Шонли тарих унутилмайди — Янгиликлар — Миллий тикланиш

Ўзбекистон Миллий тикланиш демократик партияси

Партия логотипи Партия логотипи

Шонли тарих унутилмайди

9 май — Хотира ва қадрлаш куни. Мана 75 йилдирки, ушбу сана Иккинчи  жаҳон урушида қозонилган ғалаба куни сифатида нишонланади.

Юртимизда инсон омили бирламчи. Ён-атрофимиздагиларга иззат-ҳурмат кўрсатилади, бу ёруғ оламни тарк этганлар эса яхши ном билан ёдга олинади. Юртимиз пойтахтида барпо этилган Ғалаба боғи, унда қад ростлаган «Матонат мадҳияси» ёдгорлик мажмуаси, «Шон-шараф» музейи ҳам фикримизнинг бир исботидир.

Ғалаба боғида аҳолининг тарих билан ҳамнафас бўлиб, ўтганлар хотирасини ёд этиши, уларга ҳурмат бажо келтириши, мазмунли дам олиш, оммавий маданий тадбирлар, ижодий учрашувлар, адабий кечалар ўтказиш учун барча шароитлар яратилган. Президентимиз таъкидлаганларидек, мазкур боғ Ватанга садоқат, ўз ҳаётини тинчлик ва озодлик учун фидо қилган инсонларнинг ўлмас жасорати ва ёрқин хотираси олдидаги юксак ҳурмат-эҳтиромнинг амалий намунаси бўлиб қолади.

Минг-минглаб юртдошларимиз шу юрт, шу азиз тупроқ озодлиги учун жон олиб жон берганлар. Ўзлари фидо бўлсаларда, фарзандлари, оилалари, жигарбандлари озодлиги учун курашганлар. Уларнинг хотираси биз учун абадий. Улар доимо қалбимизда яшайди. Айни кунларда орамиздаги бобо ва бувиларимиз ҳаётимиз ва оилаларимиз гултожиси, маслакгўй ва тиргакларимиздир.

Бугунги доруломон кунларда Навоий вилоятида ҳаёт кечираётган 26 нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, 661 нафар фронторти фахрийлари бахтимизга соғ-омон бўлсинлар.

Илҳом РАЖАБОВ,

ЎзМТДП Навоий вилояти кенгаши раиси,

халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати