Ёшлар овози янада баралла янграйди — Янгиликлар — Миллий тикланиш

Ўзбекистон Миллий тикланиш демократик партияси

Партия логотипи Партия логотипи

Ёшлар овози янада баралла янграйди

Муҳтарам Президентимизнинг ташаббуси билан Ёшлар овози энди парламент минбарларидан ҳам жаранглайдиган бўлди. Ёшларнинг сиёсат, давлат бошқаруви, қонун лойиҳаларининг ишлаб чиқилиши, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий масалаларда қарорлар қабул қилиш жараёнидаги иштироки янада кучаяди.

Ёшлар парламентга 18-30 ёш бўлган фуқаролардан гендер тенглик асосида жами 100 нафар киши танлаб олинади ва улар сафига жисмоний имконияти чекланган ёшлар ҳам киритилади. Ҳар бир ҳудуддан 6 нафардан жами 84 нафар ва Ёшлар иттифоқи тавсиясига кўра 10 нафар ҳамда Сенатнинг Ёшлар маданият ва спорт масалалари қўмитаси тавсиясига биноан яна 6 нафар ёшлар Сенат Кенгаши қарори билан Ёшлар парламенти аъзолигига тасдиқланади.

Маълумки, Ёшлар парламентини ташкил қилишдан кўзланган мақсад минглаб йигит-қизларни қийнаётган муаммоларга ечим топиш, айниқса, бугун жуда муҳим ҳисобланган ёшлар бандлигини таъминлаш, таълим-тарбиясини мустаҳкамлаш, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини қонуний жиҳатдан янада мустаҳкамлашдир. Ёшлар тақдири энди бевосита ёшларнинг қўлига берилаётган экан, парламентга сўзи ўткир, сиёсатчи, муаммоларни пухта биладиган, чўрткесар, ҳақиқатга тик боқадиган ёшларни танлаб олиш муҳим ҳисобланади.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, эндиликда ёшлар парламенти ёшларга оид давлат сиёсатини белгилашда, сўзи ўткир, ҳар томонлама билимли ёш сиёсатчиларни тайёрлашда муҳим аҳамияга эга бўлади. Улар яқин келажакда ўзбекистонлик  тенгқурларининг манфаатларини ҳимоя қилиш билан бирга, дунё ёшлари овозининг баралла янграшига ҳам хизмат қилса ажаб эмас.

Достон Бозоров, ЎзМТДП Сурхондарё вилоят Кенгаши матбуот котиби