Халқ дарди билан яшаш депутатнинг олий мақсадига айланиши керак! — Янгиликлар — Миллий тикланиш

Ўзбекистон Миллий тикланиш демократик партияси

Партия логотипи Партия логотипи

Халқ дарди билан яшаш депутатнинг олий мақсадига айланиши керак!

Президентимиз Олий Мажлис Қонунчилик палатаси биринчи йиғилишида иштирок этиб, депутатларимиз фаолиятига баҳо бериб ўтди. Жумладан, йиғилишда парламент, хусусан, Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракциялари фаолиятини таҳлил қилиб, ютуқлар билан бир қаторда мавжуд камчиликларни ҳам очиқ ва ошкора айтган ҳолда депутатлар олдида турган бир қатор устувор вазифаларга тўхталди.

Учрашув чоғида Юртбошимиз Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари лавозими таъсис этилганлигини таъкидлаб, асосий йўналишларини кўрсатиб ўтди:

— Авваламбор, биринчи ўринбосар Қонунчилик палатасининг халқаро парламентлараро ташкилотлар билан алоқаларини ривожлантириш,  хорижий давлатлар билан парламентлараро гуруҳлар фаолиятини мувофиқлаштириш, Ўзбекистоннинг жаҳон миқёсидаги обрў-эътиборини юксалтиришга кўмаклашиш, парламентлараро дипломатияни амалга оширишга масъул бўлиши керак… Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномаларининг Ҳукумат томонидан изчил бажарилишини назорат қилиш ҳам Спикер биринчи ўринбосарининг асосий вазифаси бўлиши керак.

Бугунги кенг кўламли ислоҳотлар барчамиздан нафақат иштирокчиси, балки ислоҳотларнинг ташаббускори ва асосий ижрочиси бўлишни талаб этмоқда. Депутатлик – бу одамдан жуда катта интеллектуал салоҳият, тинимсиз меҳнат, изланиш ва масъулият талаб қиладиган фаолиятдир. Депутат, аввало, ҳамиша халқ дарди билан яшаши, одамларни қийнаётган муаммоларни ҳал қилиш учун фидойилик кўрсатиб бошқаларга ўрнак бўлиши лозим.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, кейинги йилларда депутатларимизнинг сайловчилар орасидаги обрў-эътибори ошиб бормоқда. Дарҳақиқат, агар депутатни эл-юртнинг ташвишу муаммолари қизиқтирмаса, мавжуд муаммоларни ҳал этишда билим ва тажрибаси етарли бўлмаса, у депутат сифатида халқнинг ҳурмат-эътиборини қозона олмайди. 

Йиғилишда Президентимиз биз – депутатларга олдимизда турган  беш йилликда амалга оширишимиз лозим бўлган ишларни аниқ-тиниқ белгилаб бердилар.

Ўйлайманки, парламент ва маҳаллий кенгашларга Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан сайланган депутатларимиз зиммасидаги вазифаларни сидқидилдан бажариб, сайловчилар ишончини оқлашга ҳаракат қиладилар ҳамда олиб борилаётган ислоҳотлар билан қадамба-қадам одимлайдилар. Улар баландпарвоз гапларни четга суриб, аниқ амалий ишлар билан одамларимиз, сайловчилар ишончини қозонишиб, уларнинг қалбидан жой оладилар. Шундагина, депутат халқнинг ишончини қозонади ва халқ унга эргашади.

Илҳом РАЖАБОВ,
ЎзМТДП Навоий вилояти кенгаши раиси,
халқ депутатлари Навоий вилояти Кенгаши депутати