Хуршид Дўстмуҳаммад бугунги кун матбуоти ва Халқаро журналистика факультети ҳақида гапирди — Янгиликлар — Миллий тикланиш

Ўзбекистон Миллий тикланиш демократик партияси

Партия логотипи Партия логотипи

Хуршид Дўстмуҳаммад бугунги кун матбуоти ва Халқаро журналистика факультети ҳақида гапирди

Kun.uz мухбири касб байрами муносабати билан Ўзбекистондаги бир гуруҳ устоз журналистларни йўқлади ва уларнинг бугунги кун журналистикаси борасидаги фикрларини сўради.

Катта авлод журналистикаси вакиллари Журналистиканинг бугунги қиёфасини қандай кўрасиз ва ундаги асосий муаммолар нималардан иборат? Ўзбек журналистикаси сизнингча, қандай ислоҳотларга муҳтож ва қандай ислоҳотлар керак деб ҳисоблайсиз? каби саволларга ўз фикрларини билдириб ўтишди. Хусусан ёзувчи ва устоз журналист Хуршид Дўстмуҳаммад бугунги кун журналистикаси ҳақида қуйидаги фикрларни айтиб ўтди.

– Журналистиканинг бугунги қиёфасини қандай кўрасиз ва ундаги асосий муаммолар нималардан иборат?

– Журналистикамизнинг бугунги қиёфасини чизиш учун ёрқин бўёқларимиз жуда оз. Бугунги муаммолар илдизи – 30 йиллик дарахтларнинг меваси ҳисобланади. Бу дарахтларни асраб-авайлаб суғорган, парвариш қилган маслаҳатгўйлар, йўл-йўриқ кўрсатувчилар айбдорлар сафини бошқариб туришибди. «Э, барака топгурлар, шунча йўл-йўриқ кўрсатдик, соҳа орқага кетса кетмоқдаки, рўшнолик кўраётгани йўқ, келинглар, бас қилайлик!» демади-я, бирортаси, лоақал инсоф, диёнат нуқтайи назаридан.

Журналистларимиз-чи? Бош муҳаррирларимиз-чи? Ўша «доно» йўриқномаларга ватанпарварлик, мустақилпарварлик тўнини кийдириб бажонидил ижро этдилар. Озгина диёнати, ғурури кўз юммаганларгина қоғоз-қаламни йиғиштирдилар.

Кенг омма эса томошабинликдан нарига ўтмади. Бу нимаси? Матбуот ҳам, ТВ ҳам шунақа кўзбўямачи бўладими, деб айтолмади. Тоқат қила-қила оқибати миллий матбуотимиз аҳволи шу кўйга тушди.

30 йилда йўқотилган обрў-эътиборни 3-4 йилда тиклаш албатта осон кўчмайди. Лекин шуниси аниқки, айни пайтда президент бошлаётган ислоҳотлар натижаси оммавий ахборот воситалари тўла эмин-эркин фаолият юритишига боғлиқдир!

Ўша қаттол шўро даврида Россиядан, Латвия, Литва, Эстония, Озарбойжон, Грузиядан газета-журналларга обуна бўлардик. Қўлма-қўл ўқирдик. Баҳслашардик. Хулоса чиқарардик. Бирорта сонини олмай қолсак, суриштирардик, излардик.

Энди-чи? «Фалон газета нега чиқмаяпти? Пистон журнал нега тўхтаб қолди?» деган гапни эшитмаймиз. Шу қадар ожизлик, ношудлик!..

Кимда-ким газета-журнални ўқимаса ўқимай қўя қолсин, бу унинг диди, савияси, дунёқараши, маданияти белгиси. Лекин ижтимоий тармоқ, блогер ҳали тўлақонли журналистика эмас. Улар ҳам керак, зарур. Ижтимоий тармоқ, блогер топсин, кўрсатсин, воқиф қилсин, ёзма журналистика таҳлил қилсин, тушунтирсин, йўналтирсин. Шу тариқа, бир-бирини тўлдирсин. Мана, ечим қаерда!

Матбуотни ўқимасликка даъват этувчи вазир ёки ҳокимга ишониб бўлмайди ахир, жамиятнинг маънавиятини, тақдирини!

Борни йўқ қилиш эмас, бордан бор қилишни ўйлайлик.

Олий ва ўрта махсус таълими вазирлиги мутасаддиларининг топқирлигини қаранглар: республикамиздаги бир неча олий ўқув юртларида журналистика факультетлари очилди. Қувондик, олқишладик. Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети таркибида 20 йилдан буён (!) фаолият юритаётган, муайян тажриба орттирган, илмий салоҳиятни шакллантирган, ҳар қандай олий ўқув муассасаси ғурурланишга арзийдиган талабалар етиштирган халқаро журналистика факультети фаолияти бошқа йўналишга ихтисослаштириш баҳонасида тугатилди. Қани мантиқ? Қани миллий манфаат? Қани, соҳанинг ўзига хос нозик жиҳатларини тушуниш, англаш?!

Янги ташкил этилган факультетлар ЎзДЖТУнинг халқаро журналистика факультети эришган тажрибани, салоҳиятни жамлагунига қадар… соҳанинг аҳволи нима кечади?

Бу каби саволларга жавоб йўқ…

– Ўзбек журналистикаси сизнингча, қандай ислоҳотларга муҳтож ва қандай ислоҳотлар керак деб ҳисоблайсиз?

– Жамиятда ўқитувчининг, мураббийнинг иззат-эътибори энг юқори ўринда турмоғи керак. Шифокорлар ҳам шу қатори. Айни чоғда журналистика ва журналистларниннг обрў-эътибори уларникидан кам бўлмаслиги керак. Унутмайлик, бошқа барча соҳадаги аҳвол миллий журналистика ўнгланган тақдирдагина яхшиланади, изга тушади, натижа беради.

Давр тубдан ўзгарди, бу имкониятдан унумли фойдаланмасак, унинг уволига қоламиз. Ўзини ҳозирги янгиланишларга муносиб, лойиқ кўрмаган заҳматкаш оқсоқол ҳамкасбларимиз ёшларга йўл очишлари, пиравордида касбимиз келажагига хизмат қилади. Касбимизни севасизми, унинг тақдирига бефарқ эмасмисиз, марҳамат, айни тантилик, жўмардлик айёми мунтазир, Сизларга! Ишонинг, ёш авлод вакиллари сиз-у биздан яхшироқ, саводлироқ, унумлироқ, фойдалироқ ишлай оладилар!

Миллий журналистика фани салоҳияти аянчли аҳволда. Назарий асос пухталанмагунига қадар унинг амалиёти ҳаминқадарлигича қолаверади. Эндиликда ҳар қандай тараққиёт илмий замини пухта соҳалардагина гуллаб-яшнайди. Бу ­– аксиома!

манба: http://hudud24.uz