Фаолият танқидий муҳокама этилиб, устувор вазифалар белгилаб олинди — Янгиликлар — Миллий тикланиш

Ўзбекистон Миллий тикланиш демократик партияси

Партия логотипи Партия логотипи

Фаолият танқидий муҳокама этилиб, устувор вазифалар белгилаб олинди

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Навоий вилояти Кенгашининг 2019 йилдаги фаолияти якунлари ҳамда 2020 йилдаги фаолиятининг асосий йўналишларига бағишланган  II Пленуми бўлиб ўтди.

Унда ЎзМТДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Феруза Муҳаммеджанова, партиядан сайланган халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши депутатлари, партиянинг вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши аъзолари, Ижроия қўмиталари ходимлари ва ОАВ вакиллари  иштирок этди.

Мажлисда ЎзМТДП Навоий вилояти Кенгаши раиси И.Ражабов сўзга чиқиб, партия вилоят, туман, шаҳар Кенгашлари ўз фаолиятини партиянинг 2020-2024 йилларга мўлжалланган дастури ва Марказий Кенгаш томонидан тасдиқланган режа ҳамда Ўзбекистан Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида белгилаб берилган муҳим вазифалар асосида ташкил этиб, уларнинг ижросини таъминлаш борасида кенг кўламли чора-тадбирларни белгилаб олганлигини таъкидлади.

“Миллий тикланиш” демократик партиясининг 2020-2024 йилларга мўлжалланган Сайловолди дастурида партия ва депутатлар томонидан бир қатор қонун ва кодекс лойиҳаларини ишлаб чиқиш ёки ташаббус қилиш режалаштирилган. Шунингдек, турли концепция, стратегия ва дастурлар ижроси устидан жамоатчилик, депутатлик ва парламент назоратини амалга ошириш, партиявий лойиҳалар, республика ва халқаро тадбирлар, кўрик танловлар ўтказиш белгиланган. Улар орасида депутатлик фаолиятининг очиқ ва ошкоралигини таъминлашга қаратилган “Халқ хизматчиси” медиа лойиҳаси, Ёшларни парламент ва қонун ижодкорлиги жараёни билан яқиндан таништиришга қаратилган “Ёшлар парламенти” саёҳат лойиҳаси, депутатларнинг аҳоли билан доимий алоқасини ўрнатиш ҳамда мурожаатларини жойида ҳал этишга қаратилган “Депутат билан юзма-юз”, “Уйма-уй”, “Парламент – халқ уйи” сайёр қабул лойиҳалари, “Биз коррупцияга қаршимиз!” акцияси моҳиятига кўра алоҳида аҳамият касб этади.

2019 йилнинг 22 декабрь куни халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига ўтказилган сайлов натижаларига кўра, вилоятда депутатларнинг умумий сони 79 нафарга етди, шундан 14 нафарини вилоят, 65 нафарини туман ва шаҳар Кенгаши депутатлари ташкил қилди. Шунингдек, вилоятда 2 нафар Қонунчилик палатаси депутати ва 2 нафар Сенат аъзоси айнан ЎзМТДП аъзоси эканлиги ҳам қувонарлидир.

Партиямиз ҳар доимгидек, ёшларимизни ватанпарвар, халқпарвар, фидойи инсон қилиб ўстириш йўлидан боради ва бунда таълим ва тарбияни устувор вазифа деб билади. Бу йўлда йил давомида туркум тадбирларни амалга оширишни режалаштирган.

Давлат тилини ривожлантириш ва янада такомиллаштириш, тил маданиятини, ўзаро муомала сифатини юксалтириш, расмий ҳамда оммавий муомалада ўзбек адабий тили меъёр ва қоидалари бузилишининг олдини олиш давлат ҳокимияти ва бошқарув органларида ва расмий доираларда давлат тили қўлланилишига, шунингдек, қонун ҳужжатлари ва идоравий ёзишмаларнинг тўлиқ давлат тилида ёзилишига эришиш бўйича аниқ ва мақсадли ишларни олиб борамиз.

Депутатликка номзодларнинг жойларда сайловчилар билан бўлиб ўтган учрашувларда билдирилган фикр-мулоҳазалар, таклиф ва тавсиялар, кўтарилган камчилик ва муаммолар атрофлича ўрганилиб, келгусидаги вазифалар белгилаб олинди.

Партия вилоят Кенгашининг иш режаси, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги гуруҳи иш режаси ва Йўл харитаси ишлаб чиқилди.

Ҳар бир депутатнинг иш режаси тайёрланиб, унда Президентимиз Мурожаатномасидан келиб чиққан ҳолда депутатлар томонидан йил давомида амалга оширадиган ишлари, режалари белгиланди. Туман ва шаҳар партия ташкилоти ва ҳудуддан сайланган депутатларнинг йил давомида қиладиган ишлари режа тақсимоти қилинди.

Шунингдек, Пленумда Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси Навоий вилояти партия ташкилоти ташкилий тузилмасига ўзгартириш киритиш, Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси Навоий вилояти Кенгаши аъзоларининг таркибига ўзгартириш киритиш,   Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси Навоий вилоят партия ташкилотининг 2018 йил учун умумлаштирилган сметаси ижроси, 2019 йилга мўлжалланган вилоят партия ташкилотининг сметаси ҳамда аъзолик бадаллари тушуми тўғрисидаги масалалар ҳам муҳокама этилди.

Пленум йиғилишида ЎзМТДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Феруза Муҳаммеджанова сўзга чиқиб, партия ташкилоти томонидан 2020 йилда амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифалари тўғрисида тўхталиб ўтди.

Пленумда кўрилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

ЎзМТДП Навоий вилояти Кенгаши матбуот хизмати