Янги таҳрирдаги “Таълим тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокама қилинди — Янгиликлар — Миллий тикланиш

Ўзбекистон Миллий тикланиш демократик партияси

Партия логотипи Партия логотипи

Янги таҳрирдаги “Таълим тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокама қилинди

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси томонидан Жиззах давлат педагогика институтида янги таҳрирдаги “Таълим тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокамасига бағишланган учрашув бўлиб ўтди.

Тадбирни институт ректори, профессор Шавкат Сафаров очиб, бугунги кунда таълим соҳасидаги ислоҳотларнинг янги бир босқичга кўтарилгани, ҳар бир ислоҳотнинг ҳуқуқий механизми яратиб берилаётганини шу боис “Таълим тўғрисида” ги Қонунни янги таҳрирда қабул қилиш вақти келганлигини айтиб ўтди.

Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари, ЎзМТДП Марказий кенгаши раиси Aлишер Қодиров иштирок этди ва сўзга чиқди.

— Ривожланган давлатлар тажрибасига эътибор қаратсак, тараққиётга эришиш учун ислоҳотлар, аввало, таълим соҳасидан бошланганига гувоҳ бўламиз, — деди партия етакчиси. — Чунки ёш авлод таълим-тарбиясига устувор вазифа сифатида қараган ҳар қандай мамлакат, шубҳасиз, келажак пойдевори мустаҳкамлигига эришади. Бугун шиддат билан ўзгараётган замон, жаҳон бозоридаги кескин рақобат ва юқори малакали кадрларга бўлган талабнинг ортиб бораётгани ушбу соҳани ҳам ислоҳ қилиб боришни тақозо этмоқда. Ўзбекистон янгиланиб бораётган экан, у албатта уйғониши керак. Марказий Осиёнинг юраги ҳисобланмиш Ўзбекистон бугун ҳаттоки қўшни давлатлардан ҳам баъзи соҳаларда орқада эканлиги афсусланарли ҳолат, деб ўйлайман. Мактабгача таълим муассасалари фаолиятини тубдан яхшилаш, энг илғор хорижий тажрибани ўрганиш, ҳар жиҳатдан замонавий тизим яратиш мақсадида Мактабгача таълим вазирлиги ташкил этилиб, тизимни малакали кадрлар билан таъминлаш, давлат ва хусусий шериклик асосида яқин истиқболда мамлакатимизда боғча ёшидаги болаларни тўлиқ мактабгача таълим муассасаларига қамраб олишга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Кенг жамоатчилик ва ота-оналарнинг фикр-таклифлари асосида юртимизда 11 йиллик мажбурий мактаб таълим қайта жорий этилди, кадрларга бўлган эҳтиёждан келиб чиқиб, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тизими ҳам манзилли ва мақсадли равишда ислоҳ қилинмоқда. Биз бу ерга  қонун лойиҳасини мукаммал бўлиши ва бунда жойларда фаолият олиб бораётган педагог ходимларнинг фикри муҳим эканлигини инобатга олиш айнан сиз устозларнинг таклифларини эшитиш учун келганмиз, – дея ўз сўзини якунлади Алишер Қодиров.

12 боб 74 моддадан иборат янги таҳрирдаги қонун лойиҳаси бугунги кунда таълим соҳасида бўлиб ўтаётган ўзгаришларни ўз ичига олган.

Семинарда қонун лойиҳасини маромига етказиш юзасидан профессорлар А.Маматов, У.Жуманазаров ва А.Мелиев ҳамда  А.Тангиров, Т.Исмоилов ва Ф.Тошбоевлар ўз таклифларини бердилар.

 Тадбир якунида қонун лойиҳасини ҳудудларда ҳам муҳокамадан ўтказиш  борасида, Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритиш ҳамда қабул қилинишига қадар ҳамкорликда амалга ошириладиган ишлар белгилаб олинди.