Ўзбекистон давлат санъат музейи МДҲда энг яхши санъат музейи — Янгиликлар — Миллий тикланиш

Ўзбекистон Миллий тикланиш демократик партияси

Партия логотипи Партия логотипи

Ўзбекистон давлат санъат музейи МДҲда энг яхши санъат музейи

ТурСтат сайёҳлик портали МДҲ мамлакатларининг энг яхши санъат музейлари рейтингини тузди.

Рейтинг музейларга ташрифлар ва онлайн-саёҳатлар, виртуал турлар, кўргазмалар ва ижтимоий тармоқлардаги трансляциялар бўйича машҳур бўлганлар орасидан тузилган.

Унга асосан портал МДҲнинг энг яхши 10 та музейларини эълон қилди.

Улар орасидан Тошкент шаҳрида жойлашган Ўзбекистон давлат санъат музейи ҳам ўрин олди.

Бундан ташқари, Третяков галереяси ва Москвадаги Пушкин музейи, Санкт-Петербургдаги Россия музейи, Минскдаги Беларуссия миллий санъат музейи, Олма-Отадаги А. Кастеэв номидаги Қозоғистон Республикаси Давлат санъат музейи, Бокудаги Озарбайжон Миллий санъат музейи. Еревандаги Арманистон миллий галереяси, Кишинёвдаги Молдова миллий санъат музейи ва Бишкекдаги Гапар Айтиев номидаги Қирғизистон Миллий санъат музейлари мавжуд.

Рейтинг музейларнинг оммавийлиги ва виртуал экскурциялар, музей экспозицияларининг таклифларини таҳлил қилишга асосланган.

Шу ҳақда Ўзбекистон давлат санъат музейи директори, партия фаоли В. Файзиева билан суҳбатлашдик.

Васила Файзиева, Ўзбекистон давлат санъат музейи директори, «Миллий тикланиш» партияси Тошкент шаҳар кенгаши раисининг хотин-қизлар ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш масалалари бўйича ўринбосари:

Аввало бу ютуқ бугунги кунда муҳтарам Президентимиз томонидан музейларимизга ажратилинаётган катта эътибор учун берилган жавоб, деб ўйлайман. Албатта, юртимиздаги барча музейлар ўз йўналишларида нафақат МДҲ балки дунё миқёсида кучли 10 таликка киришга арзийдиган даргоҳлар. «Миллий тикланиш» демократик партияси дастурида кўзда тутилган моддий маданий меросимизни асраб авайлаш ва келажак авлодга бус-бутун ҳолатда етказиш борасида ҳам кўпгина ишлар амалга оширилмоқда. Бундай эътироф бу бизнинг янги Ўзбекистон тарихига зарҳал ҳарфлар билан битиладиган ажойиб эсдалик бўлди.

Ўзбекистон Давлат санъат музейи Марказий Осиё ҳудудидаги энг йирик музей ҳисобланади. У 1918 йилда 500 га яқин асарлардан иборат шахсий тўплам асосида ташкил этилган бўлиб, ўз ичига Ўзбекистон тасвирий ва халқ амалий санъати, Рус ва Ғарбий Европа санъати ҳамда Хорижий Шарқ мамлакатлари санъати намуналаридан иборатдир. Ҳозирда ноёб санъат дурдоналарининг сони 100 мингдан зиёдни ташкил этади. Музейдаги энг қадимий топилмалар антик даврга тааллуқлидир. Ўзбекистон халқ амалий санъати бўлимида моддий-маданий тарихини ифода этувчи археологик топилмалар, кулолчилик, ёғоч ўймакорлиги, ганчкорлик, ҳар хил газламалар, бадиий каштачилик, кандакорлик каби турли хил амалий санъат буюмлари сақланади.

Хорижий Шарқ мамлакатлари санъати бўлимида Хитой, Япония, Ҳиндистон, Эрон, Жанубий Корея ва Мянма (Бирма) халқлари тасвирий ҳамда амалий санъат асарлари билан танишиш мумкин.

Шундай синовли кунларда юртимизга тинчлик, халқимизга соғлик-саломатлик тилайман.

Дониёр Тошбоев,

ЎзМТДП Марказий кенгаши бўлим бошлиғи