Фракция аъзолари “2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги қонун лойиҳасини муҳокама қилди — Янгиликлар — Миллий тикланиш

Ўзбекистон Миллий тикланиш демократик партияси

Партия логотпи Партия логотпи

Фракция аъзолари “2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги қонун лойиҳасини муҳокама қилди

Жорий йилнинг 11 ноябрь куни Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партиясининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги фракцияси йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишни партия Марказий кенгаши раиси, фракция раҳбари Алишер Қодиров олиб борди. Унда фракция аъзолари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, экспертлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

Йиғилишда «2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги қонуни лойиҳаси депутатлар томониданпартиянинг дастурий мақсадлари ва сайловолди Платформасида белгиланган вазифалардан келиб чиққан ҳолда кўриб чиқилди ва атрофлича муҳокама қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирининг ўринбосари Шарахметов Шохрух Шотурғунович томонидан берилган ахборотга кўра, мазкур қонуннинг устунлиги шундаки эндиликда Олий Мажлис палаталари вазирлик ва идоралар бўйича тақсимланган ажратмаларни тасдиқлашади, уларга бюджетдан аниқ белгиланган ҳолда ажратилган маблағларни сарфлаш ҳуқуқини беради. Бу эса вазирликларнинг тегишли тармоқни ривожлантириш бўйича ваколатларини кенгайтиради ҳамда уларнинг Парламент олдидаги маблағларни самарали ишлатилиши устидан жавобгарлигини оширади.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси биринчи даражали бюджет тақсимловчилар ўртасида бюджетга 10 фоизгача ўзгартириш киритиш ҳуқуқига эга.

Биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчилар учун тасдиқланган Парламент ажратмаларига 10 фоиз ва ундан ортиқ миқдорда тузатишлар киритиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан тасдиқланади, иш ҳақи, пенсия, стипендия, нафақалар ва бошқа харажатларнинг индексация маблағларини қайта тақсимлаш бундан мустасно.

Фракция аъзолари кейинги йилга мўлжалланган бюджетномани парламентга биринчи марта қонун лойиҳаси кўринишида киритилаётганлигини эътироф этиб, унда партия сайловолди Платформасидан ўрин олган таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, илм-фан, адабиёт, санъат ва спорт соҳаларини ривожлантиришга, шаҳар ва қишлоқ жойларда аҳоли турмуш шароитини янада яхшилашни таъминловчи арзон уй-жойлар барпо этиш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантиришга қаратилган ажратмални аҳоли талабларидан келиб чиққан ҳолда белгилаш кераклигини таъкидлашди.

Бундан ташқари, фракция аъзоси Азамат Пардаев Ўзбекистоннинг шонли тарихини акс эттирувчи китоблар жамланмасини ишлаб чиқиш, бу жараёнга тегишли ташкилотлар мутахассисларини ва тарихчи олимларни жалб этган ҳолда алоҳида ёндашув учун давлат бюджетидан пул маблағларини ажратиш таклифини билдирди.

Депутатлар ушбу фикрни қўллаб-қувватлашиб, буюк аждодларимизни, ривожланиш тарихимизни ва миллий давлатчилигимизни ўзида ифодаловчи ягона китоблар жамланмаси нафақат келажак авлодга тарихимизнинг бус-бутан етиб боришида балки хориждан ташриф буюрган меҳмонлар учун ҳам ахоҳида муҳим манбаа бўлиб хизмат қилишини таъкидлашди.

Кун тартибидаги иккинчи масала – Ўзбекистон Республикасининг
«2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонуни лойиҳаси депутатларнинг эътиборини тортди.

Қонун лойиҳасига кўра, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг ставкалари нафақат Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори билан, балки Давлат бюджети қонуни билан ҳам белгиланиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг қатор моддаларига ўзгартишлар киритилмоқда. Хусусан, 3-моддасига парламент ажратмалари, биринчи ва иккинчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчилар, ҳудудий бюджет маблағларини тақсимловчилар, фискал прогнозлар, бюджетни режалаштиришнинг ўрта муддатли даври, умумий фискал баланс каби тушунчалар киритилмоқда.

Ушбу Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши парламент томонидан халқаро меъзонларга мувофиқ Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларини кўриб чиқиш ва тасдиқлаш сифатини ошириш имконини беради.

Йиғилишда шунингдек, бошқа бир қатор қонун лойиҳалари кўриб чиқилиб, қизғин кечган бахс-мунозалар, савол-жавоблар ва билдирилган фикр-мулоҳазалар ҳамда таклифлар асосида фракциянинг мазкур масалалар юзасидан тегишли қарори қабул қилинди.