Ўзбекистонда бола ҳуқуқлари кафолатланган — Янгиликлар — Миллий тикланиш

Ўзбекистон Миллий тикланиш демократик партияси

Партия логотипи Партия логотипи

Ўзбекистонда бола ҳуқуқлари кафолатланган

Бутун дунё бўйлаб, ҳар йилнинг 1 июнь куни — “Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни” сифатида нишонланади.

Ўзбек халқи азалдан болажон халқ. Халқимиз қайси дин, қайси миллат фарзанди бўлишидан қатъи назар, меҳр бериб, бошини силайди. Биргина мисол: Иккинчи жаҳон уруши йилларида уй-жойи вайрон бўлиб, ота-онасидан етим қолган, яқинларидан ажралган икки юз мингдан ортиқ болаларни Ўзбекистон бағрига олди.

Ватанига, ўзбек хонадонларида ўз уйларига эга бўлди. Халқимиз “Сен етим эмассан” деб ўзининг бир бурда нонини ҳам шу болалар билан баҳам кўрди. Ўша вақтда 14 нафар етим болаларни тарбиялаб, авайлаб вояга етказган Шомаҳмудовлар оиласи бутун ўзбек халқининг бағрикенглиги ва олижаноблиги рамзидир.

Бугунги кунда Ўзбекистон аҳолисининг 10 миллионга яқинини 14 ёшгача бўлган болалар ташкил қилади. 2020 йил 1 январь ҳолати бўйича мамлакатда 0–14 ёшдаги жами болалар сони 9 миллион 870 минг 276 нафарни ташкил этган. Шундан, 5 миллион 112 минг 470 нафари ўғил болалар бўлса, 4 миллион 757 минг 806 нафари қиз болалардир.

Республикада 0–14 ёшдаги ўғил-қизларнинг 4 миллион 559 минг 212 нафари шаҳарда, 5 миллион 311 минг 64 нафари эса қишлоқ жойларда истиқомат қилади. Бу рақамларни бежизга келтриб ўтмадим. Миллати, тили, дини, ижтимоий мавқеи ва яшаш жойидан қатъи назар дунёдаги барча болалар бахтли бўлишга хақлидир. Уларнинг бирдамлиги, соғлиги, тинчлиги ва нурафшон келажагини таъминлашда ҳар бир давлатнинг олиб бораётган сиёсати алоҳида аҳамият касб этади.

Мустақилликнинг илк кунлариданоқ баркамол авлодни тарбиялаш масаласига давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида эътибор қаратилиб, ўғил-қизларимизнинг интеллектуал ривожланиши, маънавий ва жисмоний камолоти йўлида кенг қамровли ишлар амалга ошириб келинмоқда.

Конституциямиз ва бошқа қатор қонунлар асосида вояга етмаганларнинг ҳуқуқлари таъминланмоқда. “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни мамлакатимизда ҳар томонлама баркамол авлодни камолга етказишга хизмат қилмоқда. 

Ушбу қонунда мамлакатимизда бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари белгилаб берилган. Улар орасида боланинг ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиш алоҳида ўрин тутади.

Муҳтарам Президентимиз Ш. Мирзиёевнинг мактабгача таълим соҳасига бераётган эътиборларини ҳам бу борада олиб борилаётган ишларнинг энг тўғри ва самарали йўли сифатида айтиш мумкин.
2017 йилнинг 30 сентябрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Мактабгача таълим тизими бошқарувини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилинган эди. Мазкур ҳуқуқий асосга кўра, мактабгача таълим муассасаларининг давлат ва нодавлат тармоқларини янада кенгайтириш, улар ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш, давлат ва хусусий сектор шериклиги шартларида мактабгача таълим муассасаларининг янги шаклларини жорий этиш белгиланган.

Ҳукуматимиз томонидан олиб борилаётган бу каби эзгу ишлар фарзандларимиз ҳуқуқларини ҳимоя қилишга, ҳимояланган дунёда яшаш имкониятларига, бахтли болаликка эга бўлишларига ва ўз мамлакатининг тўла-тўкис ва хотиржам фуқароси бўлиб ўсишларига хизмат қилади. Зеро, эртанги кунимиз, келажагимиз уларники. Келажаги буюк юрт эса қудратли бўлади.

Байрамингиз муборак бўлсин азиз болажонлар!

Дилбар Мукумова
ЎзМТДП Самарқанд вилоят кенгаши
«Аёллар қаноти» етакчиси