Янги авлод вакилларига ишонамиз — Янгиликлар — Миллий тикланиш

Ўзбекистон Миллий тикланиш демократик партияси

Партия логотипи Партия логотипи

Янги авлод вакилларига ишонамиз

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг жойлардаги фаоллари сайловларда ёшларнинг фаол иштироки таъминланганини таъкидламоқдалар.

– Қорақалпоғистонда 995 320 нафар сайловчи рўйхатга олинган бўлса, уларнинг 60 минг нафарга яқини илк бора овоз берадиган ёшлар эди, – дейди партия Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши раиси Тажибай Романов. — 18 декабрда 6378 нафар фуқаро муддатидан олдин овоз берди. Ташкил этилган 622 та сайлов участкасидаги жараёнларни эса АҚШ, Россия, Италия ва Латвия каби давлатлардан келган 17 нафар хорижлик эксперт кузатиб борди. Энг муҳими, сайловларгача бўлган қизиқиш сайлов куни ҳам сўнмади.

          ЎзМТДП Бухоро вилояти кенгаши раиси Махсуд Муҳаммедовнинг таъкидлашича,  вилоятда ҳам сайлов қизғин ва уюшқоқлик билан ўтди. Унда 1 070 306 нафар фуқаро иштирок этиши белгилангани ҳолда сайлов жараёнларини кўплаб хорижий вакиллар кузатиб борди. Жумладан, молдовиялик журналист Анна Харламенко Бухоро шаҳридаги 21-сайлов участкасида бўлиб, тадбирнинг юқори даражада ташкил этилганини эътироф этди.  

– Эски шаҳарни айланар эканман, юрагимни ранг-баранг туйғулар чулғаб олди, – деди хорижлик меҳмон. – Тарихий обидаларни бугунги кун ва ўтмиш ўртасидаги кўприк, аждодлар ва авлодларни боғлаб турган дил робитаси,  десам хато бўлмайди. Дунёнинг кўплаб мамлакатларида бўлганман. Аммо Бухоройи шариф бетакрор шаҳар экан. Одамларингиз юзидаги табассум, меҳр мени мафтун этди. Ўзимни худди ўз уйимда юргандек ҳис қилдим.

– “Янги Ўзбекистон – янги сайловлар” шиори остида ўтган муҳим тадбирда сирдарёликлар ҳам фаол иштирок этдилар, — дейди партиянинг Сирдарё вилоят кенгаши раиси Норбобо Соатов. — Сайловларни 20 нафардан ортиқ халқаро кузатувчилар бевосита кузатдилар.

– Андижонликлар ҳам юртимизнинг кейинги беш йилликдаги ижтимоий-иқтисодий ҳаётини белгилаб берадиган сайловларда фаол иштирок этишди – дейди ЎзМТДП Андижон вилояти Кенгаши раиси Хамиджон Омонов. –Унда сайловчиларнинг 74.9 фоизи қатнашди. Бу вилоятлар орасида энг юқори кўрсаткичдир. Шу ўринда барча сайлов участкаларида ёшлар фаоллиги яққол кузатилганини таъкидлаш ўринли. Вилоятда 47517 нафар ёшлар биринчи марта овоз бердилар.

Бундан ташқари сайловда100 ёшдан ўтган 56 нафар мўътабар инсонлар ҳам  иштирок этдилар. Сайлов комиссиялари аъзолари уларнинг хонадонларига бориб, уларга овоз бериш имконини яратиб беришди.

Партия Самарқанд вилояти кенгаши раиси ўринбосари Азимжон Солиевнинг айтишича, сайловда 1 480 236 нафар фуқаро иштирок этган. Бу жами фуқароларнинг 72.3 фоизини ташкил қилади.

Овоз берганларнинг 655 мингдан зиёдини хотин-қизлар, 178 мингдан ортиғини эса илк бор сайловларда иштирок этаётган ёшлар ташкил этди.

Навоийда ўтган сайловларни Қозоғистон, Исроил, Италия, Руминия каби давлатлардан келган 16 нафар халқаро эксперт кузатиб боргани айтилмоқда.

—  Мен илк бор 1992 йили Президент сайловини кузатганман, — дейди Исроиллик эксперт Владимир Месамед. — Ундан кейин парламент сайловларида қатнашдим. Шу йиллар давомида юртингиздаги ривожланиш жараёнларини, фуқароларнинг сайловга муносабати қай даражада юксалиб бораётганини кузатиб келяпман.

– “Янги Ўзбекистон – янги сайловлар” шиори остида ўтган сайловда кекса отахону онахонларимиз ҳам фаол иштирок этдилар, – дейди партия Навоий вилояти кенгаши раиси Илҳом Ражабов. – Жумладан, 85 ёшли онахон Марзия момо Имомова фарзандлар, неваралар келажагига бефарқ эмаслигини билдириб, Кармана туманидаги 86-сайлов участкасида овоз бердилар.

Таъкидлаш жоизки, бугун вилоят бўйича 4966 нафар имконияти чекланган фуқаро бор. Сайлов комиссияси аъзолари  ногиронлиги бўлган сайловчиларнинг яшаш жойларида бўлиб, кузатувчилар назоратида уларнинг ўз конституциявий ҳуқуқларидан фойдаланишларига шароит яратиб беришди.

– Фарғона вилоятида 2 171 224 нафар сайловчининг 1 515 514 нафари сайловда иштирок этди, дейди – ЎзМТДП Фарғона вилояти Кенгаши раиси Хурсаной Исламова. – Бу жами сайловчиларнинг 69,8 фоизини ташкил этди. Сайловда иштирок этганларнинг 1 миллион 600 минг нафари 30 ёшгача, шундан 40 минг 67 нафари  биринчи марта овоз берган ёшлар, умумий сайловчиларни 51 фоизини эса хотин-қизлар ташкил этди. Учкўприк, Фарғона туманларида эса жами сайловчиларнинг 80 фоизи иштирок этганини таъкидлаш жоиз.