Халқ таълим вазири “Тарбия” фанини ўқитиш бўйича ҳисобот берди — Янгиликлар — Миллий тикланиш

Ўзбекистон Миллий тикланиш демократик партияси

Партия логотипи Партия логотипи

Халқ таълим вазири “Тарбия” фанини ўқитиш бўйича ҳисобот берди

Жорий йил 1 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси фракцияси ташаббуси билан навбатдаги “Ҳукумат соати” эшитуви бўлиб ўтди. Унда Халқ таълим вазири Шерзод Шерматов депутатларнинг умумтаълим мактабларида ватанпарвар авлодни тарбиялаш, янги жорий этилган “Тарбия” фани ўқитилишини ташкил этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисидаги саволларига жавоб қайтарди.

«Миллий тикланиш» демократик партиясининг 2020-2024 йилларда мўлжалланган Сайловолди дастурида белгиланганидек, мамлакатимизда бошланган янги давр таълим соҳасига ҳам аниқ ва қатъий талаблар қўймоқда.

Партия амалдаги таълим тизимида тарбиянинг ўрнини етарли эмас деб ҳисоблайди. “Оила – мактабгача таълим – мактаб” даврини ўз ичига олган, тарбияни устувор ҳисоблайдиган тарбия ва таълим тизими миллий ва умуминсоний қадриятларни эътироф этадиган, билимли, эркин фикрлайдиган, ҳалол ва масъулиятли инсонни шакллантиришни устувор вазифа сифатида кўради. Тизимнинг натижадорлиги эса оила, мактабгача таълим ташкилотлари ва умумтаълим мактабларидаги мавжуд муаммоларнинг тизимли бартараф этилишини тақозо қилади. Шундан келиб чиққан ҳолда партия таълим тизимида айрим дарсликларни мақбуллаштириш ҳисобига 1 синфдан 11 синфгача ўқитиладиган “Тарбия” дарслигини жорий этиш таклифини илгари сурган эди.

Шу йилнинг 6 июлида Вазирлар Маҳкамасининг “Умумий ўрта таълим муассасаларида «Тарбия» фанини босқичма-босқич амалиётга жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди ва унда «Одобнома», «Ватан туйғуси», «Миллий истиқлол ғояси ва маънавият асослари» ҳамда «Дунё динлари тарихи» фанларини бирлаштирган ҳолда ягона «Тарбия» фанини киритиш белгиланди. Ушбу қарор ижроси доирасида бугун мактабларда маънавий-тарбиявий ишлар янгича асосда ташкил этилиб, “Тарбия” фанини 2020-2021 ўқув йилидан 1-9-синфларда ўқитиш йўлга қўйилди. 10-11-синфларда эса мазкур фан 2021-2022 ўқув йилидан бошлаб жорий этилади.

Халқ таълим вазири Ш.Шерматов депутатларнинг “Тарбия” фанини ўқитиш учун ажратилган дарс соатлари ҳамда дарсликлар масаласида берган саволларига жавоб берар экан, умумий ўрта таълим муассасаларида “Тарбия” фани 1-9-синфларда ҳафтасига 1 соатдан, ўқув йили давомида эса 34 соат ўқитилишини маълум қилди.

– “Тарбия” фанининг 1-9-синфларга мўлжалланган дарсликлари яратилди. Ўқув-услубий таъминотнинг ахборот платформасини яратиш мақсадида интернет тармоғининг www.tarbiyam.uz сайтида фанга доир маълумотлар ва вазифалардан иборат ўқитувчига услубий ёрдам кўрсатувчи маълумотлар базаси яратилди. Унда ўқитувчилар учун фаннинг мақсад-вазифаларини очиб берувчи меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар – фан концепцияси, Давлат таълим стандартлари, ўқув дастури, услубий тавсиялар, тақвим-режалар, фанни ўқитишга доир технологиялар, дарс ишланмалари, қўшимча манбалар жойлаштирилмоқда, – деди вазир ушбу фан бўйича яратилган ўқув қўлланмалари ҳақида гапириб.

Мазкур дарсликларда ёшларни фикрлашга ўргатадиган, уларни миллий қадриятларимизга содиқ, ватанпарвар руҳда тарбиялашга хизмат қиладиган замонавий педагогик технологиялардан қай даражада фойдаланилган?

Республика таълим маркази директори Шуҳрат Сатторов ушбу саволга жавоб берар экан, “Тарбия” фанининг ўқув дастури ва дарсликларида ватанпарварлик, тадбиркорлик, иродалилик, мафкуравий иммунитет, меҳр-оқибат, масъулият, бағрикенглик, ҳуқуқий маданият, инновацион фикрлаш, меҳнатсеварлик каби кўникмаларни шакллантиришга урғу берилганини таъкидлади.

Депутатлар таълим муассасаларида ўқувчилар орасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш, бадантарбия, шахсий гигиена қоидаларига риоя қилинишини таъминлаш, соғлом ва тўғри овқатланишни тарғиб этиш борасида амалга оширилаётган ишлар бўйича ҳам саволлар бердилар.

“Ҳукумат соати”да таъкидланганидек, халқ таълими тизимидаги 10 008 та умумий ўрта таълим муассасасида 6 млн. 236 минг нафар ўқувчи таҳсил олади. Бугунги кун ўқувчи-ёшларни ҳар томонлама етук ва баркамол бўлиб улғайишларини назарда тутиб, вазирликда Соғлом овқатлантиришни ташкил этиш ва тиббий хизмат кўрсатишни мувофиқлаштириш шўъбаси ташкил этилган. Шўъба томонидан ўқувчиларининг соғлом овқаланишини ташкил этишни янада такомиллаштириш, гигиена талабларига мос шарт-шароитлар яратиш, мактаб ошхонасини сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш ва таомлар сифатини яхшилаш чоралари кўрилмоқда.

Депутатлар таълим тизимида олиб борилаётган ислоҳотларни янада ривожлантириш юзасидан тавсиялар берди. Муҳокамалар якунида мазкур йўналишдаги ишлар юзасидан самарали парламент назоратини таъминлашга келишиб олинди.

ЎзМТДП Марказий кенгаши Ахборот хизмати