Халқимиз сиёсий-ҳуқуқий тафаккурининг юксак намунаси — Янгиликлар — Миллий тикланиш

Ўзбекистон Миллий тикланиш демократик партияси

Партия логотпи Партия логотпи

Халқимиз сиёсий-ҳуқуқий тафаккурининг юксак намунаси

Бош қомусимизга киритилган сўнгги ўзгартиш ва қўшимчалар давлат бошқарувини такомиллаштиришнинг бош асосидир.

Конституция халқимизнинг инсон ҳуқуқларига ва давлат суверенитети ғояларига содиқликни ифода этувчи, инсонпарвар демократик ҳуқуқий давлат барпо этишнинг мустаҳкам йўлини белгилаб берувчи муҳим хужжатдир.

Охирги уч йилда эришган ютуқ ва марраларимиз замирида ҳам Конституциямиз – келажагимиз асоси бўлган ҳаётимиз қомуси ётибди. Буларнинг барчаси Қомусимизминг миллий қадриятларимиз, маънавиятимиз ва ниятларимизга ҳамоҳанг тарзда яратилганининг амалий ифодасидир.

Кейинги йилларда жамиятимизнинг барча соҳаларида қандай улкан муваффакиятларга эришган бўлсак, барчасининг замирида Конституциямиз орқали кафолатланган ҳуқуқлар, ғоялар, принциплар мужассамдир.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев таъбири билан айтганда, “машаққатли ва шарафли йўлда эришган барча ютуқларимизни, энг аввало, Конституциямиз билан боғлашимиз, албатта, бежиз эмас. Нега деганда, Асосий қонунимиз халқимиз узоқ йиллар орзу қилган миллий мустақиллигимиз ва ривожланиш йўлимиз, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини белгилаб берди”.

Энг аввало, Конституциямизнинг асосий жиҳати ундаги барча қоидаларнинг инсон манфаатларига қаратилганлигидир. Бош қомусимиз Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси ва бошқа асосий халқаро ҳужжатлар талабларига тўла мос ҳолда инсон ва фуқароларнинг шахсий ҳуқуқ ва эркинликлари, сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқларини кафолатлаб бермоқда. 

Шуни алоҳида эътироф этиш керакки, кейинги йиллар мобайнида ҳам Бош ҳуқуқий хужжатимиз ривожланиб борди. Конституциявий ривожланишнинг ўтган бир йиллик даври мобайнида Бош қомусимизга Президентимиз Шавкат Мирзиёев белгилаб берган вазифаларидан келиб чиққан ҳолда қатор ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Айниқса, давлат бошқарувининг мутлақо янги, самарали ва сифатли фаолият юритувчи тизимини яратиш, давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг уйғун фаолиятини ташкил этиш, инсон манфаатларини ҳимоя қилиш, сайлов қонунчилигини мустаҳкамлаш билан боғлиқ муҳим тўлдиришлар амалга оширилди.

Ушбу кенг кўламли ишлар замирида Конституциямизга киритилган қуйидаги ўзгартиш ва қўшимчаларни алоҳида таъкидлаш ўринлидир.

Биринчидан, 2019 йил 18 февралда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Хавфсизлик ва мудофаа соҳасидаги баъзи давлат органлари фаолиятини такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонуни билан Конституциямизнинг 80, 93–моддаларига ўзгартириш киритилди. Бу ўзгартиришлар жамиятда қонун устуворлигини, хавфсизлик ва барқарорликни, ҳудудий яхлитликни ташқи ва ички таҳдидлардан ҳимоя қилишни таъминлашга қаратилган давлатнинг англанилган эҳтиёжлари билан боғлиқ бўлган айрим сўзларнинг ўзгартирилиши билан боғлиқ.

Иккинчидан, 2019 йил 5 мартда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Ҳукуматни шакллантириш тартиби демократлаштирилиши ва унинг масъулияти кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонуни билан Конституциямизнинг 79, 93, 98–моддаларига давлат бошқарув тизимини янада демократлаштириш, жамиятдаги тийиб туриш тамойили самарадорлигини оширишга қаратилган ўзгартиришлар киритилди. Яъни, Конституциямизнинг 79–моддасидаги Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси мутлақ ваколатларига Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси аъзолигига номзодларни кейинчалик уларни Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимларга тасдиқлаш учун кўриб чиқиш ва маъқуллаш ваколати киритилди.

Шунингдек, Конституциянинг 93-моддаси 11–банди янги тахрирда баён этилиб, унга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси маъқуллаганидан кейин киритилган тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси аъзоларини тасдиқлаши ва лавозимларидан озод қилиши белгилаб қўйилди, Конституциянинг 98–моддасига ҳам юқоридаги бандларга киритилгани каби янги нормалар киритилиб, унга асосан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг аъзолари Бош вазирнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси маъқуллаганидан кейин киритилган тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланиши белгиланди.

Конституциямизга киритилган ўзгартиришлар асосида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси 2019 йилда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири тақдимига биноан Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири лавозимига берилган номзодни кўриб чиқди ва маъқуллади.

Учинчидан, Конституциямизга киритилган энг асосий ўзгартиришлар янги қабул қилингна Сайлов Кодекси билан боғлиқ бўлди. Ўзбекистон Республикасининг “Сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатлари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонуни билан Бош қомусимизнинг 96, 117–моддаларига сайлаш ва сайланиш ҳуқуқини ҳалқаро ҳуқуқ нормаларига мос ҳолда ривожлантириш, сайлаш ҳуқуқини либераллаштириш билан боғлиқ бўлган нормалар киритилди. Яъни, суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаролар, шунингдек суд ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар сайланиши мумкин эмаслиги ҳамда суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган, шунингдек оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этганлиги учун суднинг ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар сайловда иштирок этмаслиги, бошқа ҳар қандай ҳолларда фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини тўғридан-тўғри ёки билвосита чеклашга йўл қўйилмаслиги каби нормалар Конституциямизнинг тегишли моддаларида белгилаб қўйилди.

Умуман, 2019 йилда кузатилган Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг навбатдаги ривожланиш босқичи конституцион ривожланишнинг умумжаҳон тенденцияларига мос равишда олиб борилди. Киритилган асосий ўзгартиш ва қўшимчалар мамлакат тараққиётининг замонавий босқичида кенг кўламли ислоҳотларнинг муваффақиятли амалга оширилиши ва 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ва Маъмурий ислоҳотлар концепциясини амалга ошириш, шунингдек, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга қаратилди. Бу эса фуқаролик жамиятининг конституциявий асослари тобора мустаҳкамланиб бораётганлигидан, халқаро ҳуқуқ нормаларининг устуворлиги таъминланаётганлигидан далолат бермоқда.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш керакки, Бош қонунимиз ривожи Ўзбекистон давлатчилигини мустаҳкамлашга, тинчлик ва барқарорликни таъминлашга, инсон омилини янада юқори босқичга кўтаришга, энг асосийси, инсон давлат манфаатлари учун эмас, балки давлат инсон манфаатлари учун хизмат қилиши керак деган эзгу ғоя замирига қаратилмоқда.

Шерзод РАҲИМОВ,
ЎзМТДП фракцияси аъзоси