган рейтингда биринчи ўринни эгаллаган умумтаълим муассасалари деректорларининг маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 10 баравари миқдорида бир марталик рағбатлантирилиши қайд этилди.

Фармонда Халқ таълими, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари билан биргаликда 2022/2023 ўқув йилига қадар ўқувчилар билимини баҳолаш жараёнини рақамлаштириш ва шаффофлигини таъминлаш мақсадида барча умумтаълим муассасаларида «Электрон кундалик» дастурини жорий этиш белгиланди.

Шунингдек, ҳужжатда Халқ таълими, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда 7-синфдан бошлаб ўқувчилар ўртасида интерактив сўровномалар ўтказиши, болаларнинг касб-ҳунарга бўлган қизиқишларини аниқлаш ва шу асосда маълумотлар базасини яратиш, ҳар ойда бир марта «Касблар оламига саёҳат» мавзусида махсус курслар ташкил этиш, 8-синф ўқувчилари учун эса ҳар чоракда камида бир марта «Менинг келажакдаги касбим» мавзусида семинар-тренинглар ўтказиб, ўқувчиларни касбларга йўналтириш тадбирларини ўтказиш белгилаб қўйилди.

Бундан буён 9-синф ўқувчиларининг касбий мойиллиги бўйича ўтказилган педагогик-психологик ташхислар натижалари асосида келгусида аниқ ишчи касблар бўйича касб-ҳунар мактабларида таълим олиши мумкин бўлган ўқувчилар ўртасида касбга йўналтириш ишлари олиб борилади. Бундай тадбирлар ва қатъий чоралар биринчи марта белгиланаётганини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Ҳеч кимга сир эмаски, яқин 20 йил мобайнида ўзбек тилининг технологик тараққиёти ва илм тили даражасига кўтарилиши учун етарлича ҳаракат қилмадик. Бу соҳада Президент томонидан имзоланган «Ўзбек тилини давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонигина туб бурилиш ясади, дейиш мумкин. Шу маънода, ўзбек тилининг илм тили бўлиши учун кўплаб адабиётларни ўзбек тилига таржима қилиш кераклигини чуқурроқ англаб етяпмиз. Бугун илм билан шуғулланиб, олимликка даъво қилаётган шахслар шубҳасиз, хорижий тиллардаги илмий адабиётлардан кенг фойдаланяптилар. Хусусан, улардан хорижнинг нуфузли журналларида мақолалар ҳам чиқариш талаб этилади. Бизнингча, ана шундай ёш олимларимизга қўшимча тарзда илмий даража олишнинг асосий шартларидан бири сифатида ўзи фойдаланган битта хорижий тилдаги адабиётни ўзбек тилига таржима қилиш мажбуриятини ҳам юклаш вақти келди. Бу билан улар илм-фанимиз ривожига, айниқса, ёш олимларнинг интеллектуал салоҳиятлари ошишига ҳисса қўша бошлайдилар.

Тилимизга муносабат, таълим тизимидаги инқилобий ўзгаришлар, соҳага ажратилаётган маблағлар миқдорининг йилдан-йилга оширилаётгани, мактабгача таълим тизимининг эса том маънода тарбия ўчоғига айланаётгани ҳам Ўзбекистонда Учинчи уйғониш даври учун замин тайёрланаётгани баландпарвоз гаплар эмаслигидан далолат беряпти.

Тўғри, бу осон ва тез эгалланадиган марра эмас. Илм-фан, айниқса, таълим тизимида йўлимизга тўғаноқ бўлаётган муаммолар кўп ҳали. Аммо кейинги тўрт йил ҳар қандай муаммони ҳал этиш, якдилликда ҳар қандай тўсиқларни енгиб ўтиш мумкинлигини кўрсатди. Халқимиз қисқа фурсатда иқтисодий, ижтимоий соҳаларда салмоқли натижаларга эришиш мумкинлигини ҳам исботлади. Энг муҳими ана шу даврда узоқ ва яқин ўтмишда йўл қўйилган хатолардан хулосалар чиқарилди. Хусусан, қўшниларимиз билан қардошлик алоқалари тикланди. Дини, тили, анъана ва урф-одатларигача эгизак бўлган Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида кимларнингдир манфаати, хоҳиши ва ҳатто аралашуви билан қанчадан-қанча ижтимоий, иқтисодий муаммолар ечилмай қолаётган эди. Фақат ва фақат Ўзбекистон Президентининг сиёсий иродаси билан 60 миллиондан зиёд аҳоли истиқомат қилаётган минтақада гўё узоқ вақтдан бери қиздирилаётган қозон очиб ташлангандек бўлди. Чегаралардаги туйнуклар ўрнига эса дарвозалар очилди.

Янги Ўзбекистонда янгича қараш ва ёндашувлар асосида муқаддас динимизга бўлган муносабат, унинг ҳаётимиздаги беқиёс ўрнини баҳолаш мезони ҳам ўзгарди. Тилга бўлган муносабатда юзаки қарашлардан воз кеча бошладик. Инсон ҳуқуқи ва манфаати олий қадрият экани ҳақидаги тамойиллар фақат қоғозларда акс этишига чек қўйилди. Жамиятда сўз ва матбуот эркинлиги кафолатланди. Урф-одат ва анъаналар ҳамда унутилаётган қадриятларга фақат маданий мерос сифатида эмас, балки тараққиётимизнинг маънавий устунлари сифатида қарай бошладик.

Бугунги ҳаётимиз айнан ана шу жиҳатлари билан ҳам бизни тарих ва мангулик билан уйғунлашган жараёнлар иштирокчисига айлантиряпти, десак хато бўлмайди. Шунинг учун ҳам туб ўзгаришларнинг тараққиёт жараёнлари билан чамбарчас боғлиқ эканини қанча тез ва чуқур англасак, ҳар томонлама ривожланган давлатни фарзандларимизга мерос қолдириш масъулиятини шунча тез англай бошлаймиз.

Сир эмаски, дунёнинг саноқли халқларигина цивилизация ҳодисасига гувоҳ бўлганлар. Ўзбек халқи эса дунё тан олган икки Ренессанс ҳодисасини бошдан кечирган. Айрим манбаларда Мовароуннаҳр – Турон – Туркистон – Ўзбекистон уч марта цивилизация ҳодисасини бошдан кечиргани таъкидланади. Таҳлилчилар дунёвий динлардан бири бўлган Зардуштийлик динининг дунёга келишини ва Осиё, Африка мамлакатлари ҳудудида узоқ йиллар инсониятни маърифатга даъват этганини ҳам цивилизациявий ҳодиса деб аташади. Дарҳақиқат, Зардуштийлик бундан 3 минг йил муқаддам қадимий Хоразмда дунёга келди. Кўпхудолилик шароити вужудга келган бир пайтда айнан Зардуштийлик яккахудолик ғоясини илгари сурди. Турли уруғлар, қабилалар ўртасидаги жангу жадалларга, хилма-хил қарашларга чек қўйиб, улар эътиқодини бирлаштирди ва ягона Аллоҳга сиғиниш орқали илк жамоачилик турмуш тарзини вужудга келтирди. Гиёҳларни босма, сувга тупурма, ҳашаротлар ва қушларга озор берма, оловга густоҳлик қилма қабилидаги оддий аҳлоқ меъёрларидан тортиб, олам ва одам, олам ва табиат ўртасидаги муносабатларгача бўлган умуминсоний қадриятларга боғлиқ ғояларни илгари сурди.

Аслини олганда бу илк давлатчиликнинг бошланиши, яъни ўша давр учун илк цивилизациявий ҳодиса бўлган. Шу ўринда Зардуштийлик динининг мазмун-моҳиятини чуқур англаган халқ томонидан чин маърифат дини бўлган Исломни қабул қилиш жараёни осон кечганини ҳам алоҳида таъкидлаш жоиз.

Яна бир фахрланадиган жиҳатимиз – Хоразмийнинг ўнлик рақамини, хусусан, ноль рақамини яратгани бугунга келиб, инсоният ақлу идрокини ҳайратда қолдираётган кибернетика, космонавтика ва компьютер тизимига асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Бугун оддий телефоннинг биргина мурватини босиб, Ер шарининг хоҳлаган нуқтаси билан боғлана оламиз. Ана шу ақлга сиғмас мўъжиза замирида эса ал-Хоразмий кашф этган Алгоритм мужассамдир.

Яна бир буюк аллома – Абу Райҳон Беруний эса қўлбола асбоб-ускунаси билан Ер шарининг думалоқ эканини исбот қилган. Яъни, у ернинг айланаси ва радиуси узунлигининг аниқ ҳисоб-китобини чиқарган. Ер шари харитасини тузиб, глобусни яратган. Биз ўтирган ернинг нариги тарафида қуруқлик борлигини исбот қилиб, Ер ўз ўқи ва қуёш атрофида айланиши назария­сини яратган.

Халқимиз тарихидаги иккинчи цивилизация ҳодисаси бу – XIV-XVIII асрлардаги соҳибқирон Амир Темур ва темурийлар номи билан боғлиқ. Тарихнинг гувоҳлик беришича, ушбу даврда давлатчилик, давлат бошқаруви, фан, маданият, адабиёт ва санъат, ижтимоий ҳаёт даражаси мисли кўрилмаган даражада ривожланган. Биргина Соҳибқироннинг давлат бошқаруви дунё давлатчилигининг эталони мақомини олган. Улуғ араб олими Ибн Халдун жаҳон давлатчилиги ҳақида шундай дейди: «Темур даври башарият тарихи инкишофининг энг юксак нуқтасидир. Дунё яратилганидан бери бундай бир давлат қурилмагандир. Бобил ва Эрон ҳукмдорлари ва Искандар бу буюк турк ҳукмдорига нисбатан кўлага бўлиб қолади. Зеро, давлат асабия руҳи устига қурилади ва унинг аҳамияти ҳам шу миллий асабиянинг қудрати даражасида бўлади. Асабия хусусида эса дунёда ҳеч бир миллат туркларга тенг келолмайди».

Демак, бугун биз қураётган ҳуқуқий-демократик давлат, қонун устуворлиги, эркин фуқаролик жамиятининг илдизлари асли Амир Темур салтанатига бориб тақалади. Давлатимиз раҳбарининг жамиятда адолатнинг ҳамиша устувор бўлиши, қонун олдида барчанинг тенглигини таъминлаш, шу асосда жамиятда ижтимоий адолатнинг барқарор бўлиши борасидаги даъват ҳамда чақириқлари ҳам янги Ўзбекистонда Амир Темур давлатчилиги тажрибалари қайта тикланаётганидан далолат бермоқда.

Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳам феномен сифатида шаклию мазмуни, зоҳирию ботини мукаммал бўлган, ўзини ғоятда улкан маданият эгаси ва тарбия соҳиби сифатида намоён қила олган ноёб шахс эди. Давлат бошқарувида адолат тамойилларини изчиллик билан қарор топтирган Бобур Ҳиндистонда бир неча катта-кичик давлатлар ўртасидаги қонли тўқнашувларга чек қўйиб, барқарор турмуш тарзи ва изчил тараққиёт учун шароит яратди. Бу инсоният тарихидаги ўзига хос буюк ҳодиса эди.

Бир сўз билан айтганда, цивилизациявий ҳодисалар ҳар қандай халқнинг ўзлигини англашидан бошланади. Қачонки миллат тарихий тараққиёти давомида ўз қадриятларини ривожлантириш йўлидан изчил борса, Ренессанс ҳодисаси юз беради.

Янги Ўзбекистон эса айнан ана шу йўлдан бормоқда. Қадриятлар тикланяпти, илм-фанга давлат сиёсати даражасида эътибор қаратиляпти, устоз сўзи, мураббий сўзи, мактаб сўзининг оғизда бору аслида аллақачон йўқотилган маъноси, моҳияти келажак билан боғлиқ экани онгимизга сингдириляпти. Мана тўрт йилдирки, маънавиятсиз, тарбия ва замонавий таълимсиз бир қадам ҳам олдинга юриб бўлмаслиги таъкидланяпти.

Шуни ҳам қайд этиш жоизки, Ўзбекистон узоқ давом этадиган ва ниҳоятда мураккаб жараёнга жадал ислоҳотлар, илм-маърифат ва инновацияни ривожлантириш орқали кириб бормоқда. Буни 29 октябрь куни имзоланган, илм-фан соҳасида янги саҳифа очадиган «Илм-фанни 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги Президент Фармони мисолида ҳам кўриш мумкин. Бу эса жамиятдаги барча ўзгаришлар муаллифи ҳисобланган инсон учун фикр ва ижод эркинлиги, қулай меҳнат ва турмуш шароити яратиш борасида тизимли ишлар олиб борилаётганидан далолатдир.

Тарихдан маълумки, нияти улуғ бўлган ҳар қандай халқнинг орзу истаклари доимо ушалган.      

Зеро, эзгу ниятлар ҳақида гап борганида Имом Бухорий ҳазратларининг «Ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ» асари «Барча эзгу амаллар ниятга боғлиқ, ҳар бир кишига фақат ният қилган нарсаси берилади» деган ҳадис билан бошланганини бугун яна бир бор эслаш ўринлидек туюлади.

Алишер ҚОДИРОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари,

Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси Марказий кенгаши раиси