Халқимизнинг – ислоҳотларимизга, жаҳон ҳамжамиятининг – янгиланаётган Ўзбекистонга баҳоси — Янгиликлар — Миллий тикланиш

Ўзбекистон Миллий тикланиш демократик партияси

Партия логотипи Партия логотипи

Халқимизнинг – ислоҳотларимизга, жаҳон ҳамжамиятининг – янгиланаётган Ўзбекистонга баҳоси

Мамлакатимизда жуда муҳим сиёсий тадбир — Ўзбекистон парламенти ва маҳаллий Кенгашларга умумхалқ сайловлари бўлиб ўтди.

         Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ана шу сайловлар арафасида – Конституциямиз қабул қилинганининг 27 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасидаалоҳида таъкидлаганидек, “Ушбу сайловлар орқали халқимиз бугунги ислоҳотларимизга баҳо берса, жаҳон ҳамжамияти янгиланаётган Ўзбекистонга баҳо беради”.

         Ҳақиқатан ҳам янги қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодекси қоидалари асосида,“Янги Ўзбекистон – янги сайловлар” шиори остида, очиқ-ошкора, шаффоф тарзда, демократик тамойилларга тўла мос ўтказилган ушбу сайловлар мамлакат тараққиётининг янги босқичида тарихий аҳамият касб этди.

Сайлов жараёнлари юқори савияда ташкил этилганлиги, янги сиёсий технологиялардан унумли фойдаланилгани билан аввалгилардан тубдан ажралиб турди. Шу билан бирга мамлакатимиз фуқароларининг сиёсий маданияти юксалиб бораётганлигини намойиш этди, аҳоли фаоллиги ошганлигини кўрсатди.

         Ўзбекистон Республикаси Конституциясида фуқароларнинг жамият ва давлат ишларини бошқаришда иштирок этиши асосий сиёсий ҳуқуқлардан бири сифатида белгилаб қўйилган. Асосий қонунимизга мувофиқ, давлат фуқароларнинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамланган ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлайди.

Бу қоида фуқароларнинг сайлов ҳуқуқини таъминлаш давлат зиммасида эканини англатади. Шунга асосан, давлат сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатлари тизимини яратади ва такомиллаштиради, уларнинг қатъий бажарилишини таъминлайди, фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини бузган шахслар жавобгарлиги юзасидан чоралар белгилайди.

         Мамлакатимизда кейинги йилларда сайлов қонунчилигини янада такомиллаштириш борасида дадил қадамлар  қўйилди. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан қисқа даврда сайловга оид 21 та ҳуқуқий ҳужжат илк бор ягона Сайлов кодексига бирлаштирилди.

Унга киритилган ўттиздан ортиқ янги қоидалар демократик сайловлар ўтказишни янада такомиллаштиришнинг ҳуқуқий асосларини яратди.Сайлов кодексида дунёнинг энг ривожланган мамлакатлари тажрибаларидан ижодий фойдаланилган ҳолда қатор янгилик ва ўзгаришлар ўз ифодасини топган.

         Биринчидан, мустақил мамлакатимиз сайлов қонунчилигида илк маротаба сайловчилар ҳуқуқлари тўлиқ кафолатланишини таъминлаш мақсадида ижтимоий хавфи юқори бўлмаган, унча оғир жиноятлар содир этмаган маҳкумлар учун сайлов жараёнида иштирок этиш имконияти яратилди. Сайловларда озодликдан маҳрум этилган 1 минг 905 нафар шахс ўзининг сайлаш ҳуқуқидан фойдаланиш имкониятига эга бўлди. Сайлов қонунчилигидаги мазкур қоида сайловларни янада демократлаштириш, фуқароларнинг сайлов ҳуқуқини кучайтиришга хизмат қилди.

         Иккинчидан, Сайлов кодексида гендер тенгликнинг ҳуқуқий кафолатлари белгилаб қўйилди. Яъни, бундан буён  депутатликка номзодлар орасида хотин-қизлар умумий миқдори 30 фоизидан кам бўлмаслиги шарт. Бўлиб ўтган сайловларда ушбу кўрсаткич 41 фоизни ташкил қилганлигини алоҳида таъкидлаш керак.

         Учинчидан, Сайлов кодексида белгилаб қўйилган фуқароларнинг сайлов эркинликлари бузилгани ҳақида шикоят қилиш ҳуқуқи, судга шикоят қилиш имконияти уларнинг сайлов ҳуқуқларини амалга оширишнинг муҳим кафолатлари ҳисобланади. Бу қоидалар   халқаро сайлов стандартларига  тўла мосдир.

         Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида сайловга оид ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун жавобгарликни назарда тутувчи алоҳида боб ажратилганлигини таъкидлаш керак. Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексида ҳам сайловни ташкил этиш, уни ўтказиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун, сайлов ҳуқуқининг ёки ишончли вакил ваколатлари амалга оширилишига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарликни белгиловчи нормалар бор.

         2019 йилги сайлов кампанияси ҳам мутлақо янгича тарзда, шиддатли кечаётган давримиз руҳига мос тарзда ўтди. Сайловлар депутатликка номзодлар ўртасида ҳалол сиёсий рақобатни ёрқин намоён қилди.

Бугунги депутат ўз сайловчиларининг ғам-ташвиши ҳақида қайғурадиган, жамиятдаги ўзгаришларни теран англаган ҳолда уларнинг оғирини енгил қилишга хизмат қиладиган қонунлар ишлаб чиқишнинг уддасидан чиқадиган,  чуқур билимли, ҳаёт тажрибасига эга, фикрида собит бўлиши керак. Сайлов якунлари фуқароларимиз худди ана шундай номзодларни қўллаб-қувватлаганини кўрсатди.

         Бу галги сайловларда  жамиятимизнинг энг халқбоп тузилмаси – фуқаролар йиғинлари  фаол қатнашди.  Округ сайлов комиссиялари таркибига фуқаролар йиғинлари фаолларидан  3 минг 714 нафари жалб этилди. Шу билан бирга мамлакатда ташкил этилган сайлов участкаларининг барчасида 9 минг 116 маҳалла фуқаролар йиғини вакиллари кузатувчимандати билан овоз беришнинг шаффофлигини таъминлашга муносиб ҳисса  қўшди.

         Ўзбекистон парламенти ва маҳаллий Кенгашларга сайловларда инновацион ривожланиш йўлини танлаган мамлакатимиз замонавий ахборот-коммуникация  технологияларини ҳаётга кенг жорий этаётганини ҳам намойиш қила олди. “Бир сайловчи – бир овоз” тамойилини тўлиқ ва бехато амалга ошириш мақсадида сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати шакллантирилди.

Барча 6 минг 720 та сайлов округи ва 10 минг 260 та сайлов участкаси овоз беришни сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати асосида олиб боришлари учун  Интернет тармоғига уланди. Ҳатто телекоммуникация тармоғи мавжуд бўлмаган олис ва тоғли ҳудудлардаги 40 га яқин сайлов участкаси ҳам йўлдошли алоқа тизими орқали Интернет тармоғига уланди.

         Синов тариқасида 20 та сайлов участкасида фуқаролар биометрик паспорти маълумотларини идентификация қилиш қурилмалари қўлланилди.

Шунингдек, сайлов жараёнларининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш учун синов тариқасида ҳудудларда танлаб олинган 60 та сайлов участкасида 120 та видеокузатув камераси ўрнатилди ва сайлов жараёнларини тўғридан-тўғри кузатиш имкони яратилди.

         Мамлакатимиз барча фуқароларининг сайлаш ва сайланиш ҳуқуқи таъминланиши учун зарур чоралар кўрилди. Жумладан, чет элда бўлган фуқароларимизнинг ўз ҳуқуқларидан фойдаланиб, овоз беришлари учун ҳам имкониятлар яратилди.

Авваллари сайловларимизда хорижий мамлакатлардаги консуллик рўйхатида турган фуқароларимизгина  овоз бериш имкониятига эга эди. Бу сафарги сайловларда эса қирққа яқин мамлакатда эллик бешта сайлов участкаси ташкил этилди. Бу сайлов участкалари, айтайлик, Владивостокда Тошкент вақтидан беш соат олдин, АҚШнинг Нью-Йорк ва Вашингтон шаҳарларида эса бизнинг вақтимизда соат 18.00 да очилди.

         Ўзбекистон тарихидаги миллий сайлов тизимида хорижий давлатларда биринчи марта фуқароларимизнинг муддатидан олдин овоз беришларига имконият яратилди.

Чет эл мамлакатларининг сайлов қонунчилигида кўзда тутилган ва давлат органлари бунга ижозат берган ҳолатларда бу жойларда гавжум ҳолда истиқомат қилаётган ватандошларимизга уларнинг ишлаш, ўқиш, яшаш жойларида, муассаса, корхона ёки савдо ташкилотларида ҳам муддатидан олдин овоз беришлари ташкил этилди.

         Сайловчиларнинг турар жой манзили ҳақида Ички ишлар вазирлиги, чет элга чиққанлиги бўйича Давлат персоналлаштириш маркази томонидан олинган маълумотлар бўйича мамлакатимиз сайловчиларнинг умумий сони 18 миллион 797 минг 810 нафарни ташкил этди. Марказий сайлов комиссияси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари сайловларида 13 миллион 963 минг 627 нафар сайловчи иштирок этганлигини қайд этди.

Бу сайловчилар умумий сонининг 67,8 фоизини ташкил қилади. Янги Сайлов кодексига мувофиқ сайловда 33 фоиз сайловчи иштирок этса, сайлов бўлиб ўтган ҳисобланади.

         Ўзбекистондаги сайловлар жаҳон ҳамжамиятининг диққат марказида бўлди. Буни сайлов жараёнида 10 та нуфузли халқаро ташкилот, жумладан Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Европада Ҳамкорлик ва хавфсизлик ташкилоти, Халқаро хусусий ҳуқуқ бўйича Гаага конференцияси, Туркий кенгаш, Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши Парламент Ассамблеяси, шунингдек, дунёнинг 41 давлатидан жами 800 дан зиёд халқаро кузатувчилар, сиёсатшунослар, таҳлилчилар, оммавий ахборот воситалари вакиллари ва бошқа мутахассислар иштирок этгани яққол далолат беради.

Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг (ЕХҲТ) Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси сайловларимизда ўзининг тўлақонли миссияси билан иштирок этди.Ўзбекистонда бўлиб ўтган сайловларда биринчи маротаба ЕХҲТ ташкилотига аъзо 37 давлатдан 316 нафар кенгайтирилган кузатувчилар делегацияси, жумладан, ЕХҲТнингДемократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйичабюросидан – 271 ва ЕХҲТ Парламент Ассамблеясидан 45 нафар кузатувчи қатнашди.

         Энг холис, айни пайтда сайловларнинг демократик тамойилларга мувофиқлигини баҳолашда муросасиз ҳисобланган ЕХҲТнинг Ўзбекистон парламенти ва маҳаллий Кенгашларга сайловларга баҳоси эътиборга моликдир. Ушбу ташкилот қуйидагиларни расмий қайд этди:

         биринчидан,Марказий сайлов комиссиясининг сайловларни намунавий тарзда ўтказиш бўйича амалга оширган сезиларли даражадаги саъй-ҳаракатлари ижобий баҳоланди;

         иккинчидан, Марказий сайлов комиссиясида аёллар сони 3 тадан 7 тагача ошгани, сайлов органларида эса 49 фоизга етгани, номзод сифатида кўрсатилган аёллар сони 41 фоизни ташкил этгани алоҳида таъкидланди;

         учинчидан, сиёсий партияларнинг сайлов олди ташвиқоти доирасида молиявий ресурслар сарфланганлиги тўғрисидаги ҳисоботларни бир ой ичида ўз веб-сайтларида ва оммавий ахборот воситаларида эълон қилиш мажбуриятини таъминлайдиган оқилона қонунчилик базаси яратганлиги эътироф этилди;

         тўртинчидан, депутатликка номзодлар дебатларининг жонли эфирда тез-тез ўтказилганлиги энг муҳим янгилик сифатида баҳоланди;

         бешинчидан, амалга оширилган ислоҳотлар фуқаролар ва сиёсий партиялар учун сиёсий таклифлар ва ҳукуматга нисбатан танқид билан чиқиш имконини берганлиги  юқори баҳоланди;

         олтинчидан, кўп маротаба овоз беришни бартараф этувчи ва тенг овоз бериш ҳуқуқини кафолатловчи сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати татбиқ этилганлигига “улкан ютуқ” сифатида баҳо берилди;

         еттинчидан, жазони ўташ муассасаларида озодликдан маҳрум қилинган, ўта оғир бўлмаган жиноят содир этганликда айбланган шахсларга овоз бериш ҳуқуқининг тақдим этилганлиги алоҳида таъкиланди;

         саккизинчидан, сайлов кампанияси ҳукуматнинг сўз ва фикр эркинлигига нисбатан ошиб бораётган ҳурмат шароитида ўтганлиги қайд этилди;

         тўққизинчидан, умумий жиҳатдан Ўзбекистондаги сайловлар қониқарли, халқаро стандартларга мос очиқ ва эркин ўтди деб баҳоланди.

         Бу ўринда ЕХҲТ сайловни кузатиш миссияси раҳбари Кайэтана де Зулуетанинг “Тарихдан маълумки, демократия бир кечада қурилмайди. У аста-секин амалга оширилади. Ўзбекистон ўзгармоқда ва янгиланмоқда. Сайловлар буни намоён қилди”, деган эътирофини таъкидлаш керак.

         Осиё Парламентлараро ассамблеясининг Бош котиби, эронлик Муҳаммад Ризо Мажидийнинг “Ўзбекистоннинг сайлов ўтказиш тажрибаси, кўп партиялилик сайловлар, ва, айниқса, бу йилги Ўзбекистон Президенти жаноб Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мутлақо янгича шакл ва мазмун касб этган парламент сайловлари Осиёнинг кўпгина давлатлари парламентлари учун катта тажриба бўлиб хизмат қилиши мумкин” деб уқтирди.

         Шу жиҳатдан Буюк Британиянинг 1843 йилдан буён фаолият юритиб келаётган, дунёдаги энг обрўли ва машҳур “The Economist ” журналининг курраи замининимизнинг 200 дан кўпроқ давлат орасида Ўзбекистонни “2019 йил мамлакати” деб эълон қилиши чуқур мазмун-моҳиятга эгадир. Зеро, ҳар ҳафта 800 мингдан ортиқ нусхада чоп этилаётган мазкур журнал ҳар йили демократияга интилаётган мамлакатлар орасидан бу йўлда энг катта қадам ташлаган давлатни “Йил мамлакати” деб эътироф этиб келади.

“Ўзбекистон ҳали узоқ йўл босиши керак, аммо ҳеч қайси бир давлат 2019 йилда Ўзбекистончалик олға қадам босгани йўқ”, дея хулоса қилган “The Economist” журнали.

         Мамлакатимизда бўлиб ўтган сайловлар ана шу залворли қадамларнинг энг муҳимларидан бири бўлди.

Акмал Саидов,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Қонунчилик палатаси депутати