ЎзМТДП Марказий кенгашида Туркийзабон давлатлар ҳамкорлиги кенгаши миссияси билан учрашув бўлиб ўтди — Янгиликлар — Миллий тикланиш

Ўзбекистон Миллий тикланиш демократик партияси

Партия логотипи Партия логотипи

ЎзМТДП Марказий кенгашида Туркийзабон давлатлар ҳамкорлиги кенгаши миссияси билан учрашув бўлиб ўтди

Бугун Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Марказий кенгашида Туркийзабон давлатлар ҳамкорлиги кенгаши (ТДҲК) миссияси раҳбари Омер Кожаман бошчилигидаги делегациянинг партия вакиллари билан учрашуви бўлиб ўтди.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси раиси Алишер Қодиров бу йилги сайловолди тарғибот-ташвиқот тадбирлари очиқ, демократик тамойиллар асосида ўтказилганини таъкидлаб, ЎзМТДП сиёсий жараёнларда “Инсонни ўзгартириш орқали жамиятни ўзгартирамиз”  шиори остида янгича ёндашув ва конструктив таклифларни илгари сурганини қайд этди.

— Партиямиз тарбияни ўзи учун энг долзарб вазифа сифатида танлаб олди. Зеро, инсон аҳлоқи, тарбиясига аввало оила — ота-она масъул. Бу жараён мактабгача таълим муассасалари ва мактабларда узлуксиз давом эттирилмоғи лозим, — деди партия етакчиси меҳмонларни партия фаолияти, дастурий мақсад ва вазифалари билан таништирар экан.

Учрашувда таъкидланганидек, “Янги Ўзбекистон — янги сайловлар”  шиори остида ўтказилаётган бу йилги сайловолди тадбирларида ЎзМТДП тарғибот-ташвиқот ишларини замонвий ахборот технологиялари имкониятларидан кенг фойдаланган ҳолда мутлақо янгича кўриниш, янгича ёндошувлар асосида ўтказди. Мамлакат бўйлаб 200 га яқин митинг ва дебатлар ташкил қилинди.

Туркийзабон давлатлар ҳамкорлиги кенгаши (ТДҲК) миссияси раҳбари Омер Кожаман Ўзбекистонда сайловга тайёргарлик жараёнини кузатишда қатнашаётганидан мамнуният изҳор қилиб, бўлажак сиёсий тадбир халқаро сайлов принциплари асосида ўтишига ишонч билдирди.

ЎзМТДП матбуот хизмати