ЎзМТДП депутати ташаббуси билан 200 оила ичимлик суви билан таъминланди — Янгиликлар — Миллий тикланиш

Ўзбекистон Миллий тикланиш демократик партияси

Партия логотипи Партия логотипи

ЎзМТДП депутати ташаббуси билан 200 оила ичимлик суви билан таъминланди

Тоғли Бойсун туманида сув ресусрларининг манбаси етарлича бўлса-да, бироқ ундан табиатдаги ноқулайликлар сабабли тўлақонли фойдаланишда доим бир қатор муаммолар юзага келади. Шу сабабли туманда аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш аввалдан давлат аҳамиятидаги муаммо бўлиб келган.

Туманнинг “Ҳунармандлар“ маҳалласида ҳам ичимлик суви билан боғлиқ бир талай муаммолар мавжуд бўлиб, аҳоли масалани ҳал этиш юзасидан мутасадди ташкилотларга кўп марта мурожаат этишган. Бироқ муаммо кўпайса кўпайганки, камаймаган. Жорий йилда баҳор ойининг ёғингарчиликларга бой бўлгани натижасида маҳалланинг Хирмонжой участкасига келадиган мавжуд сув йўлида улкан узилиш ҳосил бўлган.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш“демократик партиясидан халқ депутатлари Бойсун туман Кенгаши депутати Абдулло Раҳимов томонидан ушбу вазият атрофлича ўрганилиб, масалани ҳал этиш борасида бир қатор ишлар амалга оширилди.

Халқ депутатлари туман Кенгашининг 6-сессиясида маҳалладаги ушбу муаммо депутат томонидан масала сифатида олиб чиқилди.

Муаммони узил-кесил ҳал этишга, халқнинг ичимлик сувига бўлган эҳтиёжи эрта ёки кейин эмас, бугун бўлиши керак эканини ҳис этган депутат ўз маблағларини йўналтирган ҳолда 325 диаметрли бўлган 100 метр сув қувури олиб берди.

Қувурлар маҳалла фуқаролари томонидан сув ўтказиб келинадиган жойларга ҳашар йўли билан олиб борилди. Бу ишларга ҳам А.Рахимовнинг ўзи бош-қош бўлди. Қўли гул усталар эса қувурларни бир-бирига пайвандлаш ишларини шаҳд билан олиб боришди.

Куни кеча беминнат олиб борилган саъй-ҳаракатлар натижасида маҳалланинг 200 та хонадонига эшик очиб – зилол сув кириб борди.
Сувни ҳовучига тўлдириб олган фуқаролар, қувонганидан кўзи ёшланиб, депутат ташаббусидан мамнун бўлдилар.

ЎзМТДП Сурхондарё вилоят кенгаши матбуот хизмати