Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси депутатлари ташаббуси билан таълим кредитлари ажратишни такомиллаштириш бўйича Парламент сўрови жўнатилди — Янгиликлар — Миллий тикланиш

Ўзбекистон Миллий тикланиш демократик партияси

Партия логотипи Партия логотипи

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси депутатлари ташаббуси билан таълим кредитлари ажратишни такомиллаштириш бўйича Парламент сўрови жўнатилди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2001 йил
26 июлдаги  “Олий ўқув юртларида тўлов-контракт асосида ўқиш учун таълим кредитлари бериш тўғрисида”ги Қарорига асосан Низом тасдиқланган эди. Унга кўра, талаба кредитлари Марказий банкининг амалдаги қайта молиялаш ставкасидан юқори бўлмаган ўзгарувчи фоиз ставкалари билан ажратилиши белгиланди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 12 декабрдаги
Фармонига мувофиқ, Вазирлар Маҳкамасининг ушбу низомга тегишли ўзгартиришлар киритилиб, унда тижорат банклари томонидан 2020 йил 1 январдан бошлаб талаба кредити фоиз харажатларининг бир қисмини «Ёшлар – келажагимиз» жамғармаси маблағлари ҳисобидан компенсация қилиш механизмидан фойдаланиш имконияти билан бозор фоиз ставкаларида ажратилиши белгиланган эди.Бироқ,талаба кредити фоиз харажатларининг бир қисмини «Ёшлар – келажагимиз» жамғармаси маблағлари ҳисобидан компенсация қилиш механизмининг ҳуқуқий асослари ҳанузгача ишлаб чиқилмаган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 30 июндаги “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини тубдан ислоҳ қилиш ва янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида 2021 йил 1 январдан «Ёшлар-келажагимиз» жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиялаштириш, ажратилган кредитлар бўйича фоиз харажатларини қоплаш учун компенсация ва субсидиялар бериш тартиби бекор қилиниши кўзда тутилган.Бу ҳолат келгусида “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида»ги Қонуннинг 23-моддасида белгиланган кафолат – таълим муассасаларида ўқиш учун имтиёзли кредитлар беришнинг амалда таъминланмаслигига олиб келиши мумкин.

Қайд этиш керакки, бугунги пандемия шароитида тўлов-контракт асосида олий таълим муассасасида ўқиётган 276 967 талабалар (жами талабаларнинг 76 фоизи)  ва жорий йилда 85 030 нафар талабанинг ўқишга қабул қилиниши (жами квотанинг 74,6 фоизи)тижорат банклари кредитларига бўлган талабнинг ортишига олиб келиши кутилмоқда.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси фракциялари аъзолари Жаҳонгир Абдурасулов ва Руслан Жумамуратовлар ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Бехзод Мусаевга «Ёшларнинг таълим олиши учун янада кенг имкониятлар яратиш мақсадида олий ўқув юртлари талабаларига таълим кредитларини  ажратишни такомиллаштириш тўғрисида» Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Парламент сўрови жўнатилди.

Жўнатилган парламент сўровида қуйидаги масалаларга эътибор қаратиш сўралди:

1. Тижорат банклари ажратаётган талаба кредити фоиз харажатларининг бир қисмини «Ёшлар – келажагимиз» жамғармаси маблағлари ҳисобидан компенсация қилишнинг механизмини ишлаб чиқиш юзасидан қилинаётган ишлар тўғрисида;

2.  «Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида» Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 23-моддасидаги ёшларга таълим муассасаларида ўқиш учун имтиёзли кредитлар берилиши кафолатини таъминлашборасида амалга оширилаётган ишлар;

3. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2001 йил
26 июлдаги 318-сонли Қарорига мувофиқ чин етимларга, «Меҳрибонлик уйлари»да тарбияланганларга ҳамда болаликдан I ва II гуруҳ ногиронларига  ва кам таъминланган оилалардан бўлган талабаларга кредит ажратиш ёки компенсация қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар.

Парламент сўровига 10 кун муддатда ёзма равишда жавоб тақдим этилиши лозим.   

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Ахборот хизмати